Ўзбекистон ва ШҲТ. Хитойга ташриф олдидан Мирзиёевнинг мақоласи эълон қилинди
Жамият
−
30 Август 4773 22 дақиқа
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 30 август – 3 сентябрь кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади. Ўзбекистон раҳбари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси ва “ШҲТ плюс” форматидаги саммитда иштирок этади. Хитойга ташриф арафасида “China Daily” нашрида Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон ва ШҲТ: глобал тинчлик ва фаровонлик йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги мақоласи эълон қилинди. Қуйида мақола матни билан танишинг:
Ўзбекистон бир қатор давлатлар билан биргаликда ўрни ва аҳамияти йил сайин тобора ортиб бораётган Шанхай ҳамкорлик ташкилотини шакллантириш ва мустаҳкамлаш жараёнларининг бошида турган эди. Ушбу ташкилотнинг фаолияти бугунги кунда нафақат унга аъзо бўлган давлатларнинг тараққиётига, балки ушбу минтақаларда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва фаровон ҳаётига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Бу ўринда ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик масалалари ҳақида сўз юритишдан олдин ўзининг руҳи, маданияти ҳаётбахш куч-ғайратига кўра, Ўзбекистонга ўта яқин бўлган мамлакат – Хитой Халқ Республикаси билан стратегик ҳамкорлигимиз ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман.
Кейинги йилларда ўзбек-хитой муносабатлари, сиёсий мулоқот ва хавфсизликдан токи ҳар томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва маданий-гуманитар алмашувларгача бўлган энг муҳим соҳаларни кенг қамраб олган ҳолда, барқарор ривожланиш суръатларини намоён этмоқда. Уларни изчил мустаҳкамлаб бориш Марказий Осиё ва ШҲТ маконида барқарорликни таъминлаш ва қатъий ўсишга кўмаклашади.
Икки давлат етакчилари ўртасидаги мунтазам сиёсий мулоқот икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг муҳим омилига айланди. Биз 2024 йил январь ойида Хитойга амалга оширган давлат ташрифимиз давомида ХХР Раиси Си Цзиньпин билан биргаликда ўзаро муносабатларимизни мисли кўрилмаган юқори босқичга – янги даврда барча шароитларда ҳар томонлама юқори стратегик шериклик даражасига олиб чиқдик, халқаро майдонда энг муҳим кооперация ва ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олдик.
Ўзаро муносабатларимиздаги илгари мисли кўрилмаган ривожланиш Ўзбекистоннинг қадрли дўсти, Раис Си Цзиньпиннинг кенг қамровли ўзбек-хитой ҳамкорлигини янада равнақ топтириш ва мустаҳкамлашга қаратаётган шахсий эътибори ва тинимсиз саъй-ҳаракатлари туфайли юзага келди. Ҳукуматлараро қўмита, Парламентлараро гуруҳ ва Ташқи ишлар вазирлари даражасидаги Стратегик мулоқот механизмлари туфайли барча келишувларимизни амалга ошириш таъминланмоқда.
Бир-бирини тўлиқ тушуниш ва туб манфаатларини ҳисобга олиш ўзаро сиёсий ишонч ва стратегик шерикликни мустаҳкамлашда қўл келмоқда. Ўзбекистон ягона Хитой тамойилини қатъий қўллаб-қувватламоқда. Биз Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш, “Марказий Осиёда шериклик руҳи”ни шакллантириш бўйича Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб келаётгани учун Хитой томонидан ғоят миннатдормиз.
Бизнинг мамлакатларимиз “учта ёвуз куч” – терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашда ҳам фаол ҳамкорлик қилмоқда.
Мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш 2017 йилдан буён уч карра ўсди ва 14 миллиард долларни ташкил этди. Яқин йилларда бу рақамни 20 миллиард долларга етказиш мўлжалланмоқда. Ана шу даврда мамлакатимизга 24,6 миллиард долларлик Хитой инвестициялари жалб этилди.
2024 йилда юртимизда ва Марказий Осиёда биринчи марта BYD электромобилларини ишлаб чиқариш бўйича корхона ишга туширилгани, шунингдек, Тошкентда ўзбекистонлик ўқувчилар логистикани бошқариш ва ахборот технологияларидан фойдаланиш бўйича замонавий кўникмаларини эгаллаётган “Лубан устахонаси” очилгани ХХР билан саноат кооперациясини ривожлантиришда янги даврни бошлаб берди.
Ўзбекистонда хитой тили ва маданиятини ўрганишга Тошкент ва Самарқанддаги Конфуций институти, хитой тилини биладиган хитойшунос ва мутахассисларнинг янги авлодини тарбиялаган ҳолда, катта ҳисса қўшмоқда.
Бу йил Ўзбекистон ва Хитой ўртасида визасиз режим жорий этилгани гуманитар ҳамкорликни янада чуқурлаштириш йўлидаги улкан қадам бўлди. Бу одамлар орасида янада фаол ва самарали мулоқотни, ишбилармонлар ҳамкорлиги ва туризм алмашувларини йўлга қўйиш учун шарт-шароит яратади.
Ҳеч шубҳасиз, ҳозирги замонавий босқичда ўзбек-хитой ҳамкорлиги минтақанинг барқарор ривожланиши ва ШҲТнинг ўзаро фойдали бўлган кўптомонлама ҳамкорлик платформаси сифатидаги позициясини мустаҳкамлашга кўмаклашадиган прагматик ва мутаносиб шерилик моделига айланиб бормоқда.
Шу нуқтаи назардан қараганда, халқаро аҳвол мураккаблашиб бораётган ҳозирги шароитда мамлакатларимиз ўртасидаги барқарор муносабатларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш алоҳида муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Жаҳондаги мавжуд тизим чуқур силкинишларни бошидан кечирмоқда. Халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёр ва принципларига асосланган илгариги тартибот барқарорлигига путур етмоқда.
Халқаро муносабатларда юз бераётган кенг миқёсдаги трансформация жараёнлари буюк давлатлар ўртасидаги геосиёсий рақобатнинг ўсиши ва қарама-қаршилик хавфининг ортиши, қарор топган кучлар нисбатининг бузилиши ҳамда жамоавий бошқариш механизмларининг сусайиши билан бирга кечмоқда.
Глобал хавфсизлик архитектураси, ишонч инқирозига дуч келган ҳолда кучайиб бораётган таҳдид ва хавф-хатарлар олдида тобора заиф бўлиб қолмоқда. Бу яқин истиқболда бартараф этиш қийин бўлган янада катта парчаланишларга олиб келади.
Мамлакатлар жаҳон иқтисодиётида протекционизмнинг ўсиши, анъанавий маҳсулот етказиб бериш занжирларининг узилиши ва ишлаб чиқариш қувватларининг қайта тақсимланишига тўқнаш келмоқда. Фавқулодда муҳим бўлган хомашё ресурслари ва технологиялардан фойдаланиш учун рақобат кучаймоқда, рақамли ва “яшил” трансформацияда етакчилик учун кураш кескинлашмоқда. Глобал иқтисодий ўсишнинг секинлашуви, инфляциянинг юқорилиги ва молия бозорларидаги беқарорлик, дунёдаги тараққиёт марказлари ўртасида тафовутни кучайтирган ҳолда, ривожланаётган иқтисодиётга эга бўлган мамлакатлар учун қўшимча хавф-хатарларни келтириб чиқармоқда.
Ана шу жараёнлар натижасида нафақат тийиб турадиган ва мувозанатни сақлайдиган тизим, савдо ва молия соҳалари, балки жаҳон миқёсидаги хавфсизликни таъминлаш, камбағалликка қарши кураш, иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ аксарият муаммоларни ҳал этиш ҳам қаттиқ босим остида қолди.
Марказий Осиё мамлакатларида кенг миқёсдаги ижтимоий-иқтисодий силкинишларнинг сабабчиси бўлиши мумкин бўлган иқлим ўзгаришлари оқибатлари, озиқ-овқат ва энергетика тизимидаги беқарорлик тобора қудратли таҳдидга айланмоқда.
Барча мамлакатлар учун бошқа умумий таҳдид – сунъий интеллектнинг ривожланишидир. Ўз-ўзидан равшанки, бу – тўхтатиб бўлмайдиган табиий жараён, лекин бизнинг вазифамиз – ундан ҳарбий мақсадларда фойдаланишга ва унинг глобал хавф-хатарга айланишига йўл қўймасликдан иборат.
Ҳеч қандай муболағасиз айтишим мумкинки, ана шундай шароитда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлатларни тенглик, манфаатларни ўзаро ҳисобга олиш ва ички ишларга аралашмаслик принциплари асосида бирлаштирадиган халқаро ҳамкорликнинг жозибали ва кенг миқёсда талаб этиладиган моделига айланиб бормоқда.
ШҲТ ташкил этилган даврдан бошлаб ўзаро ишонч, ўзаро фойда, турли цивилизацияларга ҳурмат ва биргаликдаги тараққиётга интилишга асосланган “Шанхай руҳи”ни қарор топтирди ва изчил олдинга силжитмоқда. Ташкилот, пул тикмасдан ўйнаш ва цивилизациялар тўқнашувига хос фикрлаш тарзини енгиб ўтиб, “эскирган совуқ уруш” концепциясидан тўлиқ воз кечди.
ШҲТ қўшилмаслик, қарама-қаршиликка бормаслик ва учинчи тарафга қарши ҳаракат қилмаслик ғояларини фаол илгари сурмоқда ва ҳаётга жорий этмоқда. Ушбу бирлашма катта-кичик давлатларнинг тўлақонли тенглиги, конструктив маслаҳатлашувлар орқали муросага эришиш, шунингдек, мулоқот ва ҳамкорлик йўли билан тинчликка кўмаклашиш тарафдори бўлиб майдонга чиқмоқда. Ташкилотимизнинг жозиба кучи ва қудрати айнан шунда мужассамдир.
Шанхай ташкилоти, ўзаро уйғунликда, биргаликда яшаш ва ўзаро фойдали ҳамкорлик ғояларининг яшашга қодир эканини намоён этган ҳолда, турли сиёсий тизимга, тарихий-маданий анъаналар ва иқтисодий ривожланиш даражасига эга бўлган давлатларни муваффақиятли равишда бирлаштириб келаётгани кўптомонлама ҳамкорлик имкониятлари ортиб бораётганининг далилидир.
Бугунги кунда ШҲТнинг “катта оиласи” 10 та аъзо давлатни, 2 та кузатувчи ва 14 та мулоқот бўйича шерик мамлакатни бирлаштиради, Осиё, Европа ва Африкадаги бепоён маконни қамраб олади. ШҲТга аъзо мамлакатларнинг умумий ҳудуди Евроосиё маконининг 60 фоиздан ҳам кўпини, аҳолиси эса сайёрамизнинг тахминан 42 фоиз аҳолисини ташкил этади. Ташкилотга аъзо давлатларнинг жаҳон ялпи ички маҳсулотидаги улуши қарийб 25 фоиздан иборатдир.
БМТ Хавфсизлик Кенгашининг иккита доимий аъзоси ва “Йигирматалик гуруҳи”га кирадиган 5 та мамлакат – Ҳиндистон, Хитой, Россия, Саудия Арабистони, шунингдек, БРИКС бирлашмасининг 5 та аъзоси – Ҳиндистон, Эрон, Хитой, БАА ва Россия ШҲТ “оиласи”да фаолият кўрсатмоқда.
Шу тариқа ШҲТнинг замонавий қиёфаси нафақат унинг Евроосиё маконидаги кенг географиясини, балки унга аъзо давлатларнинг кўпқутбли янги дунёни шакллантиришдаги роли тобора ортиб бораётган глобал жараёнлар билан ўзаро кучли боғлиқлигини ҳам кўзгудек акс эттиради.
Ташкилот фаолият кўрсатиб келаётган йиллар давомида хавфсизликдан бошлаб иқтисодиёт, маданият ва барқарор тараққиётгача бўлган кенг кўламдаги йўналишларни қамраб оладиган 60 дан ортиқ халқаро шартномалар ва 40 дан зиёд ишчи механизмларни ўзида мужассам этган мустаҳкам институционал асосга эга бўлгани – унинг ўсиб бораётган ҳамкорлик салоҳиятининг яна бир муҳим омилига айланди.
ШҲТ доимо ҳаракатда, унинг тадрижий ривожланиш салоҳияти битмас-туганмасдир. Концептуал дастур ва стратегиялар, шунингдек, ШҲТ доирасидаги тармоқлар бўйича ҳамкорликнинг янги механизм ва шакллари савдо-иқтисодий ва транспорт соҳаларидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, саноат кооперацияси ва технологик жиҳатдан бир-бирини тўлдириш, мамлакатларимизнинг “яшил” ва рақамли иқтисодиётга ўтиш жараёнларини тезлаштиришга катта ҳисса қўшмоқда.
Халқ дипломатияси, маданият, таълим ва туризм соҳаларидаги алмашувлар, халқлар ўртасида дўстлик ва яхши қўшничилик ғояларини фаол илгари суриш орқали “Шанхай руҳи”ни ифода этишга йўналтирилган ноёб гуманитар лойиҳалар туфайли Ташкилотимиз ич-ичидан янада жипс ва кучли бўлиб бормоқда.
ШҲТ ўзини халқаро ҳамкорликнинг фаол иштирокчиси ва кўптомонлама дипломатиянинг самарали платформаси сифатида намоён этди. Ташкилот БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари, шунингдек, бир қатор минтақавий ва халқаро тузилмалар, жумладан, МДҲ, BRICS, Евроосиё иқтисодий иттифоқи, ASEAN, ИҲТ, Осиёда ўзаро ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш, Араб давлатлари лигаси ва бошқа бирлашмалар билан алоқаларни фаол ривожлантирмоқда.
Буларнинг барчаси юқори даражадаги етукликдан ва кўптомонлама ҳамкорликнинг тизимли эканидан далолат беради. Фаол институционал ривожланиш, кўптармоқли ҳамкорликни илгари суриш ва халқаро алоқаларни кенгайтириш, глобал миқёсда тинчлик, барқарорлик ва тараққиёт ишига хизмат қиладиган ШҲТнинг масъулиятли, очиқ ва инклюзив механизм сифатидаги обрў-эътибори ва ролини мустаҳкамлашга кўмаклашмоқда.
ШҲТ мавжуд тузилмаларга қарши қаратилган таҳдид эмас, балки куч ўрнига мулоқотга асосланган янги, адолатли жаҳон тартиботи талабига жавобдир. Қарама-қаршилик ва мафкуравий тафовутлар кучайиб бораётган дунёда ШҲТ аниқ муқобил йўлни таклиф этмоқда. Бу – ўзаро ҳурмат, мулоқот ва биргаликда ривожланиш тамойилларидир.
ХХР Раиси Си Цзиньпин ҳаққоний равишда қайд этганидек, “тарих ғилдирагини ортга айлантириб бўлмайди, фақат олдинга қараб бориш муҳимдир. Бизга бўлинган эмас, ягона ва яхлит дунё зарур”.
Замонавий таҳдидларни ҳисобга олган ҳолда, ШҲТнинг қандайдир блокка айланиши ва бошқа халқаро тузилмаларга қарши бўлишига йўл қўймаслик ғоят муҳимдир. Бизнинг бош мақсадимиз – халқаро вазиятни кескинлаштириш эмас, балки тинчликка асосланган кун таритибини намоён этиш, умуминсоний муаммоларни ҳал этиш учун ШҲТ имкониятларидан фойдаланишдан иборат.
ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни босқичма-босқич ва кенг кўламли ривожлантириш тарафдори сифатида Ўзбекистон, Ташкилот тузилган ва ривожланган биринчи кунлардан бошлаб айнан ана шу қарашга амал қилиб келмоқда. Бизнинг мамлакатимиз 2001 йил июнь ойида “Шанхай бешлиги”га қўшилиб, ШҲТга асос солган 6 та давлатнинг бирига айланди ҳамда кейинчалик унинг Хартиясида ифода этилган ғоя ва принципларни ишлаб чиқишга катта ҳисса қўшди.
Бизнинг мамлакатимиз, ШҲТ доирасидаги ўзаро ҳамкорликнинг фаол иштирокчиси сифатида, Ташкилотга тўрт марта раислик қилди ва унинг ривожига муносиб ҳисса қўшди.
ШҲТнинг 2004 йилда бўлиб ўтган биринчи Тошкент саммити, аввало, Ўзбекистон пойтахтида Ташкилотнинг иккита доимий органларидан бири бўлган ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррорчилик тузилмаси (МАТТ) Ижроия қўмитасининг бош қароргоҳи очилиши билан эсда қолди.
Давлат бошлиқлари кенгашининг муҳим қарорларидан яна бири ШҲТ ҳузурида кузатувчи давлат мақомини бериш шартлари ва тартиби ҳақидаги қарорнинг қабул қилиниши бўлди. ШҲТга айни шу мақомда қўшилган биринчи мамлакат Мўғулистондир. Мамлакатларимизнинг Шанхай ташкилотининг очиқлик хусусиятини амалда таъминлаш борасидаги қатъияти шунда намоён бўлди.
Тошкентда 2010 йилда ўтказилган иккинчи саммитнинг аҳамияти янги аъзоларни қабул қилиш тартиби ва ШҲТ фаолиятининг ташкилий асосларини белгилаб берган ҳужжатларнинг қабул қилиниши орқали таъкидланди.
2016 йилда Тошкентда бўлиб ўтган давлат бошлиқларининг учинчи йиғилишида Ташкилотни кенгайтиришнинг биринчи босқичи ҳақида муҳим қарор қабул қилинди: унинг сафига Ҳиндистон ва Покистон тенг ҳуқуқли иштирокчи давлат сифатида қабул қилинди.
Ўзбекистон 2017 йилдан бошлаб, ШҲТга аъзо мамлакатларнинг амалий ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича таклифларни илгари сурган ҳолда, Ташкилот ишидаги фаолиятини сезиларли равишда фаоллаштирди. Бизнинг мамлакатимиз томонидан таклиф этилган, умуман олганда, 105 та ташаббусдан
80 дан зиёди ҳозирги вақтгача муваффақиятли амалга оширилди, улар сиёсий, иқтисодий, инновацион ва гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган.
Ҳеч шубҳасиз, 2022 йилда, пандемиядан сўнг биринчи марта ўтказилган Самарқанд саммити халқаро дипломатия оламидаги йирик воқеа бўлди ва ШҲТ фаолиятида янги даврни бошлаб берди, унинг якунларига кўра, 40 дан зиёд муҳим аҳамиятга молик қарорлар, келишувлар, дастурлар ва концептуал ҳужжатлар қабул қилинди. Уларнинг орасида давлат бошлиқларининг Ташкилотни кенгайтиришнинг иккинчи босқичи – Эронга аъзо давлат мақомини бериш, шунингдек, Беларусни ШҲТга қабул қилиш тартиб-таомилини бошлаш тўғрисидаги принципиал қарорлари алоҳида эътиборни тортди.
Ўзбекистоннинг энг асосий устувор йўналишлардан бири –ШҲТнинг ўзак-негизи сифатида Марказий Осиёнинг ролини мустаҳкамлашдан иборат. Кенгайиш жараёнлари натижасида Ташкилотга Жанубий Осиё ва Ўрта Шарқ мамлакатлари қўшилди ва бизнинг минтақамиз бепоён Евроосиё маконида жойлашган ШҲТ давлатлари ўртасида табиий равишда боғловчи бўғинга айланди.
Марказий Осиёда минтақавий кооперацияни ривожлантириш ШҲТга аъзо мамлакатларнинг ўзаро ҳамкорлигини фаоллаштириш, хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва тараққиётини таъминлашга кўмаклашади. 2017 йилда Ўзбекистоннинг ташаббуси билан минтақа мамлакатларини жипслаштирган ва ҳамкорликни чуқурлаштириш учун шарт-шароитлар яратиб берган минтақавий бирлашиш бўйича Марказий Осиё жараёни ҳаракатга келтирилди.
Кўплаб долзарб муаммоларни ҳал этишни таъминлаган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг сиёсий иродаси ҳамда турли қўшма лойиҳаларнинг ишга туширилиши туфайли тинч, барқарор ва умумий мақсадлар атрофида бирлашган Марказий Осиёни барпо этишга эришилди.
Бу йил Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари бошлиқларининг мунтазам учрашувлари механизмида раислик қилмоқда. Ушбу йилнинг куз фаслида бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё бешлиги” саммити Янги Марказий Осиёни шакллантириш жараёнида туб бурилиш ясаши кутилмоқда. Бу анжуман иккитомонлама халқаро масалаларни ҳал этиш босқичидан эндиликда барча мамлакатлар учун устувор бўлган умумминтақавий вазифалар – минтақавий ўзаро боғлиқликни кучайтириш, иқлим ўзгаришлари оқибатларини бартараф этиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, минтақада хавфсизликни мустаҳкамлаш, энергетика соҳасини ривожлантириш, рақамли ва “яшил” трансформацияни амалга ошириш масалаларини ҳал этиш бўйича сифат жиҳатидан янги босқичга ўтишни бошлаб беради.
Халқаро ҳамкорлик учун янада ўзаро боғлиқ ва очиқ бўлгани натижасида минтақа ШҲТга аъзо мамлакатлар ўртасидаги кўптомонлама кооперациянинг фаол иштирокчисига айланмоқда. ШҲТ маконида барқарорликни ва Ташкилотимизнинг келгусидаги ютуқларини таъминлашнинг фавқулодда муҳим омилига айланган ҳолда, Марказий Осиёдаги тарихий ўзгаришлар ортга қайтмайдиган, барқарор ва муқаррар тус олди, деб ишонч билан айтиш мумкин.
Хитой, Шанхай ташкилотининг таъсисчиларидан бири ва унинг энг асосий иштирокчиси сифатида, қарийб чорак аср давомида ШҲТ доирасидаги ривожланиш ва кўптомонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшиб келмоқда, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.
Хитой томони Ташкилотнинг институционал ва шартномавий-ҳуқуқий ривожида ҳал қилувчи роль ўйнади. Пекинда таъсис этилган, доимий фаолият кўрсатадиган орган – ШҲТ Котибияти ҳамкорликни ривожлантириш ва давлат бошлиқлари томонидан қабул қилинган қарор ва келишувларни амалга оширишга муҳим ҳисса қўшмоқда.
Хитой раҳбариятининг изчил ва узоқни кўзлаб олиб борган сиёсати, аввало, ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг ташаббуслари Ташкилот доирасида замонавий ҳамкорлик архитектурасини муваффақиятли шакллантиришга кўмаклашди.
Хитой терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши кураш, ШҲТнинг Тошкентдаги Минтақавий аксилтеррорчилик тузилмаси салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаол қўллаб-қувватламоқда.
Геосиёсий беқарорлик ортиб бораётган шароитда Хитой Хавфсизлик соҳасидаги глобал ташаббуслар доирасида хавфсизликнинг бўлинмаслиги, глобал таҳдидларга тенг ҳуқуқлилик асосида ёндашиш ҳамда ШҲТга аъзо мамлакатлар ўртасида саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш муҳимлиги ҳақидаги ғояларни илгари сурмоқда. Ушбу принциплар инқирозлар, киберхавф-хатарлар ҳамда трансмиллий жиноятчиликка қарши биргаликда кураш олиб бориш механизмларини янада ривожлантириш учун йўналиш ҳисобланади.
Биз Хитойнинг Афғонистон умумий минтақавий хавфсизликнинг ажралмас қисми ва катта ШҲТ оиласининг муҳим аъзоси экани ҳақидаги фикрини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Хитой томони Афғонистонга қўшни мамлакатлар ва афғон муаммосини ҳал этиш бўйича бошқа платформаларнинг ўзаро ҳамкорлик механизмларини фаоллаштиришга, инсонпарварлик ёрдамини кучайтиришга, ушбу давлатни иқтисодий жиҳатдан тиклашга кўмаклашишга чақиради.
Шу муносабат билан ШҲТда кузатувчи давлат бўлган Афғонистонни минтақавий савдо-иқтисодий алоқалар ҳамда минтақалараро ўзаро боғлиқликни ривожлантириш бўйича ҳамкорликка жалб этишнинг принципиал жиҳатдан аҳамиятини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.
Ушбу мамлакат бир неча ўн йиллар давомида беқарорлик ва минтақавий хавфсизликка нисбатан хавф-хатар ўчоғи бўлиб келди, лекин бугунги кунда у минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш учун имкониятлар манбаига айланмоқда. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Хитой томонининг ШҲТ – Афғонистон Мулоқот гуруҳи ишини тиклаш ҳақидаги қарорини тўлиқ қўллаб-қувватлайди, бу хавфсизликка нисбатан хавф-хатарларга қарши курашиш ҳамда ушбу мамлакатнинг улкан ресурс ва транзит салоҳиятини амалга ошириш бўйича масалаларни биргаликда ҳал этиш имконини беради.
Тараққиёт бўйича глобал ташаббусни илгари суриб, Хитой 2030 йилгача бўлган барқарор ривожланиш соҳасидаги Кун тартибини амалга оширишга катта ҳисса қўшмоқда, инфратузилмалар борасидаги ўзаро боғлиқликни яхшилаш, “яшил” ва рақамли трансформация, кооперацияни чуқурлаштиришга кўмаклашмоқда.
Кенг кўламдаги гуманитар ҳамкорлик ШҲТ доирасидаги ҳамкорликнинг тобора муҳим устувор йўналишига айланиб бормоқда. Хитой, ғоят бой маданий меросга ва неча минг йиллик тарихга эга бўлган ҳолда, Цивилизациялар бўйича глобал ташаббусни муваффақиятли равишда илгари сурмоқда, бу мамлакатларимиз халқларини маданий-гуманитар жиҳатдан яқинлаштиришга кўмаклашмоқда.
ШҲТнинг барқарор ривожланиш йили, деб эълон қилинган 2024-2025 йилларда Хитойнинг Шанхай ташкилотига раислик қилиши мамлакатларимиз иқтисодий ўсишининг янги драйверлари, жумладан, “яшил” ва рақамли трансформацияни шакллантиришга катта ҳисса бўлиб қўшилди.
Хитой томони Марказий Осиёнинг ШҲТнинг ўзак-негизи сифатидаги ролини қатъий қўллаб-қувватлаб келмоқда, минтақа мамлакатлари билан ҳам иккитомонлама асосда, ҳам Шанхай ташкилоти доирасида ишончли, тенг ҳуқуқли ва ўзаро фойдали муносабатларни йўлга қўйишга қаратилган сиёсатни олиб бормоқда.
Минтақа мамлакатларида амалга оширилаётган модернизация стратегияларининг Хитой томонидан қўллаб-қувватланаётгани, айниқса, муҳимдир. Шу ўринда Раис Си Цзиньпиннинг Сианда бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Хитой” форматидаги саммитда сўзлаган нутқида билдирган фикрларини эслатиб ўтмоқчиман. У: “Барқарор, тараққий этган, уйғун ривожланган ва ўзаро боғлиқ Марказий Осиё дунё учун ўта зарурдир”, – деб таъкидлади. Ушбу форматнинг Остонада бўлиб ўтган иккинчи саммитида Хитой етакчиси “Хитой – Марказий Осиё руҳи”ни ишлаб чиқиш ва шакллантиришга чақирди, ишончимиз комилки, бу “Шанхай руҳи”га тўлақонли равишда мос келади ва ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга кўмаклашади.
Ушбу нашрнинг кўплаб ўқувчилари шундай савол беришлари мумкин, деб ўйлайман – бизнинг мамлакатимиз Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолиятида иштирок этар экан, Ўзбекистоннинг бу борадаги манфаатлари нималардан иборат ва биз бундан олишимиз мумкин бўлган асосий фойда ва амалий наф нималарда кўринади?
Аввало, бизнинг мамлакатимиз ШҲТ орқали дунёдаги бешта биринчи иқтисодиёт таркибига кирадиган Хитой ва Ҳиндистон каби аъзо давлатларнинг йирик бозорларига кириб боради. Ўзбекистоннинг учта энг йирик савдо шериги бу – Хитой, Россия ва Қозоғистондир.
ШҲТга аъзо давлатлар транспорт-логистика соҳасида ҳамкорлик бўйича мамлакатимизнинг асосий шериклари ҳамдир. Ташкилотдаги шерикларимиз билан ҳамкорликда инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш транзит салоҳиятини ва реал иқтисодиётга инвестициялар ҳажмини кенгайтиришга кўмаклашади.
Бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудида ШҲТ мамлакатлари капитали иштирокидаги 7,5 мингдан зиёд компания фаолият кўрсатмоқда, бу – мамлакатимиздаги барча хорижий корхоналарнинг ярмидан кўпини ташкил этади.
Шу тариқа ШҲТ – Ўзбекистон учун нафақат ташқи сиёсий майдон, балки миллий манфаатларни амалга ошириш инструментидир. Бизнинг ташкилот фаолиятидаги иштирокимиз – тасодифий танлов эмас, бу – стратегик жиҳатдан пухта ўйланган, мамлакатимизнинг хавфсизлигини, иқтисодий ўсиши ва барқарор тараққиётини таъминлайдиган қарордир.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Шанхай ташкилотининг келажагини иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлаш, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, “яшил” ташаббусларни илгари суриш, рақамли трансформация, шунингдек, гуманитар ва ижтимоий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган кўпқиррали ва самарали платформа сифатида кўради.
Хавфсизликни таъминлаш ШҲТнинг ҳал қилувчи устувор йўналиши бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон Хавфсизлик кенгашлари котиблари учрашувлари механизми доирасида ҳамкорликни кенгайтириш учун фаол ҳаракат қилмоқда, бу – ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, ёшлар ўртасида радикаллашувнинг олдини олиш бўйича тажриба алмашиш, кибер хавф-хатарларга қарши курашиш ва наркотрафик тармоқларининг йўлини кесишга тааллуқлидир. Замонавий технологиялардан фойдаланиш, маълумотлар алмашиш ва хавфсизлик соҳасида мутахассисларни биргаликда тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Биз савдо-иқтисодий соҳада ШҲТнинг савдо ва инвестиция салоҳиятини ҳар томонлама юзага чиқариш учун интилмоқдамиз. Савдо-сотиқ йўлидаги тўсиқларни соддалаштириш, божхона тартиб-таомилларини бекор қилиш ва унификация этиш, ШҲТнинг “Бир макон – бир йўл” ташаббусида мужассам бўлган мақсадлар билан ўзаро боғлиқлик ва уйғунликни мустаҳкамлайдиган ШҲТ лойиҳаларига бизнес вакилларини фаол жалб этишни ушбу ишнинг энг муҳим йўналиши, деб ҳисоблаймиз.
Ўзбекистон кичик ва ўрта бизнесни, инновацион тармоқларни ривожлантириш ва замонавий “яшил” ва рақамли технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш учун ҳаракат қилмоқда. Электрон тижоратни ривожлантириш ва “ақлли” логистика тизимларини яратишга доир қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича муҳим қадамлар ташланмоқда, бу, ўз навбатида, барқарор иқтисодий ўсишга кўмаклашмоқда.
Ўзбекистон томони ШҲТ доирасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган ўзаро молиявий ҳамкорликнинг таъсирчан кўп томонлама механизмини яратиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлайди.
ШҲТнинг Тараққиёт банкини ташкил этиш бу йўлдаги эзгу бир қадам бўлган бўлур эди, у қўшма инфратузилма ва технологик лойиҳаларни амалга ошириш, молиялаштиришдан фойдаланиш имкониятини юксалтириш ҳамда аъзо мамлакатлар минтақаларига инвестициялар оқимини рағбатлантириш учун платформа вазифасини бажариши мумкин.
Транспорт-логистика тизимининг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш амалий ҳамкорликнинг ўта муҳим йўналишидир. ШҲТ мамлакатлари учун бу нафақат минтақавий ривожланиш масаласи, балки Евроосиё маконида рақобатдошлик ва интеграцияни кучайтиришнинг стратегик имконияти ҳамдир.
Шу маънода, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темирйўл магистралининг барпо этилиши Хитой – Марказий Осиё – Ғарбий Осиё иқтисодий коридорини ривожлантиришга янги туртки беради, Марказий ва Шарқий Осиё мамлакатлари ўртасида юк ташиш маршрутларини анча қисқартириш имкониятини яратади. Лойиҳанинг амалга оширилиши аъзо давлатлар ва ШҲТ шерикларининг транзит салоҳиятини бир неча бор оширишни таъминлайди, Ташкилотнинг бутун макони бўйлаб ўзаро транспорт боғлиқлигини тубдан яхшилашга имкон беради.
ШҲТ мамлакатлари транспорт стратегияларини “Бир макон – бир йўл” ташаббуси ва бошқа минтақалараро лойиҳалар билан интеграциялаштириш ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга кўмаклашади. Бу уйғунлаштирилган логистика тизимини яратиш, юкларни ташиш самарадорлигини ошириш, ШҲТнинг Евроосиёдаги йирик транспорт-логистика маркази сифатидаги ролини кучайтириш имконини вужудга келтиради.
Рақамлаштириш ШҲТ маконида иқтисодий ўсиш ва интеграциянинг истиқболли драйверига айланмоқда. Ягона рақамли макон яратиш, энг яхши амалиётлар билан алмашиш ва рақамли иқтисодиёт, булутли ҳисоблашлар, катта маълумотлар ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқаштиришга алоҳида эътибор қаратиш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ замонавий таҳдидлар ШҲТга аъзо давлатлар фаолиятини янада яқин мувофиқлаштириш ва амалий ҳамкорликни талаб этмоқда. Ўзбекистон иқлим ўзгаришларига мослашиш, иқтисодиётни корбонлашувдан холи этиш, “тоза” технологияларни жорий қилиш, “ақлли” қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш каби стратегик йўналишларда шерикликни кенгайтириш учун изчил ҳаракат қилмоқда.
Орол денгизининг қуриган тубини яшил ҳудудларга айлантириш, “яшил белбоғ” ва жамоат экобоғларини яратиш бўйича ишлар алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, нафақат экологик вазиятни яхшилашга кўмаклашади, балки бутун минтақа манфаатларига хизмат қилади.
Аграр соҳада қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда озиқ-овқатни сақлаш ва ташиш бўйича инфратузилмаларни ривожлантириш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш – Ўзбекистоннинг ШҲТ мамлакатлари билан ҳамкорлигининг долзарб йўналишларидан биридир.
Ўзбекистон ШҲТ доирасида маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга катта аҳамият бермоқда. Қўшма таълим дастурлари, илм-фан соҳасида академик алмашувлар ва лойиҳаларга, шунингдек, нафақат миллий анъаналарни оммалаштирадиган, балки ўзаро ишонч ва ҳурмат муҳитини яратадиган маданий ва спорт тадбирларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ҳам муҳим йўналишдир. ШҲТга аъзо мамлакатлар сифатли ва арзон минтақавий сайёҳлик маҳсулотлари тақчиллигига дуч келишмоқда, бу эса тармоқ ривожини орқага тортмоқда. Ўзбекистон ШҲТ мамлакатлари ва шерикларининг етакчи туроператорлари ва авиакомпаниялари ўртасида ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш учун ҳаракат қилмоқда.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ҳафтада 46 та йўловчи авиақатновлари мунтазам амалга оширилмоқда. Йил охирига қадар уларнинг сонини 60 тага етказиш режалаштирилмоқда.
Ўзбекистон Барқарор ривожланиш мақсадларига, жумладан, ШҲТ механизмларидан фойдаланган ҳолда эришиш масалаларида минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш учун изчил ҳаракат қилишда давом этмоқда. ШҲТ доирасида тажриба алмашиш ва саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун умумий платформани шакллантириш муҳимдир. Биргаликдаги бундай иш камбағалликни тугатиш, инклюзив ва “яшил” ўсиш, умуман олганда, барқарор тараққиёт борасида аъзо давлатларга янги шиддатли туртки бериши муқаррар.
Ниҳоят, иштирокчилар сони ортиб, ШҲТ функциялари кенгайиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда, Ташкилотнинг таркибий тузилмаси ва механизмларини такомиллаштириш унинг самарадорлигини оширишнинг зарур шартига айланмоқда. Барча мамлакатларнинг манфаатлари ва замонавий таҳдидларни инобатга олиб, Ўзбекистон мувофиқлаштириш механизмларини ислоҳ этиш ва узоқ муддатли стратегияни ишлаб чиқиш тарафдори бўлиб майдонга чиқмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон, ШҲТ доирасида фаол ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаб, прагматизм, миллий ўзига хос хусусиятларга ҳурмат ва барқарор тараққиётга интилиш асосида минтақавий ҳамкорликнинг янги стандартини қўллаб-қувватламоқда. Бизнинг мамлакатимиз ва минтақамиз тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ҳатто кучайиб бораётган мавҳумлик шароитида ҳам ҳамкорлик ва гуманитар алмашувнинг самарали механизмларини шакллантириш имконияти мавжуд.
Хитой ва бошқа шерикларимиз билан биргаликдаги ташаббусларни амалга ошириш Ўзбекистонга ШҲТни Евроосиё маконидаги мустақил жозиба марказига айлантириш учун муносиб ҳисса қўшиш имконини бермоқда. Очиқлик, инновация ва кўпбосқичли ҳамкорликка умид боғлаш даврнинг долзарб талабларига жавоб беради ва барча аъзо давлатлар учун янги имкониятларни шакллантиради.
Ўзбекистоннинг стратегик танлови айнан шундан – минтақавий жараёнларнинг шунчаки бир қисми эмас, балки ўзаро ишонч ва фойда тамойили бутун бепоён минтақанинг тараққиёт суръатларини белгилаб берадиган умумий келажагимизнинг фаол бунёдкори бўлишдан иборат.
Биз Хитойнинг жадал ривожланган мегаполисларидан бири – гўзал ва мафтункор Тяньцзин шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитини интиқлик билан кутмоқдамиз. Ишончим комил, ушбу сиёсий анжуман иши муваффақиятли тарзда ўтади ва унда барча аъзо давлатлар учун муҳим натижаларга эришилади.
Фурсатдан фойдаланиб, буюк Хитойнинг дўст халқига чин дилдан тинчлик, равнақ ва фаровонлик тилайман.
Live
Барчаси