Урушнинг охири кўриниб қолди, сурияликлар уйга қайтмоқда
Олам
−
13 Февраль 2020
7743Сўнгги кунларда Сурияда Ҳукумат армияси мамлакатнинг энг муҳим шаҳар ва автомагистралларни ўз назорати остига қайтариб олмоқда. Вайронага айланган шаҳарлар эса қайта тикланмоқда. Сурияликлар ҳам тинчлик шаббодасини ҳис қилишмоқда чоғи охирги кунларда ватанларига қайтиш ҳолатлари кўпаймоқда.
Ўтган кун давомида 844 қочқин Сурия Араб Республикасига хорижий давлатлар ҳудудларидан қайтиб келдилар. Ливандан Жайдет-Ябус, Телл-Калаҳ назорат-ўтказиш пунктлари орқали 251 киши (75 аёл, 128 бола), Иорданиядан Насиб назорат-ўтказиш пункти орқали 593 киши (178 аёл, 302 бола) ўз уйларига қайтдилар. Таъкидланишича, кун давомида умумий 1383 қочқин доимий яшаш жойларига қайтган.
Сурия Қуролли кучларининг муҳандислик бўлинмалари Дума, Жасим ва Эл-Харра аҳоли пунктларидаги ҳудудларни ва объектларни тозалаш вазифаларини бажарган. Бир кунда 2,2 гектар ер тозаланиб, 33 портловчи объект топилган ва йўқ қилинган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 29 январида М5 трассасидаги Маарет Нууман шаҳри озод қилинган эди. Кейин, 8 февраль куни Ҳукумат армияси М4 (Латакия - Ҳалаб) ва М5 (Дамашқ - Ҳалаб) халқаро йўналишларининг чорраҳасида жойлашган Саракиб шаҳрини эгаллашга муваффақ бўлди. 9 февраль куни Идлибнинг шарқидан келаётган қўшинлар Ҳалабнинг жанубидан келаётган қўшинлар билан бирлашди ва шу тариқа Сурия армияси М5 трассасини деярли тўлиқ назоратга олди.
Суриядаги қуролли можаро 2011 йилдан бери давом этмоқда. 2017 йил охирида ИШИД террорчилик гуруҳи устидан ғалаба эълон қилинди. Жангариларни йўқ қилиш мамлакатнинг айрим ҳудудларида давом этмоқда. Айни пайтда сиёсий ечим, Суриянинг тикланиши ва қочқинларнинг қайтарилиши биринчи ўринда туради.
Нуруллоҳ Шарипов