USAID’нинг қисқариши 14 млн одамнинг ўлимига сабаб бўлиши мумкин
Олам
−
01 Июль 3671 2 дақиқа
АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан амалга оширилаётган дастурларнинг молиялаштирилишини кескин қисқартириш 2030 йилгача дунё бўйлаб 14 миллион кишининг ҳаётига зомин бўлиши мумкин. Бу ҳақдаги тадқиқот “The Lancet” журналида эълон қилинди.
Тадқиқот муаллифларидан бири Барселона глобал Соғлиқни сақлаш институти профессори Дэвид Расселл бу жараённи сўнгги ўн йилликдаги “жаҳон соғлиқни сақлаш соҳасига энг оғир зарбалардан бири” деб атаган. Унинг таъкидлашича, молиявий қисқартиришлар ВИЧ/ОТВ, безгак ва нафас йўллари инфекцияларига қарши курашда эришилган ютуқларни йўққа чиқаради.
Ҳисоботга кўра, 2001-2021 йиллар оралиғида USAID томонидан молиялаштирилган дастурлар 92 миллион кишининг ўлимини олдини олишга хизмат қилган. Жумладан, бу даврда ОИВ/ОТВдан ўлим даражаси деярли учдан иккига камайган, шунингдек, безгак ва диарея каби касалликлар туфайли ўлим ҳолатлари камайган – биргина безгакка қарши курашда 31 миллион одамнинг ҳаёти сақлаб қолинган.
Маълумот учун, USAID 1961 йилда ташкил топган. 2025 йилда унинг чет эл ёрдами учун бюджети 42,8 миллиард долларни ташкил қилиши керак эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ҳукумати 2025 йилнинг 30 сентябригача USAID’нинг хориждаги барча офисларини ёпишини маълум қилган эди. Бу қарор 100 дан ортиқ мамлакатдаги юзлаб ходимлар, дипломатлар ва маҳаллий ишчиларга таъсир қилди.
USAID фаолияти тўхтатилиши ортидан АҚШ Давлат департаменти 2,9 миллиард долларлик бюджетга эга янги А1ОF жамғармасини ташкил этишини эълон қилди. Давлат котиби Марко Рубионинг сўзларига кўра, бу жамғарма халқаро инқирозларга тезкор жавоб бериш, Ҳиндистон ва Иордания каби муҳим ҳамкорлар билан ишлаш ҳамда Хитой каби геосиёсий рақибларга қарши стратегик чоралар кўришни мақсад қилган.
Live
Барчаси