Ўзбекистон маълум вақт хорижга тухум сотмайди
Жамият
−
07 Январь 2022
9791Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 апрелига қадар тухум маҳсулоти экспорти тўхтатилади. Бу ҳақдаги қарор Вазирлар Маҳкамасининг 16 декабрдаги мажлиси баённомасида қабул қилинган.
Маълум бўлишича, тухум экспортига тақиқ қўйиш таклифи Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлигидан чиққан.
Аммо Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси тухум экспортига тақиқ жорий қилинмаганини таъкидлаяпти.
“Тухум экспорти бўйича тадбиркорларга оғзаки ёки ёзма тақиқ қўйилмаган. Шунингдек, тадбиркорлар тухум импорт қилувчи мамлакатларнинг меъёр ва тартибларига мувофиқ экспорт қилишлари учун чеклов ўрнатилмаган”, дейди қўмита маъсули.
Аммо, кеча 6 январь куни Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Матбуот хизмати хорижга тухум сотиш учун чекловлар жорий қилинганлигини тасдиқлади.
Қайд этилишича, паррандачилик хўжаликларида озуқа базасининг етишмаслиги билан боғлиқ муаммолар сабаб кўплаб хўжаликлардаги паррандалар сони умумий ҳисобда 1 миллиондан ортиқ миқдорга камайган.
“Глобал пандемиянинг давом этаётгани, асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари аҳолининг харид қобилиятига таъсири юқорилиги, шунингдек ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлашнинг муҳимлигини инобатга олган ҳолда тухум экспортига нисбатан киритилган чеклов вақтинчалик чора бўлиб ҳисобланади”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, 2021 йилнинг сентябрь-декабрь ойларида республика бўйича тухум нархи 19,6 фоизга, айрим ҳудудларда эса 20-22 фоизгача қимматлашган. Йилнинг қиш мавсумида ушбу маҳсулот нархига қўшимча босим юзага кела бошлайди.
Тухум нархининг ошишига қиш ойларида иситиш харажатларининг ошгани, паррандачилик хўжаликларида касалликларнинг авж олиши, тухум беришга мослашган товуқларнинг мавсумий янгиланиши, озуқа маҳсулотларининг қимматлашиши ҳамда куз мавсумидан бошлаб ушбу маҳсулотга талабнинг ортиб бориши (бошқа ойларга нисбатан 20-30 фоизга ошади) таъсир кўрсатган.
LiveБарчаси