Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо ҳажми 5 млрд долларга етказилади
Жамият
−
10 Апрель 2021
2300Жорий йилнинг 8 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Туркия Республикаси савдо вазири Рухсар Пекжан билан учрашди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Учрашув доирасида Туркия экспортчилари ассамблеяси, Туркия тадбиркорлар ва ҳунармандлар уюшмаси, Туркия пудратчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси раҳбарлари иштирокида кенгайтирилган таркибдаги икки томонлама музокаралар бўлиб ўтган.
Томонлар Ўзбекистон иқтисодиётига Туркия инвестициялари оқимининг жадал ўсиши билан тавсифланадиган инвестициявий ҳамкорлик соҳасидаги тенденцияларни муҳокама қилган. Шунингдек, Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган турк тадбиркорларига тизимли ёрдам кўрсатишга ўзаро содиқлигини таъкидлаган.
Учрашувда икки томонлама савдо муносабатларини ривожлантиришнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, жумладан, яқин келажакда ўзаро савдо ҳажмини 5 млрд долларга етказиш мақсадида савдо айланмасини ошириш бўйича навбатдаги қўшма чора-тадбирлар муҳокама қилинган.
Мулоқот чоғида Туркия томони Ўзбекистон томонидан халқаро иқтисодий маконга интеграциялашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолаб, музокаралар жараёнига жалб этилган ўзбек мутахассислари учун тренинглар ва маслаҳатлашувлар ташкил этиш орқали Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёнида ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирган.
Учрашув ва музокаралар якунида “Ўзстандарт” Агентлиги ҳузуридаги Аккредитация маркази ва Туркия Республикасининг Аккредитация агентлиги ўртасида “Ҳалол” стандартини жорий этиш борасида Ўзаро англашув меморандуми имзоланган.
LiveБарчаси