UNICEF Ўзбекистонда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган қонунни олқишлади
Жамият
−
10:38 388 2 дақиқа
UNICEF’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Жоффри Ижумба болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун имзоланганини олқишлаб, унинг аҳамияти ҳақида фикр билдирди.
“Болаларга нисбатан зўравонликка йўл қўйиб бўлмайди. Ҳар бир бола хавфсиз муҳитда, қадр-қиммати ҳурмат қилинган ва ҳуқуқлари ҳимояланган ҳолда вояга етиш ҳуқуқига эга”, дейди у.
Жоффри Ижумбанинг айтишича, қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган болаларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, таълим муассасаларида жавобгарлик чораларини кучайтириш орқали болалар ҳимоясини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, Barnahus модели асосида ташкил этилган “Нажот” марказининг яқин орада очилиши зўравонликдан жабрланган болаларга мувофиқлаштирилган, уларнинг эҳтиёжларига мос ёрдам кўрсатиш йўлидаги муҳим қадам сифатида қайд этилган. UNICEF ислоҳотларни амалиётга самарали татбиқ этиш учун давлат идоралари, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14 октябрь куни Президент “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолаган эди. Унга кўра, Ўзбекистонда 14 ёшга тўлмаган болага нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод қамоқ жазоси тайинланади. Боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан жиноят содир этганларга шартли ҳукм қўлланилмайди. Шунингдек, бундай жиноятлар учун жазони муддатидан илгари шартли озод қилиш имконияти ҳам чекланади. Жинсий зўравонлик қурбони бўлган болаларга давлат ҳисобидан адвокат ажратилади.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь