Ўзбекистон Япониядан 200 млн доллар қарз олади

Жамият

image

Ўзбекистон Япониядан мева-сабзавотчилик тармоғида қўшилган қиймат занжири яратишни ривожлантириш лойиҳасини молиялаштириш учун 200 млн доллар қарз олади. Бу ҳақда Президент қарорида келтирилган.

Қайд этилишича, 2022 йил 29 августда Ўзбекистон ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ўртасида “Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшилган қиймат занжири яратишни ривожлантириш (2-босқич)” лойиҳасини молиялаштириш учун 200,0 млн АҚШ доллари, жумладан, кредит линияси учун 15 йил муддатга, 5 йиллик имтиёзли давр билан йиллик SOFR + 1,25 фоиз ставкада 194,240 млн доллар миқдоридаги қарз ажратилиши бўйича битим имзоланган.

Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 323,019 млн АҚШ долларига тенг. Шундан 200 млн долларини Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) қарзи, 58,272 млн долларини эса қўшилган қиймат солиғи ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар ташкил этади. Ўзбекистоннинг лойиҳани амалга оширишдаги улуши 64,747 млн АҚШ доллари бўлиб, лойиҳа иштирокчиларининг (кредит олувчиларнинг) ҳиссасига тўғри келади.

Лойиҳани амалга ошириш даври 6 йилни (2023 — 2028 йиллар) ташкил этади.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

•  лойиҳада иштирок этувчи молия ташкилотларига кредитлар ўзбек сўмида тақдим этилади;

•  АҚШ долларига нисбатан ўзбек сўмининг валюта курси тебранишлари туфайли юзага келадиган харажатлар (кейинги ўринларда — валюта хатари) Ўзбекистоннинг республика бюджети ҳисобидан қопланади;

•  лойиҳа доирасида лойиҳа ташаббускорларига миллий валютада ажратиладиган кредитлар лойиҳа ташаббускорларига Марказий банкнинг асосий ставкасида ажратилади;

•  кредит маблағлари лойиҳа ташаббускорларига маҳсулот етиштириш, сақлаш, қадоқлаш, қайта ишлаш, шок усулида музлатиш, логистика (жумладан, юк ташиш техникаларини харид қилиш) ва бошқа қувватларни яратиш, озиқ-овқат саноати лойиҳаларига, шунингдек, айланма маблағлар учун ажратилади.

Маълум қилинишича, лойиҳа Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилади.

Лойиҳа доирасида қарзнинг умумий миқдоридан 0,2 фоиз (400 минг АҚШ доллари) миқдоридаги бир марталик олдиндан тўлов Ўзбекистоннинг республика бюджети ҳисобидан тўланади, шундан 388,48 минг доллари лойиҳада иштирок этувчи молия ташкилотлари билан қайта кредитлаш тўғрисидаги битимлар имзолангандан сўнг улар томонидан қоплаб берилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг