USAID Ўзбекистон ва “Толибон” орасида жанжал чиқармоқчими?
Таҳлил
−
16 Март
14697Қўштепа ортидаги навбатдаги сирлар
2022 йилда “Толибон” Марказий Осиёдаги навбатдаги жиддий муаммоларга сабаб бўлувчи лойиҳани бошлаганди. Ўзбекистон ва Туркманистонда сув билан боғлиқ ҳалокатли вазият ҳосил қилиши айтилган Қўштепа канали қурилишининг старт олиши хавотирли қарши олинди. 2023 йилда Ўзбекистон Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев эса мазкур канал лойиҳаси ортида “бошқа кучлар” ҳам борлигини маълум қилганди. Мазкур ҳафтада эса ўшандай тахминий кучлардан бирининг номи ўртага чиқди. Афғонистондаги Қўштепа сув иншооти қурилиши лойиҳаси АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигидан яширин тарзда молиялаштирилган ва бу ёрдам “Толибон” даврида ҳам давом этган дея даъво қилинмоқда. Бу мазмундаги мақола ҳафта охирида тарихи бир асрдан кўпроқ бўлган, дастлаб Совет Иттифоқи, кейинчалик Путин Россиясининг тарғибот машинаси сифатида фаолият олиб бориши айтиладиган “Известия” нашри томонидан чоп этилди. Нашрга кўра, лойиҳа қиймати 700 миллион долларни ташкил этади ва каналнинг 80 фоизи қуриб битказилган, аммо келажаги кун сайин мавҳумлашаётган USAID ёрдамининг узилиши қурилишнинг тўхтаб қолишига олиб келиши мумкин. “Известия” ушбу сув иншоотининг қурилиши назоратсиз амалга оширилаётгани, каналнинг ибтидоий тарзда қазилиши суғориш тизимининг бузилишига ва экологик оқибатларга олиб келиши, шунингдек, Амударёдан сув оқимининг бурилиши Туркманистон ва Ўзбекистонда сув инқирозига олиб келиши ҳақидаги анчдан буён айтилаётган прогнозларни такрорлаган. USAID'нинг ушбу лойиҳани молиялаштириш мотиви сифатида эса агентлик Марказий Осиёдаги вазиятни беқарорлаштиришга ва Қобул устидан таъсир ўтказишга интилгани тахмин қилинган.
“Известия” нашрининг мақоласида келтирилган баъзи нуқталарга қўшилмасликни иложи йўқ. Жумладан, Қўштепа канали USAID томонидан молиялаштирилган тақдирда, уни “Толибон” қураётгани ҳисобга олинса, бу борадаги ишлар ибтидоий тарзда амалга оширилаётган бўлиши табиий. Буни ҳатто 2023 йилнинг охирида канал қурилиши давомида унда жиддий авария юз бергани ва “Толибон” буни бартараф этмаганидан ҳам билиш қийин эмас. Ўшанда каналдан сув сизиб чиқиш ҳолати юз берганди. 5 ноябрь куни сув тарқалган ҳудуднинг майдони 19,5 км кв, 25 ноябрда – 23,8 км кв, 13 декабрга бориб эса 30,3 км кв ни ташкил этиб, сувни тўхтатиш чоралари кўрилмаганди. Экспертлар фикрича, ушбу ҳолат канал деворлари Амударёдан келаётган сув оқимининг босимига бардош бера олмагани натижасида юзага келган. Аммо мазкур авариядан сўнг, канал қурилишига масъул афғон муҳандислари ерости сизот сувларининг меъёрини назорат қилиш мақсадида каналнинг 75,6-километрида сув мақсадли равишда очиқ ҳудудга йўналтирилганини таъкидлаганди.
Қўштепа канали 3 босқичда қуриб битказилиши лозим. Афғонистон Миллий тараққиёт корпорацияси вакилларининг сўзларига кўра, мамлакат шимолидаги мазкур канал қурилиш жараёнининг иккинчи босқичи аллақачон 81 фоизга, тўғон қурилиши эса 67 фоизга бажарилган. Ишнинг иккинчи босқичи 2024 йилда бошланган ва 2025 йилнинг мартида якунланиши режалаштирилган эди, бироқ “Известия”нинг ёзишича, юқорида таъкидланганидек, унинг 700 миллион долларлик маблағи Трамп маъмурияти томонидан музлатиб қўйилган АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигидан (USAID) келган. Молиялаштиришнинг тўхтатилиши эса лойиҳанинг амалга оширилишига таъсир қилиши мумкин. Нашрнинг ҳолатдан хабардор манбасига кўра, USAID бу лойиҳани Афғонистоннинг аввалги ҳукумати даврида молиялашни бошлаган, бироқ ҳукумат ўзгарди, “Толибон” келди ва америкаликлар “Толибон”га нисбатан бутунлай бошқача муносабатда бўлишига қарамай, молиялаштириш давом этди. “Известия”нинг манбаси ҳомийлик турли манбалар остида яширинганини таъкидлаган. Қайд этилишича, Қўштепани USAID орқали молиялаштиришни давом эттириш қарори Вашингтоннинг икки томонлама ўйини бўлган. “Известия” манбаси АҚШ ундан бир вақтнинг ўзида бир нечта давлатларга таъсир ўтказиш дастаги сифатида фойдаланган деган фикрни ўртага ташлаган. Унга кўра, бир томондан, лойиҳа “Толибон”нинг ташқи молиявий оқимларга қарамлигини ошириб, Вашингтонга Қобул устидан яширин назоратни сақлаб қолиш имконини беради. Бошқа томондан эса, Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистонда сув ресурсларининг қисқариши минтақадаги барқарорликни бузиш учун кескинлик нуқталарини юзага келтириши мумкинлиги айтилади.
Аслида эса Афғонистон шимолидаги чўл ҳудудларини Амударё сувлари билан суғориш ғояси 50 йилдан кўпроқ вақт олдин мамлакатнинг биринчи президенти Муҳаммад Довуд Хон даврида пайдо бўлган. Бироқ бу режалар 1979 йилги инқилоб ва ундан кейинги фуқаролар уруши туфайли барбод бўлди. Лойиҳа 2018 йилда собиқ президент Ашраф Ғани даврида қайта очилган. Лойиҳага кўра, сув каналининг узунлиги 285 километр, кенглиги 100 метрни ташкил қилади. Лойиҳачиларнинг фикрича, канал Балх, Жузжон ва Фарёб вилоятларидаги қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш имконини беради. Амударё эса Марказий Осиёнинг асосий дарёларидан бири ва у Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон ва Афғонистонни сув билан таъминлайди. Бироқ сўнгги ўн йилликларда унинг сув сатҳи кескин пасайиб кетди. Қўштепа эса ҳар доим таъкидланиб келинганидек, вазиятни янада оғирлаштиради. Унинг қурилиши сув тақсимоти мувозанатини бузади. Марказий Осиё давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштирувчи комиссияси маълумотларига кўра, янги канал ҳисобига Амударёнинг қуйи оқимидаги кўллар зарур сув оқимининг атиги 30 фоизини олади. Бу эса чўлланиш жараёнининг тезлашиши ва қурғоқчиликнинг кучайишига олиб келади.
“Пиёнисталар”нинг юзлаб қурбонлари
Жорий йил 24 – январь куни Олий Мажлис Сенатининг учинчи ялпи мажлисида ўтган 2024 йил мобайнида 9364 та йўл-транспорт ҳодисалари содир этилиши оқибатида 2203 нафар инсон ҳалок бўлгани ва 8901 нафар инсон тан жароҳати олганини маълум қилинганди. Албатта, ЙТҲлар турли сабабларга кўра содир бўлади. Тезликни белгиланган меъёрдан ошириш, йўллардаги носозликлар, пиёдалар омили, қоидаларга риоя қилмаслик ва яна шунга ўхшаш омиллардир. Буларнинг кўпчилиги эҳтиётсизлик, эътиборсизлик ёки кутилмаган бахтсиз ҳодисалар бўлиши мумкин. Аммо улар ичида яна бир жиҳат борки, бу атрофдагилар жони ва ҳаётига беписандлик ва уларни сариқ чақага илмасликдан бошқа нарса эмас. Бу маст ҳолатда автомобиль бошқариб, инсонлар ўлимига олиб келган автотранспорт ҳодисасини содир этишдир. Чунки спиртли ичимлик ёки бошқа моддалар таъсирида улов бошқарувига ўтириш онгли равишда йўлдагиларнинг ҳаётини хавф остига қўйишдир. Бу борада эса Ўзбекистонда сўнгги 5 йилда юзлаб ҳаётдан кўз юмишлар кузатилган.
14 март куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ишчи гуруҳининг йиғилишида Ўзбекистонда 2020–2024 йиллар давомида маст ҳайдовчилар сабабли 600 га яқин йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган ва бунинг оқибатида 322 нафар фуқаро ҳалок бўлганлиги маълум қилинди. Шунинг учун мазкур йиғилишда мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари томонидан Жиноят кодексининг 266- яъни “Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш” моддасини ўзгартириш ва унга қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар муҳокама қилинган.
Шу ўринда маст ҳолатда автотранспортни бошқариб, фуқаролар ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчиларга бугунги қонунчиликка кўра, қандай жазо қўлланилишига тўхталсак. Амалдаги Жиноят кодексининг 266-моддасига биноан, Транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса — уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланашини белгиланган. Бордию ўша қилмиш одам ўлишига сабаб бўлса - муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Агарда шу қилмиш бир неча одамлар ўлимига, ҳалокатга ва бошқа оғир оқибатларга олиб келса, уни содир этган шахс муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиниши ва ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Албатта маст ҳолатда рулга ўтириб, йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари ҳаёти ва хавфсизлигини менсимаслик, охир-оқибатда эса ҳалокатли қилмиш содир этиш учун юқорида белгилаб қўйилган жазо чоралари «юмшоқ» ёки етарли эмасдек кўриниши табиий. Шу боис бундай ҳолатлар аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда ва ижтимоий тармоқлар орқали амалдаги қонунчиликни янада кучайтириш лозимлиги таъкидланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ Олий Мажлис Сенати қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга. Юқорида сўз бораётган йиғилишда эса Бош прокуратура, Адлия ва Ички ишлар вазирликлари ҳамда Ички ишлар вазирлиги Академияси томонидан тақдим этилган таклифлар асосида ишчи гуруҳ томонидан берилган таклифлар муҳокама қилинган. Жиноят кодексининг юқорида қайд этилган моддасида белгиланган ҳуқуқбузарликни транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахс ёхуд мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёхуд кишининг ақл-идрокига таъсир қилувчи бошқа моддалар таъсири остида бўлган шахс томонидан содир этилганда оғирроқ жазо чораларини қўллашни назарда тутувчи тегишли қонун лойиҳасини тайёрлаш учун масъул вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат таркибда ишчи гуруҳ шакллантириш масаласи кўриб чиқилган.
Сурия учун тарихий ҳафта
Ўтган ҳафта Жўлоний бошчилигидаги янги Сурия учун жуда жиддий синовли кунлар эди. Мазкур ҳафта эса Шом учун ўзига хос тарихий аҳамият касб этди. 6 март куни Латакияда бошланган Асад мансуб бўлган алавийларнинг исёни 10 март куни қирғин аломатлари билан бостирилди. Бу Дамашқдаги янги маъмурият учун баъзи саволларни келтириб чиқарган бўлсада, 10 март куни Суриянинг ўтиш даври президенти Аҳмад аш-Шара Латакия вилоятида юз берган инқироз муваффақиятли енгиб ўтилганини маълум қилди. Су жараёнлар фонида “North Press Syria” нашри хабарига кўра, айнан шу куни Сурия ўтиш даври ҳукумати мамлакатдаги курдлар билан келишувга эришган. Бу эса амалда мамлакатнинг 30%ини назорат қилиб келган Курд автоном маъмуриятининг янги Сурия ҳукумат таркибига интеграциясини англатади. Нашрнинг ёзишича, муваққат ҳукумат Суриянинг шимоли-шарқини назорат қилувчи “Сурия демократик кучлари” билан эришилган келишувга кўра, Курд автоном маъмуриятининг фуқаролик ва ҳарбий институтлари Сурия ҳукумати таркибига қўшилади. Шартномада Сурия шимоли-шарқидаги муайян объектлар, жумладан, чегара постлари, аэропорт ҳамда нефть ва газ конлари ҳам кўрсатиб ўтилган. Ушбу келишув эса 2025 йил охиригача амалга оширилиши режалаштирилган. Асад режими ағдарилгач, янги Сурия ҳукумати Аҳмад аш-Шара бошчилигида мамлакатда фаолият юритаётган қуролли гуруҳларни тарқатиб юборишга ва бутун ҳудуд устидан назорат ўрнатишга ҳаракат қилиб келаётганди.
Шундан кўп ўтмай, Суриянинг муваққат президенти Аҳмад аш-Шара беш йиллик ўтиш даври учун мўлжалланган вақтинчалик конституциявий декларацияни имзолади. Аҳмад аш-Шара ҳужжатни имзолаш асносида ушбу декларация “Сурия тарихининг янги босқичини бошлаб бериши”га умид билдирган. Декларацияда аввалги Сурия конституциясининг айрим моддаларини сақлаб қолиш назарда тутилган. Жумладан, мамлакат президенти мусулмон бўлиши шартлиги ва ислом ҳуқуқи республикадаги қонунчиликнинг асосий манбайи экани қайд этилган. BBC хабарига кўра, ҳужжатда ҳокимият тармоқларининг ажратилиши ва суд тизимининг мустақиллиги мустаҳкамланган. Шунингдек, аёллар ҳуқуқлари, фикр билдириш эркинлиги ва оммавий ахборот воситалари эркинлиги кафолатланади. Декларацияда Башар Асад режими даврида содир этилган жиноятлар учун суд жавобгарлигига тортиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Муваққат конституциявий декларация Сурия Халқ кенгаши яъни парламентга президентни лавозимидан четлатиш ёки унинг ваколатларини чеклаш ҳуқуқини беради. Бироқ “Al Jazeera”га кўра, бундай чора амалиётда қийин бўлиши мумкин, чунки парламентнинг учдан бир қисмини президентнинг ўзи тайинлайди, қолганлари эса у танлаган қўмита томонидан шакллантирилади.
“Савдо уруши”даги 3-фронт
Трампнинг “савдо уруши”да кўп ўтмай 3-фронт ҳам пайдо бўлди. АҚШ президентининг ташаббуси билан бошлаган бу уруш Европа Иттифоқини ҳам ўз домига тортди. Февраль ойининг охирида АҚШ Президенти Дональд Трамп Европа Иттифоқидан импорт қилинадиган товарлар, жумладан, автомобилларга 25 фоиз бож жорий этишини эълон қилган эди. Ўшанда АҚШ Президенти ЕИни АҚШга зарар етказиш мақсадида яратилган тузилма деб атаб, қитъа мамлакатлари аввалдан АҚШга нисбатан душманона муносабатда бўлганини таъкидлаганди. Орадан кўп ўтмай мазкур ҳафта, 12 март куни Қўшма Штатлар Европа Иттифоқи ва бошқа савдо ҳамкорларидан импорт қилинадиган пўлат, алюминий ҳамда айрим маҳсулотларга 25 фоизгача бўлган божлар жорий этди. АҚШ томонидан эълон қилинган ушбу янги тарифлар жорий йил апрель ойи ўрталарида кучга киради.
Бунга жавобан эса, Еврокомиссия қитъанинг бизнеси, ишчилари ва истеъмолчиларини ҳимоя қилиш учун қатор тадбирлар, хусусан, АҚШнинг асоссиз божхона тарифларига жавобан чора кўришини эълон қилди. Таъкидланишича, божлар саноат маҳсулотларига, жумладан, пўлат ва алюминий маҳсулотлари, маиший техника ҳамда хўжалик анжомларига жорий қилинади. Шунингдек, бу чоралар мол гўшти, денгиз маҳсулотлари, тухум, сут маҳсулотлари ва сабзавотлар каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳам қамраб олади.
Аммо Иттифоқ буни бирданига эмас, балки Канаданинг АҚШга қилган жавоб чоралари сингари босқичма-босқич амалга оширмоқчи. Жумладан, дастлаб, 1 апрелдан бошлаб АҚШнинг 8 миллиард евро қийматидаги маҳсулотларига жавоб тариқасида чекловлар жорий қилинади. Иккинчи босқич эса 13 апрель кунидан бошлаб амалда бўлади. Бу босқичда эса 18 миллиард евро қийматидаги маҳсулотларга нисбатан савдо чекловлари кучга киради. Натижада Евроиттифоқнинг жавоб чораларининг умумий ҳажми АҚШдан импорт қилинадиган 26 миллиард евро қийматидаги маҳсулотларни қамраб олади. Еврокомиссия баёнотига кўра, бу АҚШнинг янги божларидан етказилиши кутилаётган зарарга тенг миқдорни ташкил этади.