Ўзбекистон илм-фани оғир жудоликка учради

Жамият

image

Ўзбекистонда генетика соҳасининг етакчи намояндаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Абдумавлон Абдуллаевич Абдуллаев кеча, 8 декабрь куни 92 ёшида вафот этди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Сенат раиси Танзила Норбоева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раиси Нурдинжон Исмоилов, Бош вазир Абдулла Арипов таъзия билдирди. 

Абдумавлон Абдуллаев 1930 йилнинг 13 июлида Наманган вилоятида туғилди. 1952 йили Ўрта Осиё давлат университетини тугатиб, меҳнат фаолиятини Ўсимликшунослик илмий текшириш институти Ўрта Осиё тажриба станция кичик илмий ходими лавозимида бошлади. 1961 йилда номзодлик, 1973 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1995 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.

Истеъдодли олим ўзининг қарийб 70 йиллик илмий фаолияти давомида Фанлар академиясида фидойилик билан меҳнат қилди. Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти кичик, катта илмий ходими, лаборатория мудири, директори, ЎзРФА Президиумининг қишлоқ хўжалиги фанлари бўлими раиси ҳамда умрининг сўнгги кунларигача институти бош илмий ходими лавозимида самарали фаолият кўрсатиб, илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшди.

Абдумавлон Абдуллаев илмий фаолияти давомида ғўза генетикасининг фундаментал асосларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшди. Олим яратган илмий мактаб асосида ғўзанинг бир қатор янги навлари кашф этилди ҳамда генетика селекциясида ғўзанинг ёввойи турларидан фойдали донорлар сифатида фойдаланиш имконияти яратилди. Мамлакатимиз пахтачилик илм-фани ривожининг фундаментал асоси ва миллий бойлиги бўлган ғўза генлари коллекциясининг асосчиларидан биридир. 

У 600 дан ортиқ илмий ишлар, жумладан 10 дан ортиқ монографиялар муаллифи. Илмий мақолаларининг 300 дан ортиғи халқаро нуфузли журналларда чоп этилган.

Жонкуяр устоз сифатида кўплаб ёшларга илм-фан сирларидан сабоқ берган заҳматкаш олимнинг бевосита раҳбарлигида 20 дан ортиқ фан доктори ва 40 га яқин фан номзодлари тайёрланган.

Академик А.Абдуллаевнинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” (1980), “Меҳнат шуҳрати” ордени (2003) “Ўзбекистон Республикаси давлат мукофоти” (2011) билан мукофотланган эди.

“Атоқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Абдумавлон Абдуллаевнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади”, дейилади Президент таъзиясида.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

282

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made