Ўзбекистон, Россия ва Қозоғистон газ бўйича келишувни тезлаштириш ниятида
Жамият
−
10 Февраль 2023
7423Ўзбекистон ва Қозоғистон энергетика вазирликлари ҳамда “Газпром” газ соҳасида уч томонлама ҳамкорлик бўйича музокараларни тезлаштириш ниятида. Бу ҳақда кеча, 9 февраль куни Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, 9 февраль куни “Газпром” раҳбари Алексей Миллер ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистон энергетика вазирлари Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Болат Ақчулаков музокаралар ўтказган. Унда Россия газини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиб беришни ташкил этиш бўйича уч томонлама ишчи гуруҳининг дастлабки техник баҳолари муҳокама қилинган.
“Учрашув якунида уч томонлама тадқиқотларнинг навбатдаги босқичини жадаллаштириш ва уларнинг натижаларига кўра қисқа муддатда уч томонлама учрашувни қайта ташкил этиш бўйича келишувга эришилди”, дейилади хабарда.
9 февраль куни “Газпром”нинг хабар беришича, учрашув иштирокчилари газ соҳасида уч томонлама ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилганлар.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Ўзбекистон ва Қозоғистонга “уч томонлама газ иттифоқи” тузишни таклиф қилган эди. Жорий йилнинг январь ойида “Газпром” Ўзбекистон ва Қозоғистон энергетика вазирликлари билан газ соҳасида ҳамкорлик бўйича икки томонлама “йўл хариталари”ни имзолаган эди.
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги раҳбарининг айтишича, йўл харитасида техник шартларни ўрганиш, сўнгра Россия газининг Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудлари орқали ўтувчи “Марказий Осиё – Марказ” газ қувури орқали транзити кўзда тутилган. Шу билан бирга, у газ етказиб беришнинг тўғридан-тўғри шартлари ҳалигача келишилмаганини таъкидлади.
LiveБарчаси