Ўзбекистон қўшнисининг Амударёдан фойдаланишига ёрдам беришга тайёр – “Толибон”
Олам
−
13 Март
12670Ўзбекистон Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматининг Амударё салоҳиятидан фойдаланишидан манфаатдор ҳамда унга Қўштепа канали лойиҳаси ва замонавий суғориш тизимлари учун техник ёрдам кўрсатишга тайёр. Бу ҳақда “Толибон” муваққат ҳукуматининг ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди.
Унда айтилишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов кеча, 12 март куни бўлиб ўтган музокараларда Ўзбекистон “Толибон” муваққат ҳукуматининг Амударёдан фойдаланишидан манфаатдор эканини маълум қилган.
Учрашувда Афғонистон томонидан бош вазирнинг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи мулла Абдул Ғани Бародар иштирок этган. Саидов бошчилигидаги Ўзбекистон вакиллик делегацияси билан учрашувда сиёсий, иқтисодий ҳамкорлик, минтақавий алоқалар масалалари муҳокама қилинган.
“Мулла Абдул Ғани Бародар сув хўжалиги ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилар экан, Афғонистон шимолидаги Қўштепа канали ҳақида гапириб ўтди. Бу афғон халқининг азалий орзуси бўлиб, узоқ давом этган можаролар ва беқарорлик , бунга тўсқинлик қилган. У Амударё ҳавзасидаги бошқа мамлакатларда бўлгани каби, Афғонистон ҳам дарёдан адолатли фойдаланиш тарафдори бўлиб, Амирликнинг тикланиши билан бу каналда тараққиёт бошлангани, қўшни давлатларни хавотирга солмаган ҳолда афғонларнинг ҳуқуқлари таъминланганини таъкидлади”, дейилади “Толибон” томонининг баёнотида.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Афғонистоннинг транзит ва энергетика лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, кўмирда электр энергияси ишлаб чиқаришга сармоя киритиш мажбуриятини олган.
Мулла Бародар музокаралар чоғида минтақавий ҳамкорлик, айниқса, Ўзбекистон билан транзит юк ташиш даражасини ошириш, савдо алоқаларини ривожлантириш, темир йўл тармоғини кенгайтириш, Афғонистонга сармоя киритиш, транспорт ва божхона муаммоларини ҳал этиш, шунингдек, Ўзбекистонда яшовчи афғонларни қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовнинг ўзи ҳам Афғонистонга боргани ва у ердаги музокаралар чоғида иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш ва ишбилармон доиралар ўртасида самарали ҳамкорлик қилиш учун энг қулай шарт-шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилганини билдирганди.
LiveБарчаси