Ўзбекистон уламолари Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик мактуби йўллади
Жамият
−
24 Февраль 6091 3 дақиқа
Ўзбекистон уламолари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Рамазон ойи арафасида “Вақф” хайрия жамоат фондига 750 миллиард сўм ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали 300 миллиард сўм маблағ ажратилиши муносабати билан миннатдорлик билдириб мактуб йўллади. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси хабар берди.
“Муҳтарам Президент! Сиз Жаноби Олийларини ва Сиз орқали бутун халқимизни муқаддас Рамазон ойи кириб келгани муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши аъзолари ва таниқли уламолар номидан самимий муборакбод этамиз. Ватан равнақи, халқимиз фаровонлиги ва юрт ободлиги йўлида туну кун қилаётган фидокорона меҳнатларингизга Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин, улкан зафарлар ато этсин!” дейилади мактубда.
Шунингдек, унда Президент бугун мамлакатда кечаётган ислоҳотлар жараёнида диний-маърифий соҳага, миллий қадриятларни тиклашга қаратаётган алоҳида эътибори ўзбекистонликлар қалбида шукроналик туйғусини мустаҳкамлаётгани қайд этилган.
“Тажриба ва кузатишларимиздан маълумки, дунёнинг камдан-кам мамлакатларида Рамазон ойини муносиб ўтказиш бўйича давлат раҳбари даражасида алоҳида қарор қабул қилинади. Сизнинг ташаббусингиз билан қабул қилинаётган бундай ҳужжатлар мазкур ойни юксак инсоний фазилатлар, саховат ва меҳр-мурувват айёмига айлантирмоқда”, дейилади мактубда.
Шунингдек, уламолар Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 16 февраль куни Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишдаги тарихий қарорларини алоҳида эътироф этган.
“Рамазон ойи арафасида “Вақф” хайрия жамоат фондига 750 миллиард сўм ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали 300 миллиард сўм маблағ ажратилиши – давлатчилигимиз тарихида мисли кўрилмаган мурувват намунаси бўлди.
Сизнинг ушбу тарихий қарорингиз замирида буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорий ривоят қилган: “Амаллар ниятларга қараб эътиборлидир”, деган муборак ҳадиси шарифдаги холис ва соф ниятларнинг улуғ ҳикмати мужассамдир”, дейди уламолар.
Билдирилишича, халқ манфаати йўлидаги бу ғамхўрлик туфайли минглаб оилаларнинг мушкули осон бўлиб, миллионлаб диллар қувончга тўлиши, қанча ногиронлиги, касаллиги бор кишиларнинг даволаниш ва жарроҳлик амалиёти харажати қоплаб берилиши, шубҳасиз, мамлакатга файзу барака олиб келади.
“Сиз Жаноби Олийлари ташаббускори бўлаётган бундай хайрли амаллар халқаро ҳамжамият ва дунё уламолари томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда. Муборак ҳадиси шарифларда келтирилишича, “Аллоҳ таоло учун энг мақбул амал – мўминнинг қалбига қувонч киритишдир”. Уламолар Аллоҳнинг назарида бўлган инсонлар қалбига фараҳ бағишлашни Яратганни рози қилиш билан қиёслаганлар ҳамда синиқ кўнгилларни кўтариш, маҳзун дилларга умид бериш ва инсонларнинг оғирини енгил қилиш илоҳий муҳаббатга сабаб бўлишини алоҳида таъкидлаганлар”, дейилади мактубда.
Уламолар, шунингдек, Ўзбекистонда 2000 дан зиёд масжидларда Хатми Қуръонларнинг тизимли ташкил этилиши, диний-маърифий соҳадаги кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ва Ислом цивилизацияси марказининг барпо этилиши Президентнинг ислом маърифатига қўшаётган бебаҳо ҳиссаси эканини қайд этган.
“Муҳтарам Президент! Сиздек адолатли, халқпарвар ва юксак эътиқодли юртбошини Аллоҳнинг Ўзи етказган. Сизни муборак ой билан яна бир бор қутлаб, сизга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт ва масъулиятли фаолиятингизда муваффақиятлар тилаймиз. Хонадонингиздан тинчлик-осойишталик, файзу барака аримасин.
Аллоҳ таоло сиздек ватанпарвар, эл-юрт дарди билан яшайдиган фарзандни тарбия қилган марҳум Миромон Ота ва Маърифатхон Оналаримизнинг охиратларини обод, қабрларини нурга тўлдирсин.
Сизнинг раҳнамолигингизда амалга оширилаётган ҳар бир хайрли ва савобли амалларнинг ажру мукофотини уларнинг пок руҳларига еткaзсин. Аллоҳ таоло уларни Ўз раҳматига олсин, жаннатларини маскан қилсин, Сизга эса уларнинг дуолари соясида янада улкан хизматлар қилишни насиб этсин.
Яратган ушбу муборак кунларда жонажон Ўзбекистонимизни ўз паноҳида асрасин, эзгу ниятларимиз ижобатини берсин”, дейилади мактубда.
Live
Барчаси