84 нафар афғон ҳарбийси Ўзбекистонга ўтди — ТИВ чегарадаги вазият бўйича муносабат билдирди
Жамият
−
15 Август 2021
1864314 августдан 15 августга ўтар кечаси Афғонистон шимолидаги Мозори-Шариф шаҳри “Толибон” ҳаракати томонидан эгаллангани, натижада афғон ҳарбийлари ва фуқаролари Ўзбекистонга қочиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот котиби ўзбек-афғон чегарасида юзага келган вазият бўйича расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 14 август куни Афғонистон билан Давлат чегарасининг бўлинмаларидан бирида Афғонистон Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларидан иборат 84 кишилик гуруҳ давлат чегарасини кесиб ўтди ва ДХХ Чегара қўшинлари чегара отрядлари томонидан қўл олинди. Чегарани бузганлар қаршилик кўрсатмаган ва кўмакка муҳтожлигини билдирган, жумладан, 3 нафар яраланган шахсга тиббий ёрдам сўраган.
Афғонистоннинг мазкур фуқаролари билан зарур текширув-фильтрлаш жараёнлари ва санитария-эпидемиология тадбирлари ўтказилди, уларнинг айримларига тиббий ёрдам кўрсатилди, шунингдек, озиқ-овқат ва уларнинг вақтинча жойлашиши ташкил этилди.
Шу билан бирга, Термиз-Ҳайратон кўпригининг Афғонистон қисмида Афғонистон ҳукумат кучларининг ҳарбий хизматчилари тўплангани қайд этилди. Бу шахсларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш чоралари кўрилмоқда.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистон фуқароларининг ватанига қайтиши ва “Термиз-Ҳайратон” кўприги ҳудудидаги вазиятни тартибга солиш борасида Афғонистон томони билан музокаралар олиб бормоқда.
Бундан ташқари, 14 август кун давомида “Термиз-Мозори-Шариф” темир йўл участкасида хизмат кўрсатувчи Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ватанга қайтариш ташкил этилди.
Таъкидлаш жоизки, давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш кучайтирилган тартибда олиб борилмоқда, барча зарур хавфсизлик чоралари кўрилган. Термизда хавфсизлик идоралари раҳбарлари ва давлат ҳокимияти органлари вакилларидан иборат тезкор штаб жойлаштирилган.
LiveБарчаси