Ўзбекистон “дўппи тор келганда” хориждан газ сотиб олиш мумкин

Жамият

image
0:00
0:00
download

Ўзбекистон куз-қиш мавсумида табиий газ тақчиллигини сезса, ушбу энергия ресурсини хориждан сотиб олиши ҳам мумкин. Бу ҳақда Энергетика вазирлигининг газ билан боғлиқ ишлар қандай кечаётгани ва бу куз-қиш мавсумини ўтказиш учун етарли бўладими ёки йўқлиги юзасидан берган тушунтиришида айтилган.

Қайд этилишича, 2021-2022 йиллар куз-қиш даврида табиий газ ресурслари ва истеъмолчиларга тақсимлаш прогноз балансига мувофиқ 32 622,0 млн куб м табиий газ республика маиший истеъмолчиларига етказиб берилади.

“Ҳаво ҳарорати кескин пасайиб кетган шароитда қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, вилоят ҳокимликлари томонидан тасдиқланган рўйхатларга киритилган мавсумий истеъмолчилар муқобил ёқилғига ўтишлари шарт. Шу билан бирга, муқобил ёқилғига ўтиш ҳисобига ажралиб чиқадиган табиий газ ҳажмлари қўшимча равишда ижтимоий соҳа, стратегик аҳамиятга эга объектлар ва аҳоли эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилади”, дейилади вазирлик хабарида.

Шунингдек, вазирликнинг таъкидлашича, 10 кундан буён ер ости газ омборларига газ қуйиш ишлари амалга оширилмаган, чунки режа 110 фоизга бажарилган. Айни пайтда тўпланган маблағлардан фойдаланилмоқда. Маълумотларга кўра, “Газли” газ омбори иншоотига 2 миллиард куб метрдан ортиқ, “Хўжобод” газ омбори иншоотига эса 930 миллион куб метрдан ортиқ газ қуйилган.

Бундан ташқари, хориждан ҳам газ сотиб олиш имконияти мавжуд бўлиб, бу яқинлашиб келаётган об-ҳаво шароити ва унга боғлиқ бўлган республикадаги истеъмол даражасига боғлиқ. Ғайритабиий совуқлар кузатилса ва ўз маблағлари етишмаса, республика аҳолиси ва ижтимоий аҳамиятга эга объектларни таъминлаш мақсадида газ хориждан сотиб олиниши мумкин. Якуний қарор ҳукумат томонидан қабул қилинади, дейилади хабарда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

466

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг