Ўзбекистон чегаралари “Bayraktar” дрони билан қўриқланаётгани маълум бўлди (видео)

Жамият

image

Ўзбекистон чегаралари Туркияда ишлаб чиқарилган "Bayraktar" дронлари билан кузатиб борилмоқда. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати раиси генерал-полковник Баҳодир Қурбонов жорий йилнинг 13 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган Хавфсизлик кенгашининг мамлакат ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини мустаҳкамлаш масалалари бўйича кенгайтирилган йиғилишида маълум қилган. 

Унинг қайд этишича, давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш тизимига замонавий рақамли воситаларни жорий этиш жараёнида давлат чегарасининг 42 фоизи видеокузатув тизими билан жиҳозланган. 1117 км оптик толали алоқа линияси тортилган. 

Чегара қўшинлари автозирҳли техникалар билан 18 фоизга, сузиш воситалари билан 86 фоизга, қурол-аслаҳа ва ўқ дорилари билан 100 фоизга электрон оптик воситалар билан 78 фоизга бутланган. 

“Бўлинмалар замонавий учувчисиз аппаратлар билан таъминланди. "Bayraktar" учувчисиз учиш аппарати билан бутланган янги махсус бўлинманинг жанговар навбатчилиги йўлга қўйилди. Жанговар тайёргарлик тадбирлари интенсивлиги ва сифат кўрсаткичлари оширилди”, дейди генерал.

Ўзбекистон Туркияда ишлаб чиқарилган "Bayraktar" дронига харидор бўлгани ва қанча дрон сотиб олингани ҳақида расмий ахборот берилмаган. Мамлакатда Туркиянинг учувчисиз учиш аппарати борлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев 2023 йил 16 ноябрь куни Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий қисмга ташриф чоғида эълон қилинган суратда маълум бўлган. 

Ўзбекистон нафақат Туркиянинг "Bayraktar" дронларидан фойдаланмоқда, балки маҳаллий "Лочин" бренди остидаги дронларни ҳам ишлаб чиқармоқда ва яқин келажакда Туркиядан "ANKA" дронларини сотиб олиши кутилмоқда.

Bayraktar дрони

“Bayraktar TB2” – Туркиянинг Baykar Makina компаниясининг узоқ парвоз қила оладиган ҳужумкор разведкачи дрони. Унинг максимал тезлиги 222 км/соат, қанотлари кенглиги 12 м, қурилма ҳавода 24 соатгача туриши мумкин, дроннинг амалий шифти эса 8,2 минг м.

Дрон учиш масофаси 0,5 дан 8 кмгача бўлган иккита лазерли бошқариладиган UMTAS танкга қарши ракеталари ёки Туркиянинг Roketsan компаниясининг тўртта Bozok, MAM-C ёки MAM-L бошқариладиган аниқ бомбалари билан қуроллантирилади.

Бундай турдаги дронлардан Қорабоғ, Сурия ва Ливиядаги жанговар ҳаракатларда фойдаланилган. Айни пайтда “Bayraktar TB2” дронлари Озарбайжон, Қатар, Ливия, Марокаш, Польша, Жибути, Украина армиялари ҳамда Қирғизистон Чегара хизматида мавжуд.

ОАВ маълумотларига кўра, ушбу қурилмалар аллақачон 22 давлатга, жумладан Марокаш, Нигер ва Эфиопияга сотилган.

“Bayraktar” дронларининг муаллифи Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг куёви Селчук Байроқдор ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг