“UzAuto Motors” автомобиллари учун олдиндан тўлов 50 фоизгача камайтирилади
Жамият
−
14 Февраль 2022
18241Жорий йилнинг 1 майига қадар автомобиль харидидаги навбатларни тўлиқ бартараф этилади ҳамда “UzAuto Motors” автомобиллари учун олдиндан тўлов миқдорини 85 фоиздан 50 фоизгача пасайтирилади. Бугун, 14 февраль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев машинасозлик саноатида амалга оширилаётган ишлар ва 2022 йилдаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда шундай вазифа қўйди.
Йиғилишда Президент соҳага масъул “Ўзавтосаноат” АЖ раиси Шавкат Умурзоқовга ишлаб чиқаришни ошириш ва аҳолининг талабини тўлиқ қондириш бўйича тинимсиз ишлаши шартлиги кўрсатиб ўтди.
Шунингдек, Мирзиёев жаҳонда микрочиплар ишлаб чиқариш ва халқаро логистика билан боғлиқ муаммолардан келиб чиқиб янги ёндашув ва ечимлар топиш зарур эканини таъкидлади.
Умуман, машинасозлик тармоғи саноатнинг “драйвер” соҳаларидан бири бўлиши кераклиги таъкидланди.
Бу борада, беш йиллик Тараққиёт стратегиясида автомобиль ишлаб чиқаришни 1,4 баробарга, экспортини эса 2 баробарга ошириш белгилаб олинган.
Шу муносабат билан 1 майга қадар автомобиль харидидаги навбатларни тўлиқ бартараф этиш, "UzAuto Motors" автомобиллари учун олдиндан тўлов миқдорини 85 фоиздан 50 фоизгача пасайтириш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, Ш.Умурзоқов зиммасига бир ҳафта муддатда автомобиль савдосида очиқ-ошкора ва инсон омилидан холи тизимни йўлга қўйиб, сунъий навбатлар ва коррупцион ҳолатларни таг-томири билан йўқ қилиш учун шахсий жавобгарлик юкланди.
LiveБарчаси