Ўзбекистон терроризмга қарши курашда Туркия тажрибасини ўрганмоқда

Жамият

image

Ўзбекистон терроризмга қарши курашда Туркия билан ҳамкорлик қилади. Бу ҳақда томонларнинг масъул идоралари вакиллари келишиб қолган. 

Жорий йилнинг 7 февраль куни ИИВ Академиясига Туркия Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Терроризмга қарши курашиш бошқармаси ҳамда Туркия полиция академияси вакилларидан иборат делегация келган. Ташриф доирасида икки томонлама музокара ўтказилиб,  ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган. 

Таълим муассасаси раҳбари, полковник Рустам Хотамов мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар сўнгги беш йилда мутлақо янги босқичга кўтарилганини алоҳида эътироф этган. Унинг таъкидлашича, икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва амалий саъй-ҳаракатлари кўп қиррали ҳамкорликка янгича суръат бағишлаяпти. Бугунги кунда ўзаро алоқалар азалий қардошлик ва биродарлик ришталари асосида замонавий тараққиётнинг муҳим йўналишлари,  жумладан, таълим соҳасида ҳам изчил равнақ топмоқда. 

 

“Истиқболдаги йўл харитамизда Туркиянинг етакчи олий таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик ўрнатишни режалаштирганмиз. Бу ҳам соҳа учун замон талабларига мос рақобатбардош кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади”, деган Хотамов. 

Ўз навбатида, туркиялик вакиллар Туркия ва Ўзбекистон глобал таҳдид ва хавф-хатарларнинг олдини олиш, минтақавий ҳамда халқаро масалаларни ҳал этишда доимо бир-бирини қўллаб-қувватлаб келаётгани, алоқалар мунтазам ҳамкорлик форматида жадал ривожланаётганини таъкидлаган.

Учрашувда тажриба алмашинувини кенгайтириш, ўқув  жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларини самарали татбиқ этиш, профессор-ўқитувчилар ва курсантларнинг малакасини оширишда ўзаро ёрдам тамойили асосида машғулотлар ташкил қилиш, халқаро терроризм ва жиноятчиликка қарши курашишда Туркиянинг илғор тажрибаларини оммалаштириш, бу борада ўқув-услубий ва илмий ҳамкорликни изчил давом эттириш масасалари юзасидан фикр алмашилган. 

Куннинг иккинчи ярмида туркиялик мутахассислар “Полиция тизимида самарали мулоқот кўникмаларини шакллантириш” ҳамда “Терроризмга олиб келувчи радикаллашув жараёнининг олдини олишни бошқариш” мавзуларида семинар-тренинг машғулоти ўтказган. Туркия Республикаси делегацияси томонидан таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари учун ташкил қилинган машғулотлар жорий йилнинг 11 февралига қадар давом этади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

46

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг