Ўзбекистон “Толибон” билан “Ҳайратон – Мозори-Шариф” темирйўли бўйича шартномани узайтиради
Жамият
−
25 Январь
2832Ўзбекистон Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати жамоат ишлари вазирининг темирйўл масалалари бўйича ўринбосари Муҳаммад Исъҳоқ Соҳибзода билан “Ҳайратон – Мозори-Шариф” темирйўли бўйича шартномани узайтиришга келишиб олди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 21-23 январь кунлари Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Тошкент шаҳрида Муҳаммад Исъҳоқ Соҳибзода бошчилигидаги делегация билан учрашувлар ташкил этган. Ўзбекистон Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов бошчилигида ўтказилган учрашувда афғон томони билан трансафғон темирйўл қурилиш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш юзасидан фикр алмашилган ва томонлар келгуси ишларни ташкил этиш бўйича келишиб олган.
Шу билан бирга, икки давлат темирйўл маъмуриятлари ўртасида “Ҳайратон – Мозори-Шариф” темирйўлидан фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатиш бўйича шартномани узайтириш юзасидан келишувга эришилган. Бунда “Ўзбекистон темирйўллари” АЖнинг “Согдиана транс” МЧЖ “Ҳайратон – Мозори-Шариф” темирйўлига хизмат кўрсатувчи оператор сифатида сақланиб қолади.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил август ойида Ҳайратон – Наибобод – Мозори Шариф темирйўл линиясининг қайта тикланган Наибобод темирйўл станцияси очилган эди. Тиклаш ишлари компания томонидан Термиз минтақавий темирйўл узели ва “Сўғдиёна Транс” шуъба корхонаси билан ҳамкорликда Афғонистон темирйўл бошқармаси ўртасида тузилган шартнома асосида амалга оширилган. Унинг узунлиги 75 км, лойиҳа қиймати эса 129 млн долларни ташкил этган. Компаниянинг “Сўғдиёна Транс” шуъба корхонаси 2011 йил декабрь ойида Афғонистонда ушбу линиядан фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш мақсадида очилган.
LiveБарчаси