“Уйим бир кунда вайронага айланди”. Бўстонлиқда ёниб кетган 7 хонадондан репортаж (видео)

Таҳлил

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 20 сентябрь куни Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, Чинор МФЙ, Ширмонбулоқ кўчасида жойлашган 7 уй ёниб кетди. QALAMPIR.UZ зудлик билан воқеа содир бўлган ҳудудга етиб борди. Бу ерда иш қизғин. Аллақачон вайронага айланган уйларни тозалаш ва янги бинолар қуришга тайёрлаш ишлари бошлаб юборилганига гувоҳ бўлдик. 

Ёнғин шу куни соат 14:00 ларда Ширмонбулоқ кўчасида жойлашган 7 та уйда содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, мазкур ёнғин С.Саидбобоевга тегишли 38-уйда келиб чиққан. Электр узатгичда юзага келган қисқа туташув оқибатида уйнинг том қисмида чиққан ёнғин, ёнма-ён жойлашган 30, 32, 34, 36, 40-уйларга ўтган.

“Туман ҳокимлиги ҳузурида штаб ташкил қилинди. Айни вақтда ёнғин оқибатларини бартараф этиш, тозалаш ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳаловчи ташкилотлар ҳам ҳудудга келиб, уйларни тиклаб бериш масаласи кўриб чиқилмоқда. Барча харажатлар ҳомийлик ёрдами ва ҳокимлик маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Уйи ёниб кетган фуқароларни озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминладик. 

Қайд этилишича, ёнғин оқибатларини бартараф этиш ва 7 та хонадонни тиклаш бўйича Тошкент вилояти ҳокимининг қарори ҳам қабул қилинган бўлиб, унга аҳолини зарур маиший техникалар билан таъминлаш масаласи ҳам киритилган”, дейди Бўстонлиқ тумани ҳокими Жўрабек Аҳмедов. 

Ёнғинни бартараф этиш учун ФВВ туман бўлимининг 65 нафар ходими, 9 та ўт ўчириш махсус автомашиналари, 3 та сув ташиш техникасиҳамда туман йўл қурилиш бўлимининг 3 та сув ташиш техникаси жалб этилган. 

Шунингдек, ёнғинни ўчириш учун туман ИИБнинг 6, Миллий гвардия туман бўлимининг 10, маҳалланинг 50 нафар кўнгилли ёшлари жалб қилиниб, қурилган тезкор чоралари натижасида соат 18:00 ларда ёнғин тўлиқ ўчирилган. 

“Ёнғин сабаб уйим бир кунда вайронага айланди. Икки ўғлим, икки келиним, тўрт набирам билан яшаб келаётгандим. Уйни энди янги таъмирлатаётгандик. Янги туника олиб келиб, том қисмини таъмирлатаётганимда шундай воқеа юз берди. Ҳоким санаторийдан жой қилиб бераман деди. Рози бўлмадим, қизимникида қоляпман”, дейди уйи ёнган Шоира Тўйчиева.  

Ёнғиндан талафот кўрган уй-жой эгалари ҳақида маълумотлар:

1.    30-уй – Фахриддин Рўзибоевич Матбобоев, 05.10.1964 йилда туғилган, хонадонда 3 нафар оила аъзолари истиқомат қилган. 
2.    32-уй – Шоира Тўйчиева, 05.03.1959 йилда туғилган, хонадонда 9 нафар оила аъзолари истиқомат қилган. 
3.    34-уй – Ҳилола Хайдаралиева, хонадонда 7 нафар оила аъзолари истиқомат қилган. 
4.    36-уй – Тоир Рўзибоевич Минязов, 22.03.1960 йилда туғилган, хонадонда 4 нафар оила аъзолари истиқомат қилган. 
5.    38-уй – Салим Туланович Саидбобоев, 30.03.1963 йилда туғилган, хонадонда 6 нафар оила аъзолари истиқомат қилган.
6.    40-уй – Карим Туланович Саидбобоев, 27.04.1959 йилда туғилган, хонадонда 6 нафар оила аъзолари истиқомат қилган. 
7.     44-уй – Ҳайитвой Саидбобоев, 10.01.1955 йилда туғилган, хонадонда 10 нафар оила аъзолари истиқомат қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

118

Рейтинг

4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг