Уруш бошланди: Теҳрон вайронага айланмоқда (фоторепортаж)

Олам

image

Бугун, 28 февраль куни эрталаб Исроил ва АҚШ Эронга ҳужум қилди – Теҳрон, Исфаҳон (мамлакатнинг катталиги бўйича иккинчи шаҳри), шунингдек, ғарбдаги Кермоншоҳ провинциясидаги объектлар ўққа тутилди. Отишмалар бошланганидан кейин АҚШ Президенти Доналд Трамп видео мурожаат билан чиқиб, Эрон кучларини “қуролни ташлашга ёки муқаррар ўлимга дуч келишга” чақирди. Бинямин Нетаняху Исроил ҳаракатларининг асосий мақсади Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўймаслик эканини айтди. Эрон расмийлари “ҳалокатли” жавоб беришга ваъда берди ва Исроил ҳудудига (мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинган), шунингдек, бутун минтақадаги АҚШ ҳарбий базаларига зарбалар берди. Қуйида 28 февраль куни эрталаб Теҳронда олинган фотосуратлар келтирилган.

АҚШ–Исроил–Эрон уруши

Бугун, 28 февраль куни Исроил кутилмаган вақтда Эронга қарата ҳаводан зарбалар йўллади. Ушбу зарбалар Эроннинг муҳим объектлари – Президент қароргоҳи, давлат идоралари ва ядро иншоотларига теккани иддао қилинмоқда. Эроннинг “Mehr” ахборот агентлиги Теҳрондаги Эрон разведка биносига ҳам ҳужум қилинганини ёзган. Исроил томонидан старт берилган операция “Еҳуда қалқони” деб номланган. Дастлабки манбаларга кўра, Эронга ўттиздан ортиқ ракеталар йўлланган бўлиши мумкин.

Орадан бироз вақт ўтиб Исроил Мудофаа кучлари Эронга ҳужумни расман тасдиқлаган. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги Исроил фуқароларидан хавфсиз жойга яширинишни сўраган. Мамлакатда шошилинч равишда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Шу орада АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон бўйича операциялар ҳақида 8 дақиқалик баёнот берган ва унда Эронга қилинган ҳужумда АҚШнинг иштирок этганини тасдиқлаган. Унинг қайд этишича, Эронга қилинган ҳарбий опреациялар Америка халқини ҳимоя қилиш учун амалга оширилмоқда. У ўз баёнотида эронликларни амалдаги тузумни ағдаришга чақирган. Трамп Эрон ҳарбий хизматчиларига таслим бўлишни ва бунинг эвазига «иммунитет» олишни таклиф қилди ёки “муқаррар ўлим”ни танлашлари мумкинлигини айтган.

Қолаверса, барча воқеаларни бир четдан кузатиб турган Эрон собиқ валиаҳд шаҳзодаси Ризо Паҳлавий ҳам Эрон халқига мурожаат қилиб, мамлакат учун ҳал қилувчи лаҳзалар келганини таъкидлаган. Шунингдек, у бу сўнгги жанг эканини ва унфда Эрон халқи Ислом Республикаси тузуми устидан ғалаба қозонишини таъкидлаган.

Орадан кўп вақт ўтмай энди Эрон Исроил давлати ҳудудига қарата зарба йўллашни бошлади.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам ҳужумларни тасдиқлаб, баёнот берган. Унга кўра, Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши қўшма операцияси Эрон террор режими келтириб чиқараётган таҳдидни бартараф этишга қаратилган. Нетаньяху махсус мурожаатида сўнгги 47 йил давомида Эрон раҳбарияти Исроил ва АҚШга қарши очиқ таҳдидлар қилган ҳамда минтақада зўравонлик сиёсатини юритганини айтган. 


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ–Исроил–Эрон уруши

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг