“US Open” соврин жамғармаси $100 миллиондан ошган биринчи теннис турнири бўлди

Спорт

image

АҚШ очиқ чемпионати теннис тарихида мукофот жамғармаси 100 миллион доллардан ошадиган биринчи турнир бўлади. Бу ҳақда мусобақа матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2026 йилги “US Open” турнирининг умумий мукофот жамғармаси 108 миллион долларни ташкил этади.

Эркаклар ва аёллар ўртасидаги яккалик баҳсларида ғолиблар 5,5 миллион доллардан, финалчилар эса 2,8 миллион доллардан мукофот олади. Жуфтлик ва аралаш жуфтлик баҳсларида ғолибларга 1 миллион доллардан, финалчиларга эса 500 минг доллардан берилади. 

Теннисдаги энг катта соврин жамғармаси бўйича аввалги рекорди ҳам “US Open”га тегишли бўлиб, 2025 йилда мусобақанинг мукофот жамғармаси 90 миллион долларни ташкил этган эди. Қолган “Катта дубулға” турнирларида эса бу кўрсаткич ҳеч қачон 80 миллион доллардан ошмаган.

“US Open” мавсумнинг сўнгги “Катта дубулға” турнири ҳисобланади. Мусобақа қаттиқ қопламали кортларда ўтказилади ва жорий йилнинг 23 августдан 13 сентябрга қадар давом этади.

Маълумот учун, турнирнинг амалдаги чемпионлар – испаниялик Карлос Алкарас ва беларуслик Арина Соболенко ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дунёнинг 1-рақамли теннисчиси, беларуслик Арина Соболенко ҳамда 24 карра “Катта дубулға” ғолиби сербиялик Новак Жокович “US Open” мусобақасида аралаш жуфтлик баҳсларида бирга иштирок этиши ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг