Ўзбекистон плаквенилни Трампнинг рекламасидан кейин сотиб олган – Шодмонов
Жамият
−
24 Декабрь 2020
7024Ўзбекистон коронавирусга чалинган беморларни даволашда фаол равишда қўлланилган гидроксихлорохин (плаквенил) дорисини АҚШ Президенти Дональд Трампнинг рекламасидан кейин сотиб олган. Бу ҳақда собиқ Соғлиқни сақлаш вазири, Тошкент тиббиёт академияси ректори, профессор Алишер Шодмонов “Халқаро пресс-клуб”нинг навбатдаги сессиясида сўз очди.
Собиқ вазир Соғлиқни сақлаш тизимига ўзи раҳбарлик қилган даврларда Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келишини кечиктириш, кейироқ касалликка қарши курашиш борасида қилган ишларини ҳаяжон билан ёдга олди.
“Муҳатарам Президентимиз фармойишга асосан маблағ ажратиб берган. Пул бор, биз ИВЛ, ПЦР аппаратлари (диагностика ва даволаш учун) ва дори сотиб олишимиз керак. Қайсини тавсия этасизлар? Қайси компанияда сифатли? Қаердан олишимиз мумкин? Ёки даволашда қандай диагностика стандарти бор? Нима қўллашимиз керак? Минг афсуски, ўша пайтда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ўзида ҳам исботланган ҳеч қандай усул йўқ эди. Жавоб бўлмаган!
Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳозирги айтилган асбоб-ускуналар билан бир қаторда даволашга дориларни харид қилиш тизими ҳам бошланган. Қайси дори биринчи пайдо бўлган бўлса, – АҚШ Президенти биринчи бўлиб гидроксихлорохинни мақтаб чиқди, эффектив эканини – шу заҳоти уни сотиб олиш бошланди. Дунёда исботланган дори, самара берадиган дори илмий асоси йўқ эди. Лекин ҳар битта ишлаб чиқарувчи ўзининг дорисини айтиб турган”, дейди Шодмонов.
Собиқ вазирга кўра, Ўзбекистон расмийлари гидроксихлорохин ортидан фавипиравир ва ремдисивир дориларининг мамлакатга олиб келинишини ва захираси яратилишини таъминлаган. Айни вақтда ушбу икки дори маҳаллийлаштирилган.