Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир ёҳуд қачонгача “қовун туширасиз”?
Таҳлил
−
11 Сентябрь 2019
34795XVIII асрнинг иккинчи ярмида Францияда нарх-навонинг ошиб кетиши натижасида халқнинг, ҳатто, нон сотиб олишга қурби етмай қолади. Шунда қиролича Мария Антуанеттага “Халқ нон сотиб олишга қийналяпти, нарх-наво ошиб кетди”, дея мурожаат қилади Жан Жак Руссо. Қиролича унга: “Модомики, халқ нон сотиб ололмаётган экан, унда “пирожный” сотиб олиб есин”, деган гапни айтади. Бу билан Мария Антуанетта ўзига хос “дипломатия” сабаб вазиятдан чиқиб кетган эди. Қироличанинг ўйламасдан айтган гаплари кейинчалик унинг бошига бало бўлиши ва алалоқибат қатл этилишига олиб келади. Чунки, халқнинг сабр-косаси тўлган эди. Гуё Мария учун халқнинг қийналаётгани муҳим эмас, у тожу-тахтни ирод этса бўлгани эди.
Бу қадимги воқеа бежиз эсланмади. Бугун юқори лавозимларда фаолият юритаётган раҳбарлардан тортиб, уларнинг атрофидаги раҳбарчаларгача катта-катта анжуманларда, йиғилишларда айтаётган гапларини эшитиб, уларнинг халқ дарди, орзу-умидларидан узилиб қолгани, рўзғори, кундалик ташвишларидан бехабарлигини, дунёйи дунни беш қаричи билан ўлчаётганини кўриб, хаёлимдан Мария хоним ўтади.
Жуда кўп гўшт истеъмол қиляпмиз
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мажлислар залидаги матбуот анжуманида иштирок этган Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Ҳайитовнинг “Жуда кўп гўшт истеъмол қиляпмиз”, деган гаплари бугун ижтимоий тармоқларни ларзага келтиряпти. Кўп гўштни сиз истеъмол қиляпсизми ё бизми, деган ҳақли саволлар, турли мулоҳазаларни келтириб чиқаряпти.
Актам Ҳайитовнинг гапи сўзимиз аввалида тилга олинган ва иборага айланиб кетган француз қироличасининг нон сотиб ололмаса “пирожный” олиб есин деган гапларига ўхшашлигини пайқайсан киши.
Дунё тажрибасида мансабдорлар бошқаларга қараганда, матбуотга жавоб беришда ниҳоятда эҳтиёткор бўлади. Бизда эса ОАВ билан ишлашда давлат амалдорларнининг аксариятида тажриба етишмайди. Чунки, мансабдор юқори лавозимга эришгунга қадар ўзининг бошлиқларига мажлисларда, жамоатчилик орасида муносабат билдиришга чўчийди ва натижада у фақат қоғозга қараб ҳисобот ўқиб беришни уддалайдиган шахсга айланади. ОАВ саволларига жавоб бериш, одамлар билан мулоқот қилиш пайти келганда эса, аниқ бир жавоб тополмай ҳиссиётларга берилиб, оғзига келганини гапириб юборади ва сон-саноқсиз “қовун туширади”.
Яқинда хорижий русумдаги қимматбаҳо автомобилни бошқараётган қирғиз депутатларининг автоулов ўзингизникими, уни олиб келишда декларация тўлдирганмисиз, бу автомобиль кимнинг номида каби бир қатор саволларга йўл-йўлакай, туйқусдан берган жавоблари туширилган видео тарқалди. Депутатлар шунчалик оғир-босиқлик, вазминлик билан жавоб бердики, бундан унинг нутқ дипломатиясидан яхшигина хабардорлиги, асосийси савол берувчиларни жеркиб ташламагани, вазиятдан силлиқ чиқиб кетганига гувоҳ бўласан киши. Ростан ҳам ҳалол пулига, ойлигига Lexus олиб минибди деворасан.
Қўшни республика депутатларининг босиқлик билан жавоб берганини кўриб, ўзимизнинг айрим амалдорлар ҳам автомобили ҳақида гапирмаса ҳам бажараётган ишлари ҳақида ҳисоб беришга келганда қирғизистонлик мансабдорлардан ўрнак олса бўларди, деган ўй ўтади. Чунки, ҳиссиётга берилиб пойинтар-сойинтар жавоб бераётганларнинг ижтимоий тармоқдарда “юлдуз”га айланаётгани фахр эмас, аксинча, уят.
Йиллар давомида раҳбарликка, юқори лавозимларга тайинланиб, халқнинг, республиканинг эртасини ҳал қилаётган, иқтисоддан тортиб сиёсатнинг тизгинини тутиб турганларда на нутқ, на нотиқлик санъати, на сўзлашув маданияти ва на дипломатия йўқлигини кўриб, ачинасан киши. Биз шуларга ишондикми?
Анжуманлардан бирида сиёсий ва иқтисодий инқирозлар сабаб инфляцияни бошидан ўтказаётган Венесуэлага нисбатан Ўзбекистонни қиёслашди. Буни гапирган одам ҳам кичкина лавозим эгаси эмасди. Унинг ўхшатиши қанчалик тўғри? Ўша Венесуэлада биргина бензиннинг нархи ичимлик сувидан ҳам арзон экан. Яъни 10 центга 1 литр бензин сотиб олиш мумкин.
Касбимиз тақозоси билан брифинглар ва матбуот анжуманларида иштирок этишимизга тўғри келади. Ана шундай вазиятларда аксар амалдорларнинг ОАВ ходимларига нисбатан кескин жавоб қайтаришига, журналистларни мулзам қилишига ёки бепарволик билан бошқа мавзуга ўтиб кетаётганига гувоҳ бўламиз. Боз устига олди-қочди жавоблар ҳам тез-тез учраб туради.
Бир ой илгари Давлат тест марказининг матбуот анжуманини ёритиш учун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг мажлислар залига бордик.
Хўп, эътиборга оламиз
Тадбир расман очилгандан сўнг марказ мутасаддиси Барно Ражабовнинг узундан-узоқ маърузаси тингланди. Тўғрироғи бу маъруза қоғозга туширилган ҳисобот шаклида эди. Ёзма нутқ оғзаки кўринишда якунига етиши ҳаманоқ, саволлар борми дейилди. Этикетга амал қилиб, савол ва таклиф билан мурожаат қилдим. Бироқ мутасадди хўп эътиборга оламиз, дедию саволга жавоб ўрнига гапни бошқа томонга йўналтирди. Бу билан ОАВ ходими бўлсанг ўзингга, бу ерда мен ҳал қиламан нимани гапириш-гапирмасликни дегандек эди гуё. Барно Ражабовга саволимга жавоб бермадингиз деганимдан кейингина ёнидаги ДТМ матбуот хизмати раҳбари билан жавоб беришга ҳаракат қилди.
Ўткир савол беряпсиз, лекин...
Минг афсуски, журналистларнинг саволларига тўлиқ жавоб бермаслик, бурилиб ўтиш, матбуот анжуманига тайёрланиб келмаслик каби ҳолатлар барибир кузатиляпти.
Шу йилнинг 10 сентябрь куни QALAMPIR.UZ мухбири Феруза Нажмиддинова Ахборот ва оммавий комммуникациялар агентлигида Марказий банк раиси ўринбосари Ориф Бўтаевга ОАВнинг ёзма мурожаати натижаси бўйича савол берди. Банк мутассаддисининг тўмтоқ жавобидан кейин унга бошқа савол бермаслик жоиз топилди. Энг қизиғи журналист ўз саволига батафсил жавоб олиш учун қайта-қайта савол билан мурожаат этганда, “Ўткир савол беряпсиз, лекин...” деган писанда жавоб олди. Хўш, журналист ўткир савол бермаса, анжуманга нимага чақирилди: томошабин бўлиб, қарсак чалиб келганими?
Ўтган ой Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикаси Жаслиқ қўрғонида жойлашган колонияни тугатишга оид қарори юзасидан ИИВ томонидан ўтказилган матбуот анжуманида ҳам Ички ишлар вазири ўринбосари Баҳром Одилов журналистларнинг саволларига тўмтоқ жавоблар берган эди.
Бир пиёла чой устида гаплашамиз
Тошкентнинг Навоий кўчасида Миллий матбуот маркази деган журналистларнинг “иккинчи уйи” бор. Ўша ерда кўп кузатилади. Сиз саволни нотўғри бердингиз, ундай, бундай, анақа-манақа, ваколатимга кирмайди...
Баъзан тадбирга келган журналистни мулзам қилиш ҳам учраб туради. “Ака ёки опа жуда кўп савол бердингиз, энди жавоб бериб тушунтиргунимча фалондай-писмадондек қисқа жавоб келади. Сиз битта нарсани тўғри тушунинг, келинг, шу саволингизни бир пиёла чой ташкил қилганмиз, ўша ерда кофебрейкда гаплашайлик” дейиладиган вазиятлар сабаб буриб юборишади. Чунки тайёрланмаган, ортиқча саволларга жавоб беришга на хуши бор ва на илми. Қоғоздагини ифодали ўқиб беришга тайёрланиб келган. Бир нафасда ифодали ўқиш дейдилар буни.
Анжуманда журналистларга тарқатилган Пресс-релизларни нуқта-вергулигача бир хил ўқиб бериш анъанага айланган. Оқибатда вақт ва пул сарф қилиб анжуманга борган журналист қоғозда ёзилган гапларни спикернинг оғзидан эшитиб қайтади. Ўша “нотиқ”ларнинг қўлидан қоғозини олиб қўйсангиз борми... Фонограммада қиёмига келтириб қўшиқ куйлаётган, электр узилгач, шармандаларча оёғини қўлига олиб қочадиган хонандани тасаввур қилаверинг.
Пресс-релизда ёзиб қўйганмиз
Тўғри аксар амалдорлар нутқ сўзлашга нўноқлик қилар, лекин уларни бунинг бўлгани шу деб эмас, керак бўлса нутқ ирод қилишга ўргатиш керак. Модомики, улар Ватан равнақи йўлида ҳаракат қилаётган экан, уни амалда ўз нутқи орқали исбот қилиши, жонли ва жонсиз эфирларда одамлар бўлаётган ҳар бир ишни журналистдан эмас, мансабдордан эшитсагина эртанги кунга бўлган ишонч ортади.
Агар амалдор Тошкентнинг Олмазор тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмоновга ўхшаб, нутқ ирод қиляпман деб, йиғилишдагиларни “чиройли” сўзлар билан “сийласа”, уларни қаматиш, ишдан бўшатиш билан таҳдид қилса, бундай “нотиқ”нинг бизга кераги бўлмайди.
Муаммонинг ечими
Жаҳон илм-фанига улкан ҳисса қўшган буюк аждодларимиз Абу Наср Фаробий, Ибн Сино, Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий, Маҳмуд Кошғарий шунингдек, миллати ва мамлакатининг тақдирини ўзгартирган Авраам Линкольн, Уинстон Черчил, яқин ўтмишнинг энг бой одамларидан бир бўлган марҳум миллиардер Стив Жобс, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ҳам айнан нотиқлик сабаб ўз кўзлаган мақсадига эришган, халқнинг ишончига сазовор бўлган.
Кузатишлар шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон таълим тизимида нотиқлик ва нутқ маданиятига оид дарсликлар ҳамда ўқув соатлари етарли эмас. Шунинг учун мутасаддилар бу камчиликларни қайта кўриб чиқиши, олий таълим муассасаларининг ҳар бирида нотиқлик ва нутқ маданияти бўйича дарсларни жорий этиш, нотиқ дипломатларни тайёрлайдиган махсус мактабларни ташкил этиши долзарб масалалардан бири ҳисобланади.
Бизга мулоқот керак
Инчунун, халқ билан мулоқотнинг энг самарали усули бу йиллар давомида инкор қилинган бюрократия эмас, балки, очиқ ва самимий руҳдаги оғзаки мулоқот дипломатияси ҳисобланади.
Амалдор битта нарсани англаши керак. Мулоқот инсон ҳаётида энг муҳим ва энг мураккаб жараёнлардан ҳисобланади. Чунки ҳар бир инсон мулоқот жараёнида шахс сифатида шаклланади ва шахс сифатида ўзини намоён қилади. Шундан келиб чиқиб, ҳар бир конкрет жараён мулоқотга киришаётган шахс олдига муайян бир вазифани қўядики, ушбу вазифа ва талаблар турли хил шароитларда мулоқотнинг турлича ташкил қилинишига сабаб бўлади.
Инсон онги ва қалби учун кураш кечаётган бугунги шароитда ҳар бир мансабдорнинг олдига одамларнинг, халқнинг манфаатларини ифода этиш юклатилган экан, У бунда энг асосий талаблардан бири нотиқлик маҳоратини эгаллаш, жонли сўзнинг таъсир кучидан фойдалана билиши шартдир.
LiveБарчаси