Ўзбекистон хорижий туристларга пул тўлайди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ 2020 йил 1 январдан:

туризм фаолияти субъектлари ва авиаташувчиларнинг хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга чартер рейсларини ташкил қилиш бўйича харажатларининг бир қисми ҳар бир хорижий турист учун, у республика ҳудудида камида беш кеча тунаб қолган тақдирда, 20 АҚШ доллари, қиш мавсумида (20 ноябрдан 20 февралгача) эса 50 АҚШ доллари миқдорида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қоплаб берилади;

хорижий кинокомпанияларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аудиовизуал маҳсулотлар (кино, теле ва видеофильм, клип, мультфильм, анимелар) яратишдаги харажатларининг бир қисми (“rebate”) Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширилган харажатларнинг 20 фоизигача, лекин битта маҳсулот учун 300 минг АҚШ долларидан ошмаган миқдорда қоплаб берилади;

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Ўзбекистоннинг тарихий ва афсонавий шахслари тўғрисидаги тўлиқ метражли бадиий, қисқа метражли бадиий, хроникал ҳужжатли фильмларни суратга олиш учун лойиҳа қийматининг 30 фоизи, лекин 3 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда грантлар ажратилади;

тадбиркорлик субъектларининг республика ҳудудларида (Тошкент шаҳридан ташқари) чет эл таомларига ёки алоҳида йўналишга ихтисослаштирилган мавзули овқатланиш шохобчаларини, шунингдек, “караоке” заллари ва туристик қўнгилочар муассасаларни ташкил этиш харажатларининг бир қисми Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар бир лойиҳа учун 10 миллион сўм миқдорида қопланади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича моддий маданий мерос объектлари ҳудудларига 5 тоннадан юқори вазнга эга катта ҳажмли автотранспорт воситаларининг киришига чеклов қўйилади;

ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритилган маданий мерос объектлари ва давлат муҳофазасига олинган тарихий ёки маданий ёдгорликлар ҳудудида фақат мамлакатимизда ишлаб чиқарилган сувенир маҳсулотлари сотилади.


Мақола муаллифи

Теглар

туризм фармон

Баҳолаганлар

13

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг