Ўзбекистон “Толибон” ҳаракати билан яқин алоқада бўлиб турибди — ТИВ баёнот билан чиқди
Жамият
−
17 Август 2021
17433Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистондаги кескин вазият юзасидан навбатдаги баёнотини эълон қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятнинг ривожланишини диққат билан кузатиб бормоқда.
“Ички афғон кучларининг инклюзив ҳукумат шакллантиришга тайёрлиги ҳақидаги баёнотларини қўллаб-қувватлаймиз.
Доҳадаги афғонлараро музокаралар доирасида кенг кўламли тинчликка эришилишига умид билдирамиз.
Умид қиламизки, мамлакатда ҳокимият транзити халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрларини инобатга олган ҳолда умумий консенсус асосида тинч йўл билан амалга оширилади.
Ишончимиз комил, вазиятнинг бу йўналишда ривожланиши миллий келишувга эришишга олиб келади ҳамда кучли ва лаёқатли давлатни шакллантириш учун шароит яратади.
Ўзбекистон томони Афғонистон билан анъанавий дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини қўллаб-қувватлашга ва қўшни давлатнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилларига содиқлигини қатъий билдиради”, дейилади баёнотда.
Таъкидланишича, ҳозирги вақтда Ўзбекистоннинг Қобул ва Мозори Шарифдаги дипломатик ваколатхоналари одатдаги тартибда ишламоқда.
ТИВ Ўзбекистон томони чегара ҳимоясини таъминлаш ва чегара ҳудудида тинчликни сақлаш масалалари бўйича “Толибон” ҳаракати вакиллари билан яқин алоқада бўлиб турганини маълум қилди.
“Шуни қатъий маълум қиламизки, Ўзбекистон давлат чегарасини бузишга бўлган ҳар қандай уринишлар миллий қонунчиликка мувофиқ кескин равишда бартараф этилади”, дейилади ТИВ хабарида.
Аввалроқ, ТИВ баёнот билан чиқиб, Ўзбекистонга 84 нафар афғон ҳарбийси ўтганини маълум қилганди. Кейинроқ Ўзбекистон ҳукумати уларни ортга қайтариш бўйича Афғонистон ҳукумати ва "Толибон" ҳаракати билан музокаралар олиб борилаётгани билдирилди.
Қайд этиш керакки, Афғонистон Ислом Республикаси энди йўқ. Жорий йилнинг 15 август куни ҳокимият “Толибон” ҳаракати назоратига ўтди. Улар эса бир вақтлар мавжуд бўлган Афғонистон Ислом Амирлигини қайта тузмоқчи. Президент Ашраф Ғани истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Бошқарувсиз қолган Афғонистон ҳарбийлари мамлакатдан қочишга ҳаракат қилмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь