Ўзбекистон Уммон билан стратегик шерик бўлди

Ўзбекистон

−

image

Бугун, 17 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Уммон султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид Масқат шаҳридаги “Ал-Аълам” саройида тор доирада учрашув ҳамда расмий делегациялар аъзолари иштирокида музокара ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, суҳбат аввалида давлат раҳбари самимий қабул ва кўрсатилаётган юксак эътибор учун султонга миннатдорлик билдириб, Уммон етакчиси ва дўст халқини яқинлашиб келаётган байрам – Уммон миллий куни билан чин дилдан қутлаган.

Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва кўп қиррали алоқаларни янада ривожлантириш ҳамда ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинган.

Сиёсий мулоқот ва идоралараро алмашинувлар фаоллашгани, товар айирбошлаш ҳамда инвестициялар ҳажми барқарор ортиб бораётгани мамнуният билан қайд этилган.

Олий даражадаги ташриф арафасида Масқатда Ҳукуматлараро комиссиянинг олтинчи йиғилиши, қатор ишбилармонлик ва маданий тадбирлар ташкил этилган.

Жорий йил июль ойидан икки давлат пойтахтлари ўртасида тўғридан тўғри авиапарвозлар йўлга қўйилгани юқори баҳоланган.

Амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида савдо, инвестиция, транспорт ва логистика, энергетика ҳамда электротехника, кимё ва тоғ-кон саноати, шаҳарсозлик ва туризм, қишлоқ хўжалиги, космик тадқиқотлар ҳамда рақамлаштириш соҳалари кўрсатиб ўтилган.

Қўшма лойиҳаларни илгари суриш мақсадида Ўзбекистон – Уммон инвестиция компаниясининг устав капиталини икки баробарга ошириб, 500 миллион долларга етказишга алоҳида эътибор қаратилган.

Уммон маблағлари иштирокида тузилган Марказий Осиё ва Кавказ инвестиция жамғармаси фаолиятини тез фурсатларда йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилган.

Маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш учун маданият ва санъат ҳафталикларини ўтказиш, ёшлар форумини ташкил этиш, ноёб қўлёзмаларни рақамлаштириш ва биргаликда тадқиқ қилиш, қадимий шаҳарлар ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланган.

Мулоқот чоғида халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Қўшилмаслик ҳаракати, “Кўрфаз араб давлатлари – Марказий Осиё” формати ва бошқа нуфузли тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги билдирилган.

Икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Уммон ўртасидаги анъанавий дўстлик ва ўзаро ишончга асосланган муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтариш бўйича тарихий қарор қабул қилган.

Олий даражадаги келишувлар ижросини таъминлаш учун “йўл харитаси”ни қабул қилиш ҳамда Мувофиқлаштирувчи кенгаш механизмини йўлга қўйишга келишиб олинган.

Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев Уммон султонини Ўзбекистонга давлат ташриф билан келишга таклиф этган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг сентябрь ойида Белград шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Сербия Республикаси собиқ президенти Александр Вучич Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида қўшма декларацияни имзолаган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг