“Унутмоқ осонмас сизларни...” – 2020 йилда кимлар бизни тарк этди?

Бу қизиқ

image

Ўтиб бораётган йил барча давлатлар қатори Ўзбекистон учун ҳам мушкулот ва йўқотишларга бой бўлди. Ўзбек халқи орасида ўз обрў ва ҳурматига эга бўлган бир қатор санъат, адабиёт ва сиёсат намоёндалари бу дунёни тарк этди. Йўқотишлар орасида барча учун ғойибона қадрдон бўлиб қолган эски таниш юзлар ҳам бор.

Хўш, 2020 йил ўзбек халқи орасидан қайси қадрдон юзларни олиб кетди? Қуйидаги мақолада ана шу персоналарни эслаймиз.

Аида Юнусова

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Аида Юнусова 21 январь куни ҳаётининг 72 йилида оғир касалликдан вафот этди. Аида Юнусова 1948 йилда Марғилонда туғилган. 1970 йилда Тошкент давлат театр ва рассомчилик институтининг драма ва кино театри факультетини тамомлаган. Талабалигининг охирги йилида у “Кўр ёмғири” фильмида бош ролга таклиф қилинган.

Актриса узоқ вақт давомида турли роллар ижро этган. Жумладан, “Ажойиб хаёлпараст”, “Чинор остидаги дуэль”, “Оловли йўллар”, “Олтин куз”, “Меҳригиё”, “Зулматни тарк этиб”, ”Карвон”, “Анор”, “Биринчи йўловчилар” картиналарида қатнашди.

Ғайбулла Ҳожиев

2020 йилнинг 26 февраль куни Ўзбек дубляжининг энг ёрқин вакилларидан бири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ғайбулла Ҳожиев 64 ёшида оламдан ўтди. 

Актёр шоир Азим Суюннинг “Сарбадорлар” асарида Абу Бакр Калавий, Абдулла Ориповнинг “Соҳибқирон” асарида Хожа Аҳмад Яссавий, Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” спектаклида Солиҳ махдум, Иброҳим Содиқовнинг “Афандининг беш хотини” спектаклида Афанди, Ҳайитмат Расулнинг “Пири коинот” спектаклида Аҳмад Фарғоний, Шекспирнинг “Қирол Лир” асарида граф Глостер, Александр Косанонинг “Етти фарёд” спектаклида Сабало каби ўнлаб ранг-баранг роллар ижро этган.

Оғир хасталик туфайли театрдан кетишга мажбур бўлган. Аммо, ижоддан тўхтамай, турли теле ва радио лойиҳаларда мунтазам иштирок этган.

Ғайбулла Ҳожиев “Уқубат”, “Шаббона”, “Умид”, “Оқпадар” каби кўплаб фильмларда турли ролларни ижро этган, Актёр “Шайтанат” телесериалида Аҳмадбей ролини ўйнаган.

Азим Суюн

Жорий йилнинг 9 март куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Азим Суюн 72 ёшида оламдан ўтди. Азим Суюн 1948 йил 22 февралда Самарқанд вилояти Нурота тизма тоғлари этагига жойлашган Қудуқча қишлоғида туғилган. Накурт қишлоғида Суюн бобоси тарбиясида ўсиб, улғайди. Унинг отаси Олим саводхон бўлганига қарамай, “қулоқ”нинғ ўғли бўлгани учун қўлига чўпонлик таёғини олишга мажбур бўлган. Ёш Азим чўпон отаси кетида юриб, табиат сирлари билан ошно тутинган. Шу нарса бўлғуси шоирнинг шаклланишига таъсир ўтказган.

Шоирнинг “Менинг осмоним” (1978), “Зарб” (1979), “Замин тақдири” (1981), “Хаёлот” (1984), “Зиё йўли” (1986), “Жазо” (1987), “Олис тонглар” (1989), “Куйганим – суйганим” (1994), “Қора кўзинг сенинг” (1994), “Сарбадорлар” (1994) тўпламлари нашр қилинган. 

Ойбарчин Бакирова

Ушбу йилнинг яна бир йўқотиши 20 март куни Ўзбекистон халқ артисти Ойбарчин Бакирова вафот этиши бўлди. Ойбарчин Бакирова 1950 йил 27 июнда Андижонда таниқли ўзбек актёри Аббос Бакиров оиласида туғилган. 1971 йил Тошкент театр ва рассомлик институтини тамомлаган. 

Актриса ўз фаолиятини 1971 йилда “Ўзбекфилм” киностудиясида бошлаган. У кўпчиликка таниш бўлган “Еттинчи жин”, “Тангалик болалар”, “Водиллик келин”, “Армон”, “Ўйин” ва “Фарзандим” каби ўнлаб фильмларда турли образларни яратган. Ойбарчин Бакирова томошабинларга нафақат киноактриса балки дубляж соҳасидаги фаолияти орқали ҳам жуда яхши таниш. Актриса бугунгача юздан ошиқ кино ва мултфилм қаҳрамонларига овоз берган.

Ўзбекистон халқ шоири, таниқли болалар адиби Анвар Обиджон 11 апрель куни 73 ёшида вафот этди. Ушбу воқеа ўзбек адабиёти учун катта йўқотиш бўлди. Анвар Обиджон 1947 йил 25 январда Фарғона вилояти Олтиариқ туманининг Полосон қишлоғида туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тамомлаган. Ёзувчи ўзбек болалар адабиётининг забардаст вакили саналади. Ундан болалар учун мўлжалланган ўнлаб шеърий ва насрий асарлар, қисса ва достонлар қолди. 

“Она ер”, “Баҳромнинг ҳикоялари”, “Оловжон ва унинг дўстлари”, “Эй, ёруғ дунё”, “Безгакшамол”, “Аламазон ва Гулмат”, “Масхарабоз бола“, “Жуда қизиқ воқеа”, “Ерликлар”, “Олтин юракли автобола”, “Даҳшатли Мешполвон”  каби шеърий ва насрий асарлар, “Қўнғироқли ёлғончи”, “Топсанг ҳай-ҳай”, “Қоринботир”, “Тўтиқул” каби пьесалар шулар жумласидан.

Равшан Йўлдошев

“Tarona records” компанияси таъсисчиси, шоу-бизнесда таниқли бўлган тадбиркор Равшан Йўлдошев 30 март куни кечқурун Тошкентда вафот этди. Унинг юрак хуружидан оламдан ўтгани айтилди.

Равшан Йўлдошев 1961 йили 2 апрелда туғилган. Фаолияти давомида “Tarona records” лейбелини ташкил этиб, санъаткорлар орасида ном қозонган эди.

Анвар Обиджон

Жорий йилнинг 11 апрель куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати нохуш бир хабар тарқатди. У Ўзбекистон халқ шоири, севимли болалар адиби, ўзбек адабиётининг кўзга кўринган намояндаларидан бири Анвар Обиджон 73 ёшида ҳаётдан кўз юмгани ҳақида.

Анвар Обиджон 1947 йил 8 январда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги Полосон қишлоғида туғилган.

У “Она ер“, “Эй, Ёруғ дунё“, “Оловжон ва унинг дўстлари“, “Безгакшамол“, “Аканг қарағай Гулмат“, “Масхарабоз бола“, “Жуда қизиқ воқеа“, “Ерликлар“, “Мешполвоннинг жанглари“, “Аламазон ва Гулмат ҳангомаси“, “Ажойибхона“, “Олтиариқ ҳангомалари“, “Одобли бўлиш осонми?“, “Танланган шеърлар“, “Ўғирланган паҳлавон“, “Баҳромнинг ҳикояси“ каби достон, қиссалар, шеърлар, пьесалар ва ҳажвий асарлардан иборат тўпламлар муаллифидир.

Ҳошим Арслонов

Жорий йилнинг 29 май куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, дубляж устаси, таниқли актёр Ҳошим Арслонов 64 ёшида оламдан ўтди. Ҳошим Арслонов 1956 йил 1 Август куни Чуст шаҳрида туғилган. 1977 йилда Тошкент театр ва рассомчилик санъати институтини тугатган. 1977 йилдан 2017 йилгача Ўзбекистон Давлат драма театрида фаолият юритган.

Фаолияти давомида турли спектакллар, фильм ва сериалларда турли ролларни ижро этган. “Уйғониш”, “Марғиёна”, “Отамдан қолган далалар”, “Алпомиш”, ”Хўжа Насриддин: ўйин бошланди”, “Апрель-Май”, “Чавандоз”, “Сўзсиз севги”, “Динозавр қолдирган из”, “Ёрим-беозорим”, “Ҳақиқат куни”, “Қасос”, “Менинг акам бўйдоқ”, “Сўнгги қўнғироқ”, “Сингилгинам”, “Хиёнат”, “Энди дадам бўйдоқ”, “Ижарачилар” кабилар шулар жумласидандир.

Бекжон Тошмуҳамедов

25 июнда Ўзбекистон илм-фани оғир жудоликка учради. Таниқли олим, биофизика фанининг Ўзбекистондаги асосчиларидан бири, академик Бекжон Тошмуҳамедов 85 ёшида вафот этди.

Бекжон Тошмуҳамедов биофизика, ҳужайра физиологияси ва табиатни муҳофаза қилиш бўйича йирик тадқиқотчи сифатида танилган олим эди.

Бекжон Тошмуҳамедов АҚШ, Англия, Германия, Франция, Швеция, Дания каби мамлакатларнинг бир неча халқаро илмий марказ ва академияларининг фахрий аъзоси эди.

Олим вафоти муносабати билан давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам таъзия билдирди.

Маҳмуджон Тожибоев

Мақом илми ва санъатини пухта эгаллаган ижодкор, Ўзбекистон халқ ҳофизи, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори, Ўзбек миллий мақом санъати маркази илмий ходими Маҳмуджон Тожибоев жорий йилнинг 11 июль куни 63 ёшида оламдан ўтди.

Маҳмуджон Тожибоев 1957 йилда Фарғона вилояти Қува туманида туғилган.

Ижодкор репертуаридан Шашмақом (“Сарахбори Наво”, “Сарахбори Дугоҳ”, “Мўғулчаи Сегоҳ”, “Наврўзи Сабо”, “Нимчўпоний” ва бошқалар) ва Фарғона-Тошкент мақом йўллари (“Дугоҳ”, “Чоргоҳ”, “Ушшоқ”, “Шаҳнози Гулёр”, “Баёт” ва бошқалар), катта ашула (“Ёввойи Чоргоҳ”, “Ёлғиз”, “Эй дилбари жононим” каби), мумтоз (“Топмадим”, “Асирий” ва “Лдоий”, “Чорзарб”, ”Бозургоний”) ўрин олган.

Марҳум Маҳмуджон Тожибоев шоирнафас ҳофиз сифатида ижро услуби вазминлиги, лирикага мойиллиги, овоз ва чолғу мутаносиблиги билан ажралиб турган.

Абдураим Абдуваҳобов

14 июль куни халқимиз яна бир нохуш хабар эшитди, шу кунда у ўзининг севимли фарзанди, эрка “шум бола”сидан айрилди. Ўзбек миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдураим Абдуваҳобов 57 ёшида вафот этди.

Абдураим Абдуваҳобов 1963 йил 8 август куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Марҳум актёр томошабинлар ёдида “Шумбола”, “Суюнчи”, “Муҳаббат синовлари”, “18-квадрад”, “Фирибгар”, “Осий банда”, “Пойга”, “Бевалар”, “Сўнгги нафасимгача”, “Шайтанат”, “Назира” каби фильм ва сериаллардаги ҳамда ўнлаб спектакллардаги ажойиб роллари билан абадий муҳрланиб қолди.

Руслан Шарипов

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, таниқли мусиқачи ва бастакор Руслан Шарипов 28 июль куни 54 ёшида вафот этди. Унинг вафотига инсульт касаллиги сабаб бўлди.

Руслан Шарипов 1966 йил 10 центябр куни Самарқанд шаҳрида туғилган. У фақатгина қўшиқчи эмас, мусиқачи ва бастакор ҳам бўлган. Иқтидорли ижодкор “Болалар”, “Сетора”, “Байт” каби машҳур гуруҳларни ташкил қилган. 1980 йиллар охири 1990 йиллар бошида ўзбек эстрадасининг ривожланиши Руслан Шарипов номи билан боғлиқ. У кўп йиллар “Тарона” компаниясида ҳам фаолият юритган. Руслан Шарипов Наргиз Зокированинг собиқ турмуш ўртоғи эди. 

Шукрулло

19 июль куни Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло домла оламдан ўтди.

Унинг қарийб саксон йиллик ижодий фаолияти давомида яратилган “Ҳаёт илҳомлари”, “Умрим борича”, “Инсон ва яхшилик”, “Зарралар”, “Инсон – инсон учун”, “Суянчиқ”, “Яшагим келади”, “Сенинг бахтинг”, “Баҳор совғаси”, “Юлдузлар” каби шеърий тўпламлари, “Чоллар”, “Икки қоя”, “26-тоготар” достонлари, “Жавоҳирлар сандиғи” насрий китоби адабиётимиз хазинасидан мустаҳкам ўрин эгаллади. Эркка ташна, мутеликдан нари шоир ўзбек китобхонлари қалбидан чуқур жой эгаллаган, асарлари орқали адабиётда ўзига тириклайин ҳайкал қўя олган ижодкор  эди.

Адиб ўтган асрнинг эллигинчи йиллари бошида бир гуруҳ зиёлиларимиз қаторида сиёсий қатағонга учради. Кейинчалик номи ва ижоди тўла оқланиб, адабиётимиз ривожи йўлида фаол ижод қилди. Ёзувчи “Кафансиз кўмилганлар” романида ана шу даврда халқимиз бошига тушган оғир синов ва адолатсизликларни ҳаётий мисоллар асосида ҳаққоний тасвирлади.

Президент Шавкат Мирзиёев шоир вафоти муносабати билан таъзия билдирди.

Муса Ерниязев 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов коронавирусга чалиниш оқибатида 31 июль куни 73 ёшида вафот этди. 

Муса Ерниязов коронавирусга чалингани ҳақида июль ойи бошида хабар тарқалганди. 18 июль куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги у Нукус шаҳрида коронавирусдан даволанаётганини тасдиқлади., 30 июль куни Коронавирусга қарши курашиш штаби Ерниязовнинг аҳволи оғирлиги, у ўпканинг сунъий вентиляцияси аппаратига улангани ҳақида маълум қилганди.

Муса Ерниязов 1947 йил 20 декабрда Кегейли туманида туғилган. 1971 йили Тошкент қишлоқ хўжалигини ирригациялаш ва механизациялаш муҳандислари институти, 1986 йили Тошкент олий партия мактабларини битирган. 2019 йил “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган.

Карим Камолов

2 август куни Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов коронавирусдан вафот этди. 

Карим Камолов коронавирусга чалингани жорий йилнинг 30 июль куни маълум бўлганди. У Тошкентдаги шифохонада даволанаётганди.

Ижтимоий тармоқларда Камолов шифохонада даволанаётган вақтида вафот этгани ҳақида хабар тарқалганди. Аммо кейинроқ бу маълумот ўз тасдиғини топмади.

Маълумот учун, Карим Камолов жорий йилнинг 29 февраль куни вилоят ҳокими этиб тайинланганди.

Дилбар Икромова

“Сотти” образи билан ўзбек халқинигн меҳрини қозонган Ўзбекистон халқ артисти Дилбар Икромова 25 август куни оғир хасталикдан 73 ёшида оламдан ўтди. Актриса коронавирус-пневмония хасталигидан даволанаётган эди.

Дилбар Икромова “Келинлар қўзғалони”, “Чимилдиқ”, “Дев билан пакана”, “Девона”, “Афғон“, “Ойқиз эртаги” каби жуда кўплаб фильмларда бир-биридан қизиқарли бўлган турли ролларни маҳорат билан ижро этган.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, Дилбар Икромова “Келинлар қўзғалони” фильмидаги Сотти роли билан барчанинг қалбидан чуқур жой эгаллаган.

Фатҳулла Маъсудов

Жорий йилнинг 30 август куни Ўзбек миллий академик драма театри директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатҳулла Маъсудов 57 ёшида вафот этди. Фатҳулла Маъсудов 1963 йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1980-1984 йилларда Тошкент театр ва рассомлик санъати институти талабаси бўлган. 1986-1988 йилларда Ўзбек давлат академик драма театри режиссёр ёрдамчиси, 1988 йилдан эса актёр сифатида фаолият кўрсатган. 2015 йилдан Ўзбек Миллий академик драма театри директори лавозимида ишларди. 1999 йили “Шуҳрат” медалига сазовор бўлган.

Асил Рашидов

16 сентябрь куни Ўзбекистон олий таълим тизими ҳамда ўзбек адабиёти ҳам оғир жудоликни бошдан кечирди. Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, таниқли педагог олим, адабиётшунос ва таржимон Асил Рашидов шу йил 15 сентябрь куни 90 ёшида вафот этди.

Асил Рашидов 1930 йили Жиззах туманининг Совунгарлик қишлоғида туғилди.

Марҳум олим ўз фаолияти давомида "Инсон ва меҳнат мадҳи", “Сўнмас юлдузлар”, “Асрга тенгдош мактаб”, “Леся Украинка”, “Чиниқиш мактаби” сингари кўплаб илмий-оммабоп асарлар яратди.

Асил Рашидов бадиий таржима соҳасида ўзига хос ижодий мактаб яратган ҳассос сўз санъаткори эди. У машҳур қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг “Юзма-юз”, “Жамила”, “Бўтакўз”, “Сарвқомат дилбарим”, “Алвидо, Гулсари!”, “Сомон йўли”, “Оқ кема”, “Эрта келган турналар”, “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар”, “Асрни қаритган кун” сингари бетакрор асарларини ўзбек тилига беқиёс маҳорат билан ўгирган.

Ўктам Барноев

Давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Ўктам Барноев 20 сентябрда 56 ёшида вафот этди.

Ўктам Барноев 1964 йилда туғилган. У 1997—2000 йилларда Бухоро вилояти Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғининг иқтисодиёт ва ислоҳотлар масалалари бўйича ўринбосари сифатида ишлаган. 2000—2002 йилларда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимида раҳбар лавозимларда фаолият олиб борган.

2002—2004 йилларда Вазирлар Маҳкамасининг агросаноат мажмуасида етакчи мутахассис, 2004—2005 йилларда ҳукуматнинг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ахборот-таҳлил департаменти мудири, 2005—2007 йилларда Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва халқ истеъмоли маҳсулотлари ахборот-таҳлил департаменти мудири лавозимларида ишлаган.

Шунингдек, 2007—2008 йилларда қишлоқ ва сув хўжалиги вазири биринчи ўринбосари, 2008—2010 йилларда Самарқанд вилояти ҳокими, 2011—2016 йилларда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Республика сув инспекцияси бошлиғи, 2016 йилда “Ўзагрокимё” компанияси бошқаруви раиси лавозимларида фаолият олиб борган. У 2016 йил декабридан 2020 йил 28 февралигача Бухоро вилоятига ҳокимлик бўлган. 2020 йил февраль ойи охирида Бош вазир ўринбосари этиб тайинланганди.

Шуҳрат Қаюмов

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шуҳрат Қаюмов 22 сентябрь куни 51 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Хонанда ва сухандон Шуҳрат Қаюмов 1969 йилда Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида таваллуд топган. 1991 йилда Ўзбекистон давлат санъат институтини тамомлаган.

Шуҳрат Қаюмов узоқ йиллар “Ўзбекистон” телерадиоканалида “Ассалом Ўзбекистон”, “Оҳанграбо” каби кўрсатувларини тайёрлаган.

Шомурод Бахши

Шу йилнинг 24 сентябр куни Ўзбекистон халқ бахшиси Махманов Шомурод Тоғаевич (Шомурод Бахши) вафот этгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Махманов Шомурод Тоғаевич 1932 йил 3 март куни Қашқадарё вилояти Чироқчи туманининг Араббанди қишлоғида таваллуд топган.

2000 йил “Ўзбекистон халқ бахшиси” унвони билан тақдирланган.

Ўзбекистон халқ бахшиси Махманов Шомурод Тоғаевич 88 ёшида вафот этди.

Саъдулла Ҳакимов

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов 2020 йилнинг 11 октябрь куни вафот этди.

Марҳум С. Ҳакимов 1951 йил 25 мартда Жиззах вилоятининг Фориш туманида туғилган.

Саъдулла Ҳаккимов “Маърифат” газетаси бош муҳаррири, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Ахборот маркази раҳбарининг ўринбосари, раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жамоатчилик билан алоқалар бўйича Давлат маслаҳатчиси ўринбосари, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг ўринбосари, "Туркистон-пресс" нодавлат ахборот агентлиги бош директори, "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетаси бош муҳаррири каби бир қанча лавозимларда ишлаган.

Марҳум 2016 йилнинг 29 декабридан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси лавозимида ишлаётган эди.

Шайх Алоуддин Мансур

1

13 октябрь куни йирик дин уламоси Шайх Алоуддин Мансур 68 ёшида бу дунёни тарк этди. 

Шайх Алоуддин Мансур 1952 йилда Қирғизистоннинг Ўш вилоятининг Қорасув шаҳрида туғилган.

Шайх Алоуддин Мансур ҳазратлари Қуръони карим маъноларининг ўзбекча изоҳли таржимасини тайёрлашдек улкан вазифани шараф билан адо этган этди. Ушбу китоб 1991-1993 йилларда “Шарқ юлдузи” журналида, кейин Ғафур Ғулом ва “Чўлпон” нашриётларида чоп этилган эди.

Эврил Турон – Мамадали Маҳмудов

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва “Ижод” жамоат фонди жамоаси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи Эврил Турон – Мамадали Маҳмудов вафот этди. 

У Жиззах вилояти, Фориш туманида туғилган. 80 ёшни қаршилаган Эврил Турон – Мамадали Маҳмудовнинг вафоти сабаблари маълум эмас. 

Мамадали Маҳмудов умрининг 17 йилини қамоқда ўтказган. Ёзувчи 2017 йилнинг апрель ойида озодликка чиқарилган. 2018 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қайта тикланганди. 

Мамадали Маҳмудовнинг асарлари Россия, Украина, Туркия, Германия, АҚШ, Франция, Англия ва бошқа мамлакатларда чоп этилган ва нашр қилинмоқда. Мамадали Маҳмудов Чўлпон ва халқаро Хилман мукофотлари лауреати бўлган.

Омон Матжон

1

2020 йилнинг 28 октябридан 29 октябрига ўтар кечаси Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ўзбек адабиётининг яна бир азим чинори қулади. Шоир Омон Матжон 77 ёшида Тошкент шаҳрида вафот этди.

Омон Матжон 1943 йили Хоразм вилоятининг Гурлан туманида таваллуд топган.

Шоирнинг “Очиқ деразалар”, “Карвон қўнғироғи”, “Қуёш соати”, “Драматик достонлар”, “Ёнаётган дарахт”, “Ярадор чақмоқ”, “Ҳаққуш қичқириғи”, “Сени яхши кўраман”, “Дарахтлар ва гиёҳлар”, “Минг бир ёғду”, “Ўртамизда биргина олма”, “Одамнинг сояси қуёшга тушди”, “Қуш йўли”, “Иймон ёғдуси”, “Дийдор азиз”, “Халоскор руҳ” каби йигирмага яқин шеърий тўплами, “Тўрабекахоним” насрий қиссаси ва “Нажмиддин Кубро”, “Ардахива” бадиалари чоп қилинди.

Шоирнинг “Аму”, “Ойбек”, “Шуълалардан ҳайратланиш”, “Она деган сўз”, “Турналар”, “Мезон”, “Чорлов”, “Ўн учинчи эшик”, “Умримиз ҳақида” каби шеърлари замонавий ўзбек шеъриятининг энг яхши намуналаридандир.

Андрей Кубатин

Тарихчи, шарқшунос олим Андрей Кубатин, 29 октябрь куни коронавирус асоратларидан вафот этди.

Андрей Кубатин 2019 йилнинг декабр ойидан буён Ўзбекистон Фанлар академияси миллий археология марказида фаолият юритиб келаётган эди.

Олим туркий халқлар тарихига оид учта монография ва саксондан ортиқ илмий мақолалар муаллифи. Шунингдек, Ўзбекистон ва туркийлар тарихини ўрганишда катта ҳисса қўшган жамоат вакилларидан бири ҳисобланади.

Убайдулла Уватов

Таниқли олим, тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов шу йилнинг 3 ноябрь куни вафот этди.

Олимнинг хизматлари ҳукуматимиз томонидан муносиб қадрланиб, "Меҳнат шуҳрати" ордени ва "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси" фахрий унвони билан тақдирланган.

Жорий йилнинг 22 февралида эса Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Убайдулла Муродович Уватовни “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан мукофотлаш тўғрисидаги Фармони қабул қилинган эди.

Клара Жалилова 

1

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Клара Жалилова 20 ноябрь куни 82 ёшида вафот этди. 

“Дўстлик” ордени соҳибаси Клара Жалилова 1937 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Актриса фаолиятини қўшиқчиликдан бошлаган. 1958 йилда суратга олинган "Мафтунингман" фильмидаги бош қаҳрамон — Юлдузхон образи актрисага оламшумул машҳурлик олиб келган.

Актриса "Мафтунингман", "Келинлар қўзғолони", "Чинор тагидаги дуэл", "Темир хотин", "Темир эркак", “Ниқоб” каби фильмларда ўзга хос ролларни ижро этган.  Айниқса, “Мафтунингман” фильмидаги роли ўзбек халқининг юрагидан жой олган.

Тўра Мирзаев

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тўра Мирзаев 29 сентябрь куни оламдан ўтди.

Тўра Мирзаев – 1936 йил 6 мартда Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилган. У ўзбек филологиясининг атоқли намояндаларидан бири, халқ оғзаки бадиий ижодиётини кенг кўламда тадқиқ этишдан иборат фундаментал илмий мактабга асос солган улкан фан ташкилотчиси, эпосшуносликнинг кўплаб назарий масалаларини жаҳоншумул даражада ҳал қилган йирик фольклоршунос олим эди.


Мақола муаллифи

Теглар

йил йўқотишлари

Баҳолаганлар

1190

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар