Ўзбекистон Миср билан 5 соҳада ҳамкорлик қилмоқчи. Улар қайсилар?

Жамият

image

Қоҳирадаги “Ал-Иттиҳодия” саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.

Президентлар Ўзбекистон-Миср ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалаларини атрофлича муҳокама қилиб, ўзаро муносабатларни кенг қамровли шериклик даражасига олиб чиқишга келишиб олди.

Сиёсат, хавфсизлик, савдо ва саноат кооперацияси соҳаларидаги ҳамкорликни тубдан кенгайтириш ҳамда маданий-гуманитар ва таълим алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари музокараларнинг асосий мавзулари бўлди.  

Президентлар Мисрнинг “Назар-2030” стратегик режаси ва Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бир-бирига ҳамоҳанг эканини қайд этдилар.

Томонлар коррупцияга, хавфсизлик соҳасидаги замонавий хатар ва таҳдидларга қарши курашишда тажриба алмашишдан, Афғонистонни барқарорлаштириш ва қайта тиклаш бўйича халқаро ташаббусларни қўллаб-қувватлашдан манфаатдор эканини билдирди.

Учрашувда ўзаро инвестициялар жалб қилиш учун қулай шароитлар яратишга келишиб олинди. Икки мамлакат иқтисодиётлари бир-бирини тўлдириб турувчи хусусиятга эга эканидан келиб чиқиб, бешта аниқ йўналишда – газ-кимё, тўқимачилик, электротехника, заргарлик ва фармацевтика тармоқларида ҳамкорлик қилиш чоралари белгилаб олинди.

Саноат кооперациясини ривожлантириш ва юқори рентабелли қўшма ишлаб чиқаришлар ташкил этиш мақсадида Ўзбекистондаги эркин иқтисодий зоналар имкониятларидан фойдаланиш таклиф қилинди.

Энергетика соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Мисрни боғлаб турган транспорт йўлакларини ривожлантириш чоралари ҳам муҳокама қилинди. 

Маданий-гуманитар ва диний алоқаларни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди. Араб тили мутахассисларини тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан келишувга эришилди. Ўзбекистон Президенти 2024 йилда Арабшунослик глобал форумини биргаликда таклиф этиш ташаббусини илгари сурди.

Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Абдулфаттоҳ ас-Сисини Ўзбекистонга ташриф билан келишни таклиф этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг