Ўзбекистон Россиядан мигрант болалар учун боғча ва мактаблар очишни сўради
Жамият
−
20 Октябрь 2023
7559Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоев Россия Давлат Думаси вице-спикери Владислав Даванков билан учрашувда Россия ҳукуматидан ўзбек диаспораси ҳисобидан мамлакатда меҳнат муҳожирларининг фарзандлари учун хусусий боғча ва мактаблар очишда ёрдам сўради. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
“Сиздан Россия қонунчилигига мос келадиган ўқув дастурлари бўйича (ўзбек) ватандошлар ҳисобидан мактабгача таълим муассасалари ва хусусий мактаблар очиш масаласини кўриб чиқишингизни сўраймиз”, деган Қуронбоев.
Президент маслаҳатчисининг сўзларига кўра, бу Россияда ишлаб юрган ва қарамоғида фарзандлари бўлган ўзбекистонлик ишчилар уларни боғча ва мактабларга жойлаштиришда муайян қийинчиликларга дуч келаётгани билан боғлиқ.
Қуронбоев шунингдек, Россияга келаётган Ўзбекистон ёш фуқаролари учун миграция тартиб-таомилларини соддалаштириш масаласини ҳам қонунчилик даражасида кўриб чиқишни сўраган. Бундан ташқари, у ёшлар парламентлари ва икки мамлакат парламентларининг ихтисослаштирилган комиссиялари ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришни ва талабалар алмашинуви дастурларини, шу жумладан, қурилиш отрядларини ташкил этишни таклиф қилган.
“Ўзбекистон иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва ижодий иқтисодиётни ривожлантириш соҳасида Россия тажрибасини қўллашдан манфаатдор. Биз ўрта махсус касб-ҳунар таълимини ривожлантириш ва уни Ўзбекистонда жорий этиш учун Россия тажрибасини ўрганиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз”, деган Президент маслаҳатчиси.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь