Ўзбекистон Миллий банки янги авлод учун келажакни қуриб берди
Бизнес
−
21 Ноябрь 2019
4202Маълумки, мактабгача таълим тизими узлуксиз таълимнинг муҳим бўғини ҳисобланади. Бугунги кунда мазкур тизимни янада такомиллаштириш учун қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги ПҚ-3651-сонли “Мактабгача таълим тизимини янада ривожлантириш ва рағбатлантириш туғрисида”ги Қарори бунга яққол далил бўла олади.
Ўзбекистон Миллий банки томонидан ҳам Қарор ижросини таъминлаш мақсадида Фарғона вилояти, Марғилон шаҳрида “Valley Ragnum” ҳамда, “Пахтаой лаззат” МТМлари қурилиб, иш бошлаган. Банк томонидан, “Valley Ragnum” МТМ га 450 млн сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилган. Боғча 75 нафар болага мўлжалланган бўлиб, 10 та иш ўрни яратилинган. Шунингдек, “Пахтаой лаззат” МТМга 2,2 млрд сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилган. Боғча 100 та болага мўлжалланган бўлиб, унда 12 нафар тарбиячи ва энагалар фаолият кўрсатмоқда.
Шу билан бирга ташкил қилинаётган мактабгача таълим нодавлат муассасаларининг эҳтиёжлари учун тасдиқланган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган ускуналар, асбоб-анжомлар, ўқув қуроллари ва ўйингоҳлар давлат-хусусий шерикчилиги тўғрисидаги битим тузилган кундан бошлаб 2 йил муддатга божхона тўловлари (божхонада расмийлаштириш учун йиғимлардан ташқари) тўлашдан ҳам озод этилган бўлиб, мазкур МТМларида ҳам олинган кредит ҳисобига юқорида келтириб ўтилган имтиёзлардан фойдаланган ҳолда, барча шарт-шароитлар яратилган.
Шунингдек, келажагимиз эгаларига билим олиш учун муносиб шарт-шароитлар яратиш борасида Сурхондарё вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Миллий банки томонидан Сурхондарё шаҳрида жойлашган “Нурли авлод” НТМга 4,4 млрд. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди. Муассаса ўз фаолиятини йўлга қўйиш орқали, 27 та янги иш ўрнини яратди. Мазкур таълим муассасасида 200 га яқин болажонлар, замонавий архитектура талабларига жавоб бера оладиган бинода, ёруғ ва кенг хоналарда дастлабки таълимни олиш имконига эга бўладилар. Ундан ташқари “Термиз Транс Голд” ташаббуси билан, Термиз туманида иш бошлаган “Камалак” НМТМ учун Ўзмиллийбанк Сурхондарё бўлими томонидан 2,6 млрд сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди. Мазкур муассасада 19 та малакали мутаҳассис фаолият юритади. Таълим муассасасида 120 га яқин болажонлар таҳсил олишлари мумкин. Муассаса барча замонавий дарсликлар ва дарс қуроллари ва жиҳозлари билан таъминланган.
Таъкидлаш керакки, Юртбошимиз томонидан илгари сурилган, “Ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш” бўйича бешта устувор йўналишда спорт соҳасини ривожлантириш алоҳида ўрин тутиши, бугунги кунда соҳага янги инвестициялар киритишга туртки бўлмоқда.
Шу ўринда, Ўзбекистон Миллий банки томонидан, спорт соҳаси ривожи йўлида хизмат қиладиган қатор бизнес лойиҳалар самарали молиялаштирилиб келинмоқда. Жумладан, Ўзмиллийбанки, “Фарғона Гўзал Диёр Сервис” МЧЖга 400 млн сўм кредит маблағлари ажратди. Натижада мазкур МЧЖ томонидан 50 кишилик замонавий спорт мажмуаси ва 5 та иш ўрни яратилди. Шунингдек, Фарғона вилояти Риштон туманидаги “Шохрухбек Баҳодир” оилавий корхонасига ҳам 100 млн сўм кредит маблағлари ажратилган бўлиб, 20 кишилик замонавий спорт мажмуасида 3 та иш ўрни яратилган. Спорт мажмуалари энг сўнгги турдаги спорт жиҳозлари билан таъминланган бўлиб, ташриф буюрган инсонлар шароитлардан мамнун.
Маълумотларга кўра, келгусида мазкур спорт мажмуаси фаолиятини кенгайтириш режалаштирилган бўлиб, аҳолини соғлом турмуш тарзига мунтазам жалб этиш кўзда тутилган.
Реклама ҳуқуқи асосида
LiveБарчаси