Рубль қулаши фонида ўзбек мигрантларининг ярми Россиядан кетишни ўйламоқда – “Ведомости”
Олам
−
16 Август 2023
8934Меҳнат муҳожирларининг учдан бир қисми рублнинг доллар ва еврога нисбатан заифлашуви ҳамда бунинг оқибатида даромадларининг камайиши туфайли Россияни тарк этиши мумкин. Бу ҳақда Москвадаги ўзбек диаспораси раҳбари Баҳром Исмоиловга таяниб “Ведомости” хабар берди.
Исмоиловга кўра, рублнинг тобора қадрсизланиб бораётгани шароитида Россиядаги ўзбек мигрантларининг режаси қандайлиги ҳақида сўровнома ўтказилган. Унда жами 22 минг 800 нафар ўзбекистонлик қатнашган.
Сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 50 фоизи рублга нисбатан доллар курсининг ошиб бораётгани сабаб Россияни тарк этиш ҳақида ўйлаяпти. Иштирокчиларнинг 25 фоизи ҳали буни режалаштирмаган, қолган 25 фоизи эса борада бир қарорга келиб улгурмаганини айтган.
Маълумотга кўра, июнь ойининг охиридан буён рубль халқаро валюталарга нисбатан заифлашиб бормоқда. Хусусан, 14 август куни Москва биржасидаги савдолар чоғида 2022 йил март ойи охиридан бери биринчи марта доллар курси 101 рублдан, евро эса 110 рублдан ошди. Марказий банк маълумотларига кўра, йил бошидан буён рус миллий валютасининг алмашув курси 26,4 фоизга пасайган.
Исмоиловнинг сўзларига кўра, доллар курсининг ўсиши туфайли чет эл фуқароларининг Россиядаги даромадлари тобора пасайиб бормоқда. Унинг фикрича, меҳнат муҳожирларининг чиқиб кетиши, биринчи навбатда, энг кам ҳақ тўланадиган соҳалар – чакана савдо, умумий овқатланиш, тозалаш, етказиб бериш, қишлоқ хўжалигида юз беради.
Эслатиб ўтамиз, Умумроссия ўзбеклар қурултойи Тафтиш комиссияси аъзоси Абдукарим Отажонов ҳамда “Арикапитал” компанияси сармоя стратеги Сергей Суверов рублнинг қадрсизланишига қарамай, мигрантлар барибир ўз уйларига қайтмайди, дея прогноз қилган эди.
LiveБарчаси