Ўрмон ёнғинидан қутилган Туркия сув тошқинига дучор бўлди (видео)
Олам
−
12 Август 2021
15097Бир неча кун давом этган ўрмон ёнғинларидан, эндигина, халос бўлган Туркияда кучли ёмғирлар сув тошқинларини келтириб чиқарди. Бунинг оқибатида мамлакатнинг Қора денгиз соҳилидаги Кастамону вилоятида камида 4 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда мамлакатнинг Фавқулодда вазиятлар ва табиий офатлар бошқармаси (AFAD) хабар берди.
“Тўрт киши Кастамонудаги сув тошқинида ҳалок бўлди, бир киши Бартинда изсиз йўқолган”, дейилади идора хабарида.
Қайд этилишича, табиий офат ҳудудида қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.
Туркия олов ичида
Жорий йилнинг 28 июлида Туркияда ўрмон ёнғинлари бошланди. Ёнғин мамлакатнинг бир қанча вилоятларига тарқалган. Уларнинг ичида энг азият чеккани сайёҳлик вилояти — Aнталия бўлиб турибди. Бир неча кундан бери давом этаётган ёнғинлар оқибатида 9 киши ҳалок бўлган ва 864 дан ортиқ киши жароҳатланган. Туркия Президенти зарар кўрган ҳудудларни фалокат ҳудуди, деб эълон қилган.
Эслатиб ўтамиз, глобал иқлим ўзгариши ва дунёда ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши ортидан Туркия, Россия, АҚШ ҳамда Австралияда ўрмон ёнғинлари юзага келди. Бундан ташқари, Европанинг бир қатор давлатларида, жумладан, Германия, Бельгия, Чехия, Австрия, Нидерландия, Беларусь ҳамда Ҳиндистон ва Хитойда сув тошқинлари содир бўлди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15