Ўзбекистон Қатар билан ҳарбий ҳамкорликни оширади
Жамият
−
09 Июнь 2023
5021Бугун, 9 июнь куни Ўзбекистон Мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов мамлакатга ташриф буюрган Қатар Бош вазири ўринбосари – Мудофаа ишлари бўйича давлат вазири Холид бин Муҳаммад ал-Атия раҳбарлигидаги делегацияни қабул қилди. Икки давлат ўртасида хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати муҳокама қилиниб, ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни давом эттириш истиқболлари ҳақида фикр алмашилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, дастлаб меҳмонларни фахрий қоровул иштирокида расмий кутиб олиш тадбири бўлиб ўтган, ҳарбий оркестр томонидан икки давлат мадҳияси ижро этилган.
Мудофаа вазирлиги марказий аппаратида ўтказилган икки томонлама ҳамкорлик учрашувида Баҳодир Қурбонов қатарлик ҳамкасбини Ўзбекистонга уюштирган ташрифи билан қутлаб, сўнгги йилларда икки давлат ўртасида ўрнатилган дўстона муносабатлар янги тарихий босқичга кўтарилганини таъкидлаган.
Учрашув давомида вазирлар халқаро сиёсат ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари, хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, унинг ривожланиш истиқболларини муҳокама қилган. Шунингдек, икки давлат Мудофаа вазирлари ҳарбий соҳада келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган масалалар борасида ҳамкорликни давом эттиришнинг истиқболли йўналишлари ҳақида фикр алмашган.
Кейинчалик, Холид бин Муҳаммад ал-Атия Баҳодир Қурбонов ҳамроҳлигида Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида жойлашган ҳарбий хизматчилар учун қулай ва пишиқ уст-бошларга материаллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналардан бирини кўздан кечирган. Шундан сўнг, меҳмонлар Мудофаа вазирлигининг Зирҳли танк техникаларини таъмирлаш заводига борган.