Ўзбек адабиёти оғир жудоликка учради
Маданият-санъат
−
16 Март 23222 2 дақиқа
Бугун, 16 март куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ортиқбой Абдуллаев вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси хабар берди.
Таниқли адабиётшунос олим, моҳир таржимон Ортиқбой Абдуллаев 1943 йил 22 майда Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани Хумсон қишлоғида туғилган. 1966 йилда Тошкент давлат университетини тамомлаган. Мутахассислиги филолог, ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси. 1980 йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, 1981 йили филология фанлари номзоди бўлди.
Ортиқбой Абдуллаев меҳнат фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаган. У педагогика институтида илмий ходим, “Ўзбекистон маданияти”, “Ўзбекистон овози” газеталарида адабий ходим, “Шарқ юлдузи”, “Соғлом авлод учун”, “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги”, “Жаҳон адабиёти” журналлари ва “Ўқитувчи” нашриётида бўлим мудири, “Чўлпон” нашриётида бош муҳаррир вазифаларида ишлаган.
Абдуллаевнинг “Шеъриятнинг тиниқ осмони”, “Ижоднинг қўш қаноти”, “Қалбга очилган йўл”, “Юрагимга ёзилган йиллар” номли китоблари нашр этилган. Шунингдек, олимнинг бир қатор мақолалари хорижий тилларга таржима қилинган.
У 1991 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвонига сазовор бўлган.
Абдуллаевнинг жаноза намози эртага, 17 март куни соат 13:00да Хумсон қишлоғидаги масжидда ўқилади.
Эслатиб ўтамиз, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, олий таълим аълочиси Карим Ойбекович Эгамқулов шу йилнинг 14 февраль куни 87 ёшида вафот этганди.
Live
Барчаси