Ўзбекистон АДТнинг доимий кузатувчиси мақомини олди

Жамият

image

Ўзбекистон Aмерика давлатлари ташкилотининг доимий кузатувчиси мавомини олди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Кеча, 2 июль куни Ўзбекитон Республикаси Ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Вашингтон шаҳрида Aмерика давлатлари ташкилоти (AДТ) Бош котиби Луис Aлмагро билан учрашган.

Учрашув чоғида Ўзбекистон ва AДТ ўртасида турли соҳаларда шериклик алоқаларини ўрнатишнинг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинган. Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси раҳбари мамлакатга Ташкилот ҳузуридаги доимий кузатувчи мақомини тақдим қилиш масаласининг ижобий кўриб чиқилганлиги учун миннатдорлик билдирган.

Томонлар икки ва кўп томонлама даражадаги мулоқотни муносабатларга тизимлилик характерини бериш орқали  мустаҳкамлашдан манфаатдор эканликларини билдирди.

AДТ аъзо мамлакатлари билан савдо-иқтисодий ва инвестицион алоқаларни ошириш, Ўзбекистонда саноатни модернизация қилиш ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга муҳим эътибор қаратилган. Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларида фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда минтақавий ва глобал хавфсизликни таъминлаш, терроризмга қарши курашиш ва коррупсияни бартараф этиш масалалари бўйича тажриба алмашишнинг муҳимлиги қайд этилган.

Aмерика давлатлари ташкилоти – 1948-йилда Панамерика Иттифоқи (1889-йилда тузилган) негизида вужудга келган халқаро ташкилот. Мақсади – ҳамкорликни мустаҳкамлаш, аъзо мамлакатлар суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш. Шимолий ва Жанубий Aмериканинг 34 та давлати ташкилотга аъзо ҳисобланади. AДТ Aмерика мамлакатлари ўртасида қатор халқаро келишувлар, жумладан, коррупсияни бартараф этиш соҳасида битим имзоланишининг ташаббускори бўлган. Тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, хусусан, уни терроризмга қарши курашиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва минтақа иқтисодий тараққиётига кўмаклаши орқали мустаҳкамлашни AДТ ўзининг асосий вазифаси деб ҳисоблайди. Ташкилот Бош қароргоҳи Вашингтон шаҳрида жойлашган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

70

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг