Урушнинг шамолидан Украина қолиб, қўшнилар ваҳимага тушди. Сербия озиқ-овқат захирасини тўлдиряпти
Олам
−
12 Февраль 2022
14314Сербия Украинадаги инқироз туфайли зудлик билан озиқ-овқат ва нефть маҳсулотларини сотиб олишни бошлади. Республика аллақачон 10 минг тонна туз, 1000 тонна ловия ва нўхат буюртма қилган ҳамда 30 минг тонна ун сотиб олишни режалаштирган. Бу ҳақда мамлакат Президенти Александр Вучич маълум қилди.
“Бугун биз зудлик билан 10 минг тонна туз, минг тонна ловия ва яна шунча миқдорда нўхат буюртма қилдик. Агар вазият ёмонлашса, яна 30 минг тонна 500 турдаги унни оламиз, буғдойимиз етарли”, дейди давлат раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, мамлакат нефть маҳсулотларини захиралашни режалаштирмоқда, аммо бунинг учун маблағ топиш керак.
“Бутун дунё Россия ва Украина ўртасида нимадир бўлишини ҳаяжон билан кутаётганида, ҳеч ким ҳеч нарса бўлмаяпти, деб кўрсатиб бўлмайди”, деди Александр Вучич.
Аввалроқ, Сербия Президенти Россия ва АҚШ глобал инқирозга тинч йўл билан ечим топишига умид билдирган эди.
"Мен ишонаманки, руслар ва украинлар, яъни руслар ва америкаликлар биргаликда ечим топади ва бу ечим тинч йўл билан бўлади. Кейин мен ҳеч нарсадан қўрқмайман: на Сербиянинг келажаги учун, на Туркиянинг келажаги учун”, деган эди у.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ ва Россия Украина пойтахти Киевдаги барча дипломатларини эвакуация қилётгани ҳақида гаплар тарқалмоқда. Оммавий ахборот воситаларига кўра, айни вақтда Исроил дипломатларининг оилаларини Киевдан эвакуация қилган. Норвегия ўз фуқароларини Украинани тарк этишга чақирган. Бундан ташқари, Осло Украина билан чегарадан 250 километр узоқликда Россия ҳудудига бормасликни тавсия қилмоқда. Латвия Ташқи ишлар вазирлиги ўз фуқароларини имкон қадар тезроқ Украинани тарк этишга даъват этган. Британия Киевдан элчихона ходимларини олиб кетади, Лондон консуллик ёрдамини бошқа кўрсата олмаслигини билдирган. Вашингтон Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Украинадаги миссиясидан ўз кузатувчиларини чақириб олмоқчи.
Сўнгги пайтларда Ғарб мамлакатларида, шунингдек, Киевда Россиянинг Украинага бостириб кириши мумкинлиги ҳақида даъволар илгари сурилмоқда. Россия Президентининг Матбуот котиби Дмитрий Песков бундай маълумотни бўш ва асоссиз кескинликнинг кучайиши деб атади. Унинг таъкидлашича, Россия ҳеч кимга таҳдид солмайди. Шу билан бирга, у бундай баёнотларни оқлаш учун провокациялар бўлиши мумкинлигини истисно этмаган ва Украина жануби-шарқидаги инқирозни куч билан ҳал қилишга уринишлар энг оғир оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирган.
LiveБарчаси