Ўзбекистон “Газли” газ омбори сиғимини икки баравар оширишни режалаштирмоқда
Жамият
−
23 Август 2023
4588“Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси ва Россиянинг “Форус” компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган “Gazli Gas Storage” Россия-Ўзбекистон қўшма корхонаси “Газли” ерости газ омбори сиғимини 3 миллиард кубометрдан 6 миллиард кубометрга оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” ахборот телеканали хабар берди.
“Лойиҳанинг биринчи босқичида 2020 йилдан 2025 йил охиригача конларни қидириш ишлари ҳисобига “Газли” ерости газ омборида газ сақлаш ҳажмини икки баробарга, яъни 3 дан 6 миллиард куб метргача ошириш режалаштирилган”, дейди телеканал қўшма корхона бош муҳандиси Муҳаммад Саидазимовга таяниб.
Унга кўра, иккинчи босқичда газ омборини якунлаш ва кенгайтириш орқали унинг сиғими 10 миллиард куб метрга етказилади, лойиҳанинг умумий қиймати 850 миллион долларга баҳоланмоқда.
Очиқ манбалардан маълумки, “Газли” ерости газ омбори иншооти Ўзбекистон газ транспорти тизимининг қоқ марказида Қозоғистон, Туркманистон, Россия ва Хитойга ўтадиган қувурлар чорраҳасида жойлашган.
“Ўзтрансгаз” компанияси жорий йил бошида “Газли” магистрал газ қувурлари бошқармаси томонидан Россиядан табиий газ олиб кириш учун магистрал газ қувурлари инфратузилмасини тайёрлаш бўйича ишлар олиб борилаётгани ҳақида хабар берган эди. Шундан сўнг “Ўзтрансгаз” АЖ ўз хабарига ойдинлик киритиб, бу борадаги ишлар Ўзбекистоннинг жанубий вилоятлари истеъмолчиларини газ билан таъминлаш самарадорлигини оширишга қаратилганини таъкидлади.
Маълумки, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва “Газпром” ўртасида шартнома имзоланган бўлиб, унга кўра “Газпром” ҳар йили UzGazTrade орқали Ўзбекистонга 2,8 миллиард куб метр Россия газини етказиб беради.
Аввалроқ Қозоғистоннинг QazagGaz компанияси 1 октябрдан Россия газини ўз ҳудуди орқали Ўзбекистонга транзит етказиб беришни бошлашини маълум қилганди.
LiveБарчаси