UzAuto Motors бошқарувда хорижликларни ишлатяпти(ми?)

Бизнес

image

UzAuto Motors'нинг маълум қилишича, дунёнинг йирик автомобиль компанияларидан юқори малакали халқаро мутахассислар жалб қилинган.

Қуйида компаниянинг 5 та асосий йўналишини хориж тажрибаси асосида бошқариб келаётган тажрибали мутахассислар билан танишишингиз мумкин:

Аарон Дейл Жонс – UzAuto Motors ижрочи директорининг таъминот тизими ва логистика бўйича ўринбосари. У автомобилсозлик соҳасида қарийб ярим асрлик тажрибага эга. Аарон Жоҳнс ўз фаолиятини 1976 йилда энг йирик автомобилсозлик компанияси “General Motors”нинг ишлаб чиқариш бўлимидан бошлаган. Фаолиятининг турли даврларида у General Motors'нинг топ-менежментида асосий ўринларни эгаллаган. Аарон Жонс General Motors корпорациясидаги кўп йиллик фаолияти давомида ишлаб чиқариш технологиялари бўйича директор, сифат ва етказиб берувчиларни сифати бўйича директор, шунингдек, халқаро таъминот занжири операциялари, ишлаб чиқариш ва глобал таъминот бўйича директор бўлиб ишлаган. Жорий йилнинг июнь ойида у UzAuto Motors компаниясига таъминот занжири ва логистика йўналишларини самарали бошқариш мақсадида таъминот тизими ва логистика бўйича ижрочи директор ўринбосари сифатида жалб этилган.

Дипак Кумар Сингҳ – компаниянинг етказиб берувчилар сифати бўйича маслаҳатчиси.  У автомобилсозлик саноатидаги бутун фаолияти давомида General Motors компаниясида сифат ва етказиб берувчиларни ривожлантириш соҳасида ишлаган. У йиллар давомида етказиб берувчилар сифати бўйича муҳандис, шунингдек, General Motors компаниясининг Ҳиндистон ва Шимолий Америкадаги глобал харид стратегияси муҳандиси лавозимларида фаолият юритган. Айни дамда Дипак Кумар Сингҳ UzAuto Motors етказиб берувчиларининг сифати бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлаяпти. У UzAuto Motors заводи учун комлектация етказиб берувчиларининг маҳаллий тармоғини ривожлантириш билан шуғулланади. 

О Кангсе – Машинасозлик ва техник хизмат кўрсатиш бўйича маслаҳатчи. У автомобилларни ишлаб чиқариш ва сифатини назорат қилиш соҳасида 40 йилдан ортиқ тажрибага эга. Кўп йиллик фаолияти давомида Оҳ Кангсе дунёнинг кўплаб йирик компанияларининг ишлаб чиқаришини лойиҳалаш соҳасининг етакчи мутахассисига айланган. Ўз фаолиятини Hyundai Motors (Корея) компаниясининг муҳандис-технологи сифатида бошлагач, Оҳ Кангсе бир қатор лавозимларда, жумладан, “Samsung Motors” (Корея) компаниясининг ишлаб чиқаришни лойиҳалаш ва сифат назорати бўйича директори, “Sevon Presision Ltd” компаниясининг техник директори, шунингдек, “EINS Automation, Ltd.” (Таиланд) саноат ускуналарини ишлаб чиқариш компаниясининг вице-президенти лавозимларида фаолият юритган. Ҳозирда Оҳ Кангсе UzAuto Motors компаниясининг Машинасозлик ва техник хизмат кўрсатиш бўйича маслаҳатчиси бўлиб келмоқда.

Жаэчеол Парк – UzAuto Motors'нинг халқаро ишлаб чиқариш тизимлари бўйича эксперти. Дунё бўйича йирик корхоналарда 37 йиллик меҳнат тажрибасига эга. Фаолияти давомида Жаэчеол Парк Хитой, Корея, Ҳиндистон, Таиланд, Австралия ва Ўзбекистоннинг 26 та автомобиль ва қувват агрегатлари заводларида GM GMS глобал ишлаб чиқариш тизимини ўқитиш ва текшириш ишларини амалга оширган. Бундан ташқари, у бир қатор корхоналарнинг сифат даражасини BIQ4 халқаро даражасига кўтарган. Шунингдек, Жаэчеол Парк Ўзбекистондаги UzAuto Motors заводида CSS Prime янги авлод двигателлари ишлаб чиқаришни ишга туширишда, Асака ва Питнакдаги UzAuto Motors заводларида BIQ4 ишлаб чиқариш сифати сертификатини олишда фаол иштирок этган.

Михаил Семенихин – Ўзбекистон ва экспорт бозорларида Chevrolet бренди дилерлик тармоғи, маркетинг, PR'ни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи. У Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ва хориж мамлакатларидаги энг йирик компанияларда бренд, дилерлик тармоғи ва сотувни ривожлантириш бўйича 30 йилдан ортиқ тажрибага эга. Семенихин фаолиятининг 23 йилини Volksvagen Group корпорациясининг савдо тармоғини, шунингдек, “Bosch-Siyemens Hausgeräte GmbH” халқаро компаниясини ривожлантиришга бағишлаган. 2023 йилнинг июнь ойидан бошлаб у UzAuto Motors компаниясида Ўзбекистон ва экспорт бозорларида Chevrolet бренди дилерлик тармоғи, маркетинг, PR'ни ривожлантириш бўйича бошқармаси раҳбари лавозимида ишлаб келмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг