Уйдаги “самолечение”: Ангренда 11 яшар қиз антибиотик воситасидан вафот этгани айтилмоқда
Жамият
−
29 Октябрь 2021
8837Ижтимоий тармоқда Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида яшовчи 11 яшар қиз “Цефтриаксон” дори воситаси туфайли пайдо бўлган аллергик реакция сабаб вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Тарқалган хабарларда воқеа жорий йилнинг 20 октябрида содир бўлгани, сурункали бронхит сабаб мунтазам даволаниб келадиган 11 ёшли бемор шифокор кўрсатмасига биноан “Цефтриаксон” антибиотигини қабул қилгани айтилади.
Шунингдек, тармоқда тарқалган хабарда беморга укол қилинганидан сўнг, 3 дақиқа ичида унинг қўлларида кўкаришлар, кўзларида қизариш, кўнгил айниши бошлангани айтилган. 10 дақиқа ичида бемор ҳудудий шифохонага олиб борилган, ўша ерда дастлабки юрак уришдан тўхташ ҳолати кузатилган. Шифокорлар тезкор ҳаракатлар билан юрак фаолиятини тиклашга муваффақ бўлишади. Аммо кейинчалик бу ҳолат яна икки марта такрорланади ва тонгда бемор юраги бутунлай тўхтайди.
Хабарда бемор шу кунга қадар ҳам “Цефтриаксон” антибиотигини мунтазам қабул қилгани, аммо реакция кузатилмагани билдирилган.
Ҳолат юзасидан QALAMPIR.UZ Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан боғланди. Вазирлик Матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев Ангренда 11 ёшли бемор вафот этганини тасдиқлади.
ССВ матбуот котибининг маълум қилишича, бемор антибиотикни шифокор кўрсатмасисиз қабул қилган. Бу жараён уйда амалга оширилган бўлиб, “Цефтриаксон” антибиотигини қўллашдан аввал, реакция бериш ёки бермаслигини текшириш учун “проба” ҳам қўйилмаган. Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, беморнинг ўлимига дори воситаси инъекцияси (Цефтриаксон) сабаб бўлган бўлиши мумкин.
“Аслида антибиотикларни шифокор рецептисиз сотиш қонун билан тақиқланган. Кейинги пайтларда кўпчилик одамлар яллиғланиш жараёнларида, тана ҳарорати кўтарилганда ва бошқа касалликларда ҳам билиб-билмай, антибиотиклардан фойдаланишни одатга айлантирди. Айниқса, бугун коронавирусга чалинган юртдошларимиз орасида ҳам ўзбошимчалик билан антибиотик ва гормон олиш ҳолатлари жуда кўп кузатилмоқда. Таъкидлаш лозимки, бунга нафақат уларнинг етарли тиббий билимга эга эмаслиги, балки айрим ҳолларда дорихона эгаларининг ушбу дори воситалари билан савдо қилиш бўйича юртимизда белгиланган тартиб-қоидаларни четлаб ўтаётгани ҳам сабаб бўлмоқда”, дейди Фурқат Санаев.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь