Ўзбекистон Афғонистонга 290 тонна ҳайитлик юборди
Жамият
−
14:49 2725 1 дақиқа
Бугун, 18 март куни Ўзбекистон Республикаси номидан Афғонистон халқига 290 тоннадан зиёд инсонпарварлик ёрдами етказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби маълум қилди.
Қайд этилишича, мазкур эзгу ташаббус Рамазон ҳайити муносабати билан афғон халқини қўллаб-қувватлаш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги яқин қўшничилик ва дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилган.
Умумий оғирлиги 290 тоннадан зиёд бўлган инсонпарварлик юки – ун, гуруч, буғдой, ўсимлик ёғи, тез тайёрланадиган озиқ-овқат маҳсулотлари, макарон, қандолат ва бошқа турдаги маҳсулотлардан иборат. Инсонпарварлик юкини расман топшириш маросими Ҳайратон шаҳрида бўлиб ўтган.
Маросимда сўзга чиққан Балх вилояти губернатори ўринбосари Мавлавий Абу Идрис, ташқи ишлар вазирлигининг Балх вилояти бўлинмаси раҳбарияти, шунингдек, Ҳайратон шаҳар ҳокимлиги вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга афғон халқига доимий кўрсатиб келинаётган эътибор, ғамхўрлик, амалий қўллаб-қувватлаш ва бирдамлик учун самимий миннатдорлик билдирган.
Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистоннинг Афғонистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ойбек Усмонов ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ҳукумати Эрон халқига инсонпарварлик ёрдами юборганди. Озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, ун, гуруч, шакар, макарон маҳсулотлари, кунгабоқар ёғи, консервалар, шунингдек, дори-дармон ва тиббий буюмлардан иборат гуманитар юк Эрон томонига етказилган.
Live
Барчаси