Ўзбекистон маҳсулотлари биринчи марта Alibaba'да сотилди
Бизнес
−
22 Январь 2022
21811Дунёнинг жадал ривожланиб бораётган Alibaba оммавий электрон платформасида биринчи марта Ўзбекистон маҳсулотларининг онлайн савдоси ўтказилди. Унда 9 турдаги “Made in Uzbekistan” белгиси туширилган маҳсулотлар сотувга қўйилган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонасидан QALAMPIR.UZ’га хабар қилинди.
Ўзбекистоннинг Пекин шаҳридаги элчихонаси томонидан Хитой Халқ Республикаси Савдо вазирлиги ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Бош котибияти бошчилигида ташкил этилган онлайн савдолар Alibaba'га тегишли Taobao, Hema ва Fliggy электрон дўконларида амалга оширилган.
Таъкидланишича, бир вақтнинг ўзида 260 мингдан ортиқ харидор иштирок этган онлайн савдоларда 9 турдаги Ўзбекистон маҳсулотлари – қуритилган мевалар (майиз, қуритилган ўрик, ёнғоқ), қандолат маҳсулотлари (турли ширинликлар ва шоколадлар) ва маданли сувлар сотувга қўйилган.
Қайд этилишича, савдолар давомида хитойлик харидорлар жаҳон стандартларида ишлаб чиқарилган ўзбек маҳсулотларини сотиб олиш, шунингдек, ўзбекона савдо одоби, ўзбек халқи маданияти ва урф-одатлари билан танишиш имкониятига эга бўлганлар. Уларга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар афзалликлари ҳақида маълумот берилган.
“Айтиш керак, пандемия шароитида халқаро савдода юзага келаётган турли тўсиқ ва чекловлар онлайн савдонинг аҳамиятини оширмоқда. Мазкур йўналишда етакчилардан ҳисобланган Хитойда эса бугунги кунга келиб потенциал харидорлар мавжуд бўлиб, 400 миллиондан ортиқ аҳолининг аксарияти электрон дўконлар орқали харидни амалга оширмоқда.
Ўз навбатида, жорий йил Ўзбекистон ва Хитой дипломатик алоқалари ўрнатилганлигининг 30 йиллиги доирасида ташкил этилган мазкур тадбир юртимиз ишлаб чиқарувчилари учун янги бозор – Хитой электрон бозорига кириш йўлидаги муҳим қадам бўлди”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси