Урганч халқаро аэропорти модернизация қилинади
Жамият
−
14 Январь 2342 3 дақиқа
Хоразм вилоятидаги Урганч халқаро аэропорти модернизация қилинади. Иш доирасида унинг инфратузилмасини кенгайтириш, йўловчилар ва юкларга хизмат кўрсатиш сифатини, логистика имкониятларини ошириш орқали ҳудуднинг транспорт салоҳиятини янги босқичга олиб чиқиш кўзда тутилган. Бу ҳақда бугун, 14 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган туризм, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган қурилиш лойиҳалари тақдимотида сўз боради.
Қайд этилишича, мамлакат иқтисодий ўсишининг юқори суръатлари, давлатнинг фаол ташқи сиёсати туфайли халқаро ҳамкорлик кенгайиб, Ўзбекистон ишбилармонлик ва туризм марказига айланиб бораётгани инфратузилмани шунга мутаносиб ривожлантиришни тақозо этмоқда. Шу боис, замонавий транспорт тармоқлари, хизмат кўрсатиш объектлари ва жамоат биноларини барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тақдимотда турли ҳудудлардаги бунёдкорлик режалари кўриб чиқилган.
Жумладан, Хива шаҳрида Конгресс маркази ва тарихий-этнографик боғ барпо этилиши режалаштирилган. Бу иншоотлар шаҳарда йирик халқаро анжуманлар ўтказиш ва туристлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилади.
Қурилиши режалаштирилган Конфуций институти ва Лу Бань устахонасида маданий ва маърифий тадбирлар ўтказиш, ёшларни замонавий касбларга ўқитиш учун шароитлар яратилади.
Урганч халқаро аэропортини модернизация қилиш доирасида унинг инфратузилмасини кенгайтириш, йўловчилар ва юкларга хизмат кўрсатиш сифатини, логистика имкониятларини ошириш орқали ҳудуднинг транспорт салоҳиятини янги босқичга олиб чиқиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Урганч вокзалидан янгиланган аэропортга алоҳида темир йўл линияси тортилиши натижасида йўловчилар учун қулайлик янада ошади. Шунингдек, мавжуд Урганч–Хива автомобиль йўлини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ҳамда унга муқобил бўладиган янги автойўл қуриш режалари тақдимот қилинган.
Фарғона шаҳрида экспомарказ қуриш лойиҳаси ҳам муҳокама қилинган. Мазкур мажмуада халқаро кўргазмалар, бизнес форумлар ва йирик тадбирлар ўтказиш учун зарур шароитлар яратилиши, бу эса ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланган.
Шунингдек, Бурхониддин Марғилоний илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш лойиҳаси тақдимот қилинган. Марказда маънавий мерос ва илмий тадқиқотлар йўналишида халқаро даражадаги фаолиятни йўлга қўйиш, замонавий илмий мактаб шакллантириш кўзда тутилган.
Бухоро давлат университетинг янги замонавий кампусини барпо этиш бўйича таклифлар ҳам кўриб чиқилган. Университетда профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун қулай таълим ва илмий муҳит яратиш зарурлигига эътибор қаратилган.
Режалаштирилган лойиҳалардан бири – Тошкент шаҳрида замонавий бадиий гимнастика мажмуаси. Ушбу марказда ёшларнинг иқтидорини юзага чиқариш ва профессионал бадиий гимнастикачиларни тайёрлаш учун зарур шарт-шароитлар яратилади.
Президент лойиҳаларни амалга оширишда сифат, қулайлик ва замонавий талабларга қатъий риоя қилиш, шаҳарсозлик маданиятини юксалтириш ҳамда аҳоли эҳтиёжларини инобатга олиш муҳимлигини таъкидлаб, мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берган.
Live
Барчаси