Умурзоқовнинг вазирлигига янги ваколат берилади
Жамият
−
26 Май 2022
10583Энди эркин иқтисодий зоналарда амалга ошириладиган лойиҳаларни экспертиза қилиш ваколати Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига ўтказилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 26 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида таъкидлади.
Мирзиёевга кўра, саноат зоналарига лойиҳани жойлаштириш тартиби қайта кўриб чиқилиб, бюрократиядан холи янги тизим яратилади.
Бунда эркин иқтисодий зоналарда амалга ошириладиган лойиҳаларни экспертиза қилиш ваколати Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига ўтказилади. Саноат зоналари бўйича маъмурий кенгашлар тугатилиб, уларнинг ваколатлари ҳам Инвестициялар вазирлигига берилади.
Шунингдек, саноат зоналари иштирокчиларига имтиёзларни қўллаш учун Лойиҳаларни ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш марказининг хулосасини олиш тартиби бекор қилинади. Бундан буён назоратни Давлат божхона қўмитаси амалга оширади.
Саноат зоналаридаги ерлар аукционга дирекциялар томонидан чиқарилади (ҳозирда ҳокимлик томонидан аукционга қўйилади). Инвестиция мажбуриятлари тўлиқ бажарилганидан кейин кичик саноат зоналаридаги объектларни хусусийлаштиришга рухсат берилади.
Буларнинг ҳисобига, саноат зоналарига лойиҳаларни жойлаштириш жараёнидаги босқичлар амалдаги 5 тадан 2 тага камаяди, сарф қилинадиган вақт 3 ойдан 1 ойгача қисқаради.
LiveБарчаси