Ўзбек кураши жаҳонда янада оммалаштирилади
Спорт
−
01 Июль 2019
3656Ўзбекистон 2030 йили бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларини қабул қилиш учун жиддий бел боғлаган. Шунингдек, ўзбек миллий спорти ҳисобланмиш курашни ривожлантириш бўйича ҳам катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда. 2018 йили Индонезияда бўлиб ўтган Осиё ўйинлари дастурига киритилган кураш мухлис-у мутахассислар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Бу ҳақда МОҚ Матбуот хизмати хабар тарқатди.
Осиё ўйинларини қабул қилиш учун мезбон мамлакатдан кўп нарса талаб этилади. Қолаверса, кураш спортини ҳам келажакда жаҳоннинг янада катта майдонларига олиб чиқиш бўйича йирик лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Бугун МОҚда Ўзбекистоннинг Осиё ўйинларига мезбонлиги, курашнинг келажакдаги истиқболи, уни бутун дунё бўйлаб оммавийлигини янада ошириш мавзусида Халқаро кураш ассоциацияси раҳбари, Осиё Олимпия кенгаши департамент директори Ҳайдар Фармон ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда шунингдек, МОҚ Бош котиби Жасур Матчанов ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов ҳам иштирок этишди.
Учрашув бошида Ҳайдар Фармон МОҚ президентига Осиё ўйинларининг аҳамияти ва ўтказилиш тартиби ҳақида батафсил маълумот берди.
“Аввало, самимий кутиб олганингиз учун раҳмат. Бугун асосан 2 масалани кўриб чиқсак. Булар Ўзбекистоннинг 2030 йилги Осиё ўйинларига мезбонлиги ва кураш спортининг келажакдаги истиқболи. Даставвал, Осиё ўйинлари мезбонлигидан бошласак. Шахсан Президантингиз мана шундай ташаббус билан чиқаётганидан мамнунмиз. Аммо шуни унутмаслик лозимки, мезбон мамлакатлар мусобақага худди Олимпия ўйинларига тайёрлангандек ҳозирлик кўришади. Шу ердалигимда иккимиз учун ҳам қулай муддатни белгилаб олсак-да, ўшанда мен мутахассисларим билан яна келаман ва катта доирада суҳбат олиб борамиз. Курашни янада оммалаштириш бўйича ҳам бир қатор лойиҳаларимиз бор. Буларни сизга бирма-бир тақдим этаман”, деди Ҳайдар Фармон.
Ўз навбатида МОҚ раҳбари ҳам фахрий меҳмонга ўз режалари хусусида гапириб берди.
“Аввало, ташриф учун сизга алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман. Айтиб ўтганингиздек, Осиё ўйинларига мезбонлик бўйича шахсан юртбошимиз ташаббуси остида дастлабки ишлар олиб борилмоқда. Осиё ўйинларининг мезбонлиги борасида қилишимиз керак бўлган ишлар кўп. Биз бу мусобақа учун жаҳондаги энг замонавий спорт объектларини қуришимиз лозим. Зеро, улар кейинчалик ёш авлодимизга хизмат қилади. Ушбу ташрифингиз ҳақиқатдан ҳам жуда қисқа. Айтганингиздек, яқин вақт ичида мутахассислар билан ташриф буюрсангиз, ҳар қандай саволларга жавоб олишимиз мумкин бўлади. Шундай бўлса-да, тегишли ташкилотлар билан тайёргарликнинг биринчи босқичини бошлаб юборганмиз ва бу бўйича ҳукуматимиз бизни қўллаб-қувватламоқда”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.
Томонлар суҳбат давомида яна бир қатор истиқболли режалар хусусида фикр алмашишди. Учрашув якунига етгач, меҳмонга МОҚнинг эсдалик совғалари тақдим этилди.
LiveБарчаси