Уйғониш учун яна қанча “будильник” керак? – БМТ дунёга чақириқ билан чиқди

Олам

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби Антониу Гутерриш ҳароратнинг кўтарилиб бориши аср охирига келиб сайёранинг катта ҳудудларини яшаш учун яроқсиз ҳолга келтиришидан огоҳлантирди. Унинг сўзларига кўра, иқлим инқирози табиий офатлар ва коронавирус пандемиясидан ҳам хавфлироқ юқумли касалликларнинг авж олишига олиб келади.

Таъкидланишича, Шотландиянинг Глазго шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТнинг иқлим бўйича конференциясида иштирок этадиган етакчилар, айниқса G20 мамлакатлари иқлим фалокатини бартараф этиш учун дадил ва улкан қадам ташлаши керак.

“Уларнинг ҳаракатлари ушбу глобал фавқулодда вазиятга қанчалик жиддий муносабатда эканлигини кўрсатади. 2100 йилга бориб сайёрадаги ҳарорат 2,7 даражага  ошиши мумкин. Агар шундай бўлса, сайёранинг катта ҳудудлари аср охирига келиб яшаш учун яроқсиз бўлиб қолади”, дейди БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш.

Маълум бўлишича, инсониятнинг ҳарорат кўтарилишини тўхтатишга қаратилган мақсадларга етишига ҳали анча бор.

UNEP ҳисоб-китобларига кўра, 2021 йил охирида карбонат ангидрид чиқиндилари 33 гигатоннага етади. Умумий иссиқхона газлари ҳисобга олинса, йиллик эмиссия 60 гигатоннани ташкил қилади. 

“Иқлим ўзгариши келажакнинг эмас, ҳозирги куннинг муаммоси. Глобал исишни 1,5 даражага кўтарилишини ушлаб туриш учун бизда саккиз йил бор. Бу даврда иссиқхона газлари чиқиндиларини деярли ярмига камайтириш керак. Соат миллари айланишда давом этяпти”, дейди UNEP Ижрочи директори Ингер Андерсен. 

БМТ Бош котибининг таъкидлашича, ҳозирча, иқтисодиётни тиклаш учун ажратилган сармояларнинг атиги 20 фоизи яшил иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Иқлим ўзгариши билан боғлиқ янги ҳисобот – бу огоҳлантиришдир.

“Иқтисодиётни тиклаш учун ажратилган сармояларнинг атиги 20 фоизи яшил иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Дунё етакчиларининг КC26 иқлим конференциясида иштирок этишга ҳозирлик кўраётганида, UNEP ҳисоботи навбатдаги баланд “будильник” каби янгради. Уйғониш учун яна қанча қўнғироқ керак?”, дейди БМТ бош котиби.

Қайд этиш керакки, глобал исиш оддий статистика эмас. Ҳароратнинг кўтарилиши музнинг тезроқ эришига, денгиз сатҳининг кўтарилишига, тез-тез иссиқлик тўлқинлари кузатилиши ҳамда бошқа кескин об-ҳаво ҳодисаларининг келиб чиқишини англатади. Шунингдек, бу озиқ-овқат ишлаб чиқаришга, барқарор ривожланиш, инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга тобора жиддий таъсир кўрсатади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

166

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг