Ўзбекистон “Толибон”га афғон самолётларини қайтармайди – Президент вакили
Жамият
−
30 Апрель 2022
23219Ўзбекистон Афғонистоннинг аввалги ҳукумати қулаши арафасида афғон учувчилари қочаётганда мамлакатга олиб ўтган самолёт ва вертолётларни “Толибон” тузган ҳукуматга қайтармоқчи эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашев “Amerika ovozi”га берган интервьюсида айтиб ўтди.
“АҚШ ҳукумати улар учун тўлаган. У аввалги афғон ҳукуматини молиялаштирган. Шунинг учун уларни нима қилиш мутлақо Вашингтонга боғлиқ”, деган Афғонистон масаласи бўйича бош дипломат.
Унинг сўзларига кўра, расмий Тошкент АҚШ билан келишув асосида учоқларни сақлаб қолган ва толибларни огоҳлантирган.
Қайд этиш керакки, учувчиларнинг самолётлар билан қочиб кетиши, “Толибон”нинг Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаш жараёнидаги энг катта муваффақиятсизлиги бўлган.
Ўшандан бери бу масала кам гапирилди, бу қисман Ўзбекистон-Афғонистон муносабатларидаги нозиклик ва расмийларнинг ҳар тарафлама уни муҳокама қилишни истамаслиги туфайли бўлди.
АҚШ Мудофаа вазирлиги вакили нашрга на Ўзбекистон, на Тожикистон самолётларни толибларга топширмаслигини билдирган.
“Самолёт ҳанузгача Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари билан минтақавий хавфсизлик бўйича музокаралар мавзуси бўлиб қолмоқда”, деган АҚШ Мудофаа вазирлиги вакили армия майори Роб Лодевик самолёт ва вертолётлар тақдири ҳақидаги саволга жавобан.
Унинг сўзларига кўра, 2021 йил 21 август ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 46 та, Тожикистонда эса 18 та самолёт бор эди, улар орасида Ми-17 UH-60 вертолётлари, шунингдек, PC-12, C-208, AC-208 ва А-29 самолётлари бор.
Маълумот ўрнида, АҚШ 2021 йил баҳорида ўз Қуролли кучларини мамлакатдан олиб чиқиб кетишини эълон қилганидан кейин “Толибон” ҳаракати Афғонистон устидан назорат ўрнатиш учун кенг кўламли операция бошлади. 15 август куни “Толибон” жангсиз Қобулга кирди, Президент Ашраф Ғани эса Республикани тарк этди. 6 сентябрда толиблар бутун Афғонистон ҳудуди устидан назорат ўрнатилгани ҳақида эълон қилган бўлса, 7 сентябрда эса қонунийлиги ҳали ҳеч бир давлат томонидан тан олинмаган муваққат ҳукумат таркибини эълон қилди.
LiveБарчаси