Урганчда Ал-Хоразмий шаҳарчаси қурилиши бошланди

Жамият

image

Бугун, 29 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Урганч шаҳрида Ал-Хоразмий шаҳарчаси қурилиши пойдеворига капсула қўйди.

Шавкат Мирзиёев бу лойиҳа билан жорий йил мартда вилоятга сафари чоғида танишган, уни такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берган эди. Шулар асосида “пишитилган” лойиҳа ижобати бугунги хайрли кунларда – мустақиллик байрами арафасида бошланди.

Маросимда хоразмлик ёши улуғлар, аёллар, ёшлар иштирок этди. Президент улар билан мулоқот қилди.

“Бугунги замонавий илм-фаннинг, электрон кашфиётларнинг туб замини Ал-Хоразмий бобомизнинг мислсиз илмий мероси билан боғлиқ. Биз бу билан нафақат фахрланашимиз, балки унга муносиб бўлишимиз керак. Шунинг учун Урганч шаҳрида буюк олим номи билан аталадиган алоҳида шаҳарча барпо этишга қарор қилдик”, деди давлатимиз раҳбари.

Бу мажмуа Урганч халқаро аэропорти яқинида, 130 гектардан зиёд ҳудудда бунёд қилинади. Самолётдан тушган ҳар қандай одамнинг кўз ўнгида аввало мана шу гўзал маскан намоён бўлади. Шаҳарча марказида Хоразмийнинг муаззам ҳайкали ўрнатилади.

Асосийси, бу ерда Ал-Хоразмий номидаги янги университет барпо этилади. Унинг қошида истеъдодли болалар учун ихтисослашган мактаб қурилади. Уларда ўқиган ёшлар шаҳарчада бунёд этиладиган илм-фан, инновация ва маданият марказларида фаолият кўрсатиб, буюк олимнинг анъаналарини давом эттиради.

Шунингдек, бу ерда технопарк ва офислар, тиббиёт, инновация ва маданият марказлари, хиёбонлар, мактаб ва боғчалар, спорт мажмуалари, автотураргоҳ, савдо ва маиший бинолар бўлади. 5 мингта хонадонли 104 та кўп қаватли уй-жой барпо этилади. Иншоотлар “ақлли технологиялар” асосида жиҳозланади.

Давлат раҳбари мажмуа бунёдкорларини Мустақиллик байрами билан табриклаб, ушбу масъулиятли ва шарафли ишларида муваффақиятлар тилади.

Шундан сўнг Президент Хоразмга ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

92

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг