“Ўзавтомоторс” юзи қизармай, тез ёрдам учун ҳам автомобилларини отни калласидек нархда сотяпти – Депутат
Жамият
−
21 Июль 2020
15646Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик депутати Расул Кушербоев ҳозирги оғир вазиятда мамлакатнинг енгил автомобилсозлик саноатидаги монопол компанияси “Ўзавтомоторс”га юзланиб, тез ёрдам учун машиналар қиммат нархларда етказиб бераётганини айтиб чиқди. Депутат компанияни бироз имтиёзлар беришга ва халққа кўмакдош бўлишга чақирганди.
“Шу синовли кунларда юртдошларимизга енгил бўлиши учун барча қўлидан келгунча дори дармон, тиббий ускуналар олиш учун ўз ёнидан ҳайрия қилаётган ёки беминнат хизмат кўрсатаётган бир вақтда бизни эркатой монополимиз “Ўзавтомоторс” юзи қизармай, тез ёрдам учун ҳам автомобилларини отни калласидек оширилган нархида сотишда давом этаяпти.
Масалан, Фарғона вилояти ҳокимлиги вилоят аҳолиси учун 20 та янги Damas`ларни 75 млн сўм атрофида сотиб олиб, “тез ёрдам”га топширибди.
Шу “Ўзавтомоторс”га ҳам ҳайронсан. Россиянинг Уфасида автомобиллари очиқда қолиб чириб ётса ҳам ўз халқи учун жилла қурса Damas`ларидан бепул ёки имтиёзлар билан бериш қийинми?”, дейди Кушербоев.
У компания ташкил топганидан буён халқнинг ёнида эканини айтиб келишини эслатиб, пандемия даврида чин маънода одамлар билан биргалигини исботлаши кераклини таъкидлайди.
“24 йил давомида халқимиз билан биргамиз”, деб кўкрагини кераётган бу монопол ҳеч бўлмаса шу оғир кунларда ҳақиқатан халқи билан бирга эканлигини исботласа бўларди.
Аҳир шунча йил шу халқ ҳисобидан ялло қилиб яшади, эртага шу халқ бўлмаса уни “эрка”лигини ким кўтаради, дефектлар билан чиқаётган, отни калласидек қиммат машиналарини ким олади, албатта шу халқ олади. Пулини тўлаб ойлаб кутадиган Россия, Қозоғистон, Украина халқи эмас, шу халқ олади, шу халқ минади. Шу касал бўлаётган одамлар бўлмаса ҳеч кимсан “монопол дўстим”, дейди халқ вакили.
LiveБарчаси