“UzAutoMotors” ва яна 8 та корхонада 2021 йилдан монополияга қарши назорат ўрнатилади

Жамият

image

2021 йил 1 январдан бошлаб тажриба (синов) тариқасида давлат иштирокидаги 9 та корхонада монополияга қарши комплаенс тизим жорий қилинади. Бу ҳақда “Рақобат муҳитини янада ривожлантириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгиланган.

2021 йил 1 январдан бошлаб тажриба (синов) тариқасида монополияга қарши комплаенс тизими жорий этиладиган давлат иштирокидаги корхоналар рўйхати:

1. “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамияти
2. “Кварц” акциядорлик жамияти
3. “Асака” акциядорлик тижорат банки
4. “UzAutoMotors” акциядорлик жамияти
5. “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти
6. “Навоиазот” акциядорлик жамияти
7. “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти
8. “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти
9. “Қизилқумцемент” акциядорлик жамияти.

2021 йил бошидан давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари, табиий монополия субъектлари, товар ёки молия бозорида устун мавқега эга хўжалик юритувчи субъектлар, шунингдек охирги уч йилда товар сотишдан олинган жами тушумининг ўртача йиллик миқдори 30 миллиард сўмдан ошадиган корпоратив буюртмачиларда монополияга қарши комплаенс жорий этилади.

Монополияга қарши курашиш комплаенси – монополияга қарши курашиш бўйича қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишига ва бу борадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий ва ташкилий чора-тадбирлар мажмуи.

Хўжалик юритувчи субъект ўзи учун корпоратив ҳаракат қоидаларини ишлаб чиқади ва уларнинг бажарилиши устидан назорат қилади. Шу тариқа, ҳаракатлар устидан монополияга қарши курашиш бўйича икки турдаги – ички ва ташқи назорат ўрнатилади.

Бундай тизим ходимларнинг монополияга қарши курашиш бўйича қонун ҳужжатларини бузиш, шу жумладан уларни билмаслик натижасида бузиш ҳолатларининг олдини олиш имконини беради. Комплаенсни қўллаш натижасида рақобатга қарши ҳаракатлар, бинобарин монополияга қарши курашиш органлари томонидан жарималар қўлланилиши камаяди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

156

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг