Ўзбекистон Биринчи хоними Сербиянинг маданий мероси билан танишди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сербия Республикасига расмий ташрифи доирасида мамлакат Биринчи хоними Зироат Мирзиёева Сербия Биринчи хоними Тамара Вучич ҳамроҳлигида Белграддаги қатор маданий объектларга ташриф буюрди. Бу ҳақда Зироат Мирзиёеванинг Telegram-каналида хабар берилди.

Қайд этилишича, дастурнинг илк манзили Сербия Миллий музейи бўлган. Биринчи хонимлар музей экспозицияси билан танишиб, унда мамлакат тарихига оид археологик топилмалар, шунингдек, серб ва жаҳон санъати асарларини кўздан кечирган. Шу билан бирга, олий мартабали меҳмонлар “Этно-мрежа” анъанавий ҳунармандчилик кўргазмаси билан ҳам танишган.

Мамлакатнинг энг муҳим миллий ёдгорликларидан бири – серб кирилл ёзувининг энг қадимий намунаси ҳисобланган Мирослав Инжилига алоҳида эътибор қаратилган. XII асрга оид ушбу ноёб қўлёзма юксак бадиий қийматга эга бўлиб, унинг миниатюралари маҳорат билан безатилган. 2005 йилда Мирослав Инжили UNESCO’нинг “Жаҳон хотираси” халқаро реестрига киритилган.

Шундан сўнг, Биринчи хонимлар дунёдаги энг йирик православ ибодатхоналаридан бири ва Сербиянинг муҳим маънавий рамзи бўлган Авлиё Савва черковига ташриф буюрган.

Самимий мулоқот чоғида Зироат Мирзиёева ва Тамара Вучич Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг